Наманганда 35 кунлик чақалоқ савдоси жинояти туғруқхонада содир этилмаганлиги аниқланди

Шу кунларда ижтимоий тармоқлар ва телеканалларда Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи М.Т. 35 кунлик чақалоғини сотгани, унга бу ишда Учқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими собиқ мудираси Н.Т. ёрдам бергани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда.
 
 
Ушбу ҳолат юзасидан Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Учқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси ўрганиш ўтказди. Бу ҳақда бошқарма  ахборот хизмати маълум қилди.
Унда маълум бўлишича, янгиқўрғонлик М.Т. Учқўрғон тумани Қўғай қишлоғида жойлашган туғруқхонада 2019 йил 31 октябрь куни эрталаб соат 6.30 да ўғил фарзанд туққан. 1 ноябрь куни чақалоқ гепатит В га қарши эмланган. 5 ноябрда эса БЦЖ вакцинаси қилинган.
Она ва боланинг саломатлиги яхши бўлгани сабабли 2019 йил 6 ноябрь куни она фарзанди билан шифохонадан уйига кетган. Туғруқ мажмуасининг келиш-кетишни қайд этиш дафтарига чақалоқнинг туғилганлик гувоҳномаси кичик рақами №4350, катта рақами 0021962 билан қайд этилган. Чақалоққа Ғуломжон деб исм қўйилган.
Орадан 30 кун ўтиб чақалоқ савдоси билан боғлиқ мазкур жиноят содир этилган. Лекин ушбу келишув тиббиёт муассасаси ҳудудида бўлган эмас. Айни пайтда бу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари суриштирув ишларини олиб боришмоқда.

Биз Twitterда