Мухтор Худойқулов - Ўзбек журналистларининг отаси

Мухтор Худойқулов...Назаримда, биз ўрта ёшдаги журналистлар ҳам у кишининг иккинчи ёки учинчи авлод ўқувчилари бўлсак керак. Демоқчиманки, Худойқулов жуда кўп дарёларнинг сувини ичган одам. Биринчи курсда Мухтор ака муаллифлигида ёзилган "Журналистикага кириш"ни ўқишга "мажбур" бўлганмиз. Негаки, ростанам ўша рисола бизни қайсидир маънода соҳага "олиб кирган", соҳага кирмасдан эса унинг сир-асрорларини ўрганиб бўлмас...

 
Мухтор Худойқулов ҳажвиялари, масаллари кириб бормаган хонадонни топиш мушкул. Яна бир ҳалоллик шундаки, ёзарман ёзажак соҳасини юрагидан ўтказса рост ёзади. Бу ёзилмаган қоида! Шу маънода бир муддат Мухтор аканинг киракашлар ҳаётидан ёза бошлагани эсимизда ва қизиғи, у шу воқеаларни ҳаётдан, янаям аниқроғи ўз ҳаётидан реал қилиб ёзган. Шу боис ҳам минглаб такси қилиб тирикчилик қиладиган юртдошларимизнинг дилидан ўтадиган кўп муаммолар ҳақида хабардор ҳам бўлганмиз. Қаранг, 50 дан ортиқ китоб, дарсликлар муаллифи, яна денг, шу навқирон 84 ёшларида ҳам Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг садоқатли, фаол профессори... Булар ҳам ҳали ҳаммаси эмас.
 
 
Ижтимоий тармоқлардаги энг долзарб масалаларга алоҳида нуқтаи назари билан қатнашиб, жамият ҳаётига чин маънода дахлдорлик ҳисси билан яшаётган инсон! Бугун навқирон университетга бир юмуш билан борсам, ажойиб бир тадбирнинг устидан чиқиб қолдим. Шерзодхон Тожиддиновичнинг таклифи билан унда бажонидил иштирок этдим ҳам. Тадбирда "Нуроний" жамғармаси раиси Содиқжон Турдиев, у кишининг ўринбосарлари ҳозир бўлдилар ва касб байрами олдидан устоз Мухтор Худойқуловга "Нуроний" жамғармасининг биринчи даражали кўкрак нишони топширилди ! Энди Мухтор аканинг хонадони дарвозасига "Бу уйда Ўзбекистоннинг энг ҳурматли нуронийларидан бири, юзлаб шогирдларига меҳр билан тарбия берган устоз Мухтор Худойқулов истиқомат қилади", деган ёзув туради. Нақадар ёқимли!
 
 
Ахир бу ҳукумат даражасида халққа хизмати сингган ҳақиқий нуронийларга тақдим этиладиган нуфузли мукофот саналади. Бу тадбир одамни таъсирлантириб юборди. Ҳамма ҳам дунёда бир из, бир эзгу ном қолдиришни ўйлаб яшайди. Инсоннинг меҳнатлари эртадир, кечдир эътироф қилинса, бу унинг умрига умр, кучига куч беради, албатта. Университет раҳбарияти, фаоллар иштирок этган шу мўъжазгина анжуманча ҳам аслидан ўша инсонга эътиборнинг гўзал бир лавҳаси янглиғ менда ажиб бир таассурот қолдирди. Айниқса, шу карантин кунларида бир-биримизга бир илиқ сўзни айтишга қизғаниб ётганимиз бир даврдаги бундай йиғинчаларнинг тагида ҳам кўп яхши маъно, чандон одамийлик кўргандек бўлдим. Э, отангга раҳмат, Қудратхўжаев! Мухтор акага ҳам чин дилдан узоқ умр, мана шу қувватига қувват, кучига куч тилаб қоламиз! Биласизми, шу тадбирда ўтириб, Мухтор аканинг ўзгача шодланиб ўтирганига назар солдим.
Хусан Эрматов,
"Ишонч" ва  "Ишонч-Доверие" газеталари бош муҳаррири

Биз Twitterда