Миллий тилни йўқотмак — миллат руҳини йўқотмакдир

 
Тил авлоддан-авлодга ўтувчи мерос, муқаддас бир нарсаки унинг ўтмиши ва келажагида миллатнинг тарихи ва эртанги куни яққол белгиланади. Она заминимизга тарихда бўлган буюк истеълолар, хусусан, форслар ва араблар, кейинчалик эса Чор Россиясининг босқини минг йиллик тарихга эга туркий тилимизга ўз таъсирини кўрсатмай қўймади, керак бўлса уни заиф ва бахтсиз бир тилга айлантирди десак муболаға бўлмас. Бу хусусда миллий тилнинг эртанги куни ва келажак авлоднинг миллий руҳияти хақида чексиз даражада қайғурган ва бунинг олдини олишга бор куч-ғайратини сарфлаган маърифатпарвар жадидчилар қолдирган бир қанча ёзма манбаалардан ҳам билишимиз мумкин.
Ҳар жабҳада янгиланиш, ўзгариш ва ислоҳотлар ўтказишни истаган, миллат ёшларини илмли ва маърифатли бўлиши, илму урфони ила тенглаша оладиган ёш авлод таълими ва тарбиясида жаҳон билан бўйлашишни истаган ва бу йўлда жон фидо этган маърифатпарвар жадидчиларимиз миллий тил, алифбо ва имло масалаларига ҳам янгича ёндашув билан қарагани бугун ҳеч ким учун сир эмас...
Буюк маърифатпарвар олим, жадидчиликнинг йирик намоёндаси Абдулла Авлоний миллий тил хусусида фикр билдирар экан: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадургон оинаи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмак миллат руҳини йўқотмакдир”- дея куюниб айтади.
1989 йил 21 октябрь. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун. Мамлакат мустақиллиги учун илк қўйилган қадам. Ҳурриятнинг майин шаббодаси эсишни бошлаган давр...
Қарийб 30 йил мобайнида биз ушбу санани мана шу сўзлар билан ёд олдик холос. Айтиш жоизки, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда ҳар жабҳада олиб бораётган ислоҳотлари натижасида ўзбек тилига бўлган эътибор нафақат юртимизда балки, жаҳон миқёсида ҳам сиёсий ва ижтимоий ўрни юксалиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбек тилининг мавқейи ва нуфузини тубдан ошириш, унинг она тили сифатидаги хурматини юксалтиришга қаратилган ПФ-5850-сонли фармонидан сўнг юртимизда бир қанча амалий ишлар бажарилди. Жойларда Ўзбек тили Қонуни талаблари асосида иш олиб борилишининг назорати кучайтирилди. Ҳукумат Қарорлари, чора-тадбир режалари, 21 октябрнинг “Ўзбек тили байрами куни” этиб белгиланиши ва тарғибот ишланмалари сонининг кўпайиши натижасида она тилимизга бўлган эътибор ва эҳтиром бир мунча ортди. Айниқса, Юртбошимиз томонидан Ўзбекистон тарихида илк маротаба жаҳон минбарларида ўзбек тилида янграган нутқ нафақат юртдошларимизнинг балки, туркий тилда сўзлашувчи, шу тилни “Она тилим” деб билгувчи қардош халқларни ҳам бирдек қувонтирди ва қалбларида ифтихор туйғусини уйғотди десак адашмаган бўламиз.
Аждодлардан меърос бўлган, ўзининг бойлиги ва нафис жозибаси ила шеърият тилига айланган, Алишер Навоий, Бобур, Машраб, Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир, Исҳоқхон тўра Ибрат каби етук адабиёт намояндаларининг диққат марказида бўлган, тарих талотўплари олдида заиф ва бахтсиз титраган, мустақиллик шарофати ила ўзлигини топган она тилимиз — Ўзбек тилининг Давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини ошириш бугуннинг энг муҳим талабларидан бўлиб турибди. Миллий тилимизнинг софлигини сақлаш, уни авлодларимизга бус-бутунлигича етказиб бериш, қадимий ва ардоқли мерос сифатида асраб-авайлаш нафақат аждодлар балки, авлодлар олдидаги бурчимиздир. Зеро, миллий тилни йўқотмак — миллат руҳини йўқотмакдир!
Дилноза Азизова,
Тўрақўрғон тумани ҳокимининг маслаҳатчиси,
 ЎзМТДП фаоли

Биз Twitterда