Ислоҳотлар қўшимча масъулият юклайди: Наманган вилояти отин ойилари сарҳисоб йиғилиши

19 декабрь куни Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ислом билим юртида вилоятнинг барча отин ойилари тўпланиб, якунланаётган йилдаги амалга оширилган ишлар сарҳисобини муҳокама қилдилар. Келгуси йил режалари билан ўртоқлашилди. Конференция ишида қатнашган вилоят ҳокимлиги жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар котибияти мудири Муҳаммаджон Убайдуллаев, аёлларимиз, опа-сингилларимизнинг меҳнатини енгиллаштириш, уларнинг салоҳиятидан ижтимоий, маданий ва иқтисодий соҳаларда, болалар тарбиясида янада самарали фойдаланиш мақсадида қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
“Оилада аёл кишининг ўрни деганда фахр билан айтамизки, бугунги кунда ҳам ўзбек оилалари, хусусан оналаримиз, аёлларимиз оиланинг соғлом иқлими, оила бағрида фарзандларини эл юртининг муносиб ўғил-қизлари, Ватаннинг ҳақиқий содиқ фуқароси бўлиб вояга етишларида жон куйдирмоқдалар. Аёлларнинг оила ва жамиятдаги фаолликларини янада ошириш, ёш оилаларга ҳар жиҳатдан ғамхўрлик қилиш, ижтимоий муҳофаза чораларини кўриш, биз отин ойилар зиммасига янги вазифаларни юклайди. Жойларда аёллар ичида диний маросимларни тартибга солиш, бидъат ва ҳурофотларни олдини олиш, маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган, миллий қадрият ва таълимотларизга зид бўлган ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга эътибор қаратиш бизнинг асосий вазифамиздир”, деди вилоят бош отин ойиси Ҳодияхон Раҳмонова.
 
 
Ажримларнинг олдинини олиш, ёшлар ўртасида кенг тарғибот ташвиқот ишларини олиб бориш, аёл ва қизларни руҳий ва маънавий тушкунликка тушиб қолмасликлари учун улар билан бирма бир ишлаш отин ойиларнинг вазифаси эканлиги таъкидланди. 
 
 
Аёл киши оилада ҳам, бутун жамиятда ҳам ўз ўрнини топиши учун унга берилган имкониятлардан тўла фойдаланиши лозим. Бўлажак сайловларда аёл-қизларимизнинг фаол иштирок этишлари муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатда олиб қараганда, бу борада тушунчалар бериш муҳимлиги айтиб ўтилди. Зеро, бу йилги сайловларда оила бошлиқларининг аввалгидек даста-даста паспорт кўтариб бориб, хонадон аъзолари учун ҳам овоз беришлари йўл қўйилмайди. Аёл-қизларимизнинг ҳуқуқий онгни юксалтириш, дахлдорлик хиссини ошириш, диний саводхонлигини юксалтиришда отин ойилар олдида амалга оширилиши лозим бўлган улкан ишлар турибди. 
 
 
Аёллар, хотин-қизлар билан ишлашда отин ойиларнинг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда бу жараёнга берилаётган катта эътибор ўз самарасини берилмоқда. Айни пайтда Наманган вилояти 371 нафар расмий отин ойилар фаолият кўрсатиб, аёл ва қизларимизнинг диний ва дунёвий билимларини оширишда, уларга тўғри йўл кўрсатишда фаоллик иш олиб бормоқдалар.

Биз Twitterда