Президент фармони: Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, 10 триллион сўм шакллантирилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида фармон қабул қилди.
 
 
Ҳужжатга асосан, Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, унда 10 триллион сўм шакллантирилади.
Пандемия сабабли фаолиятини тўхтатган тадбиркорларга банклар орқали фоизсиз бюджет ссудалари ажратилади. Ҳокимларга иқтисодий қийинчиликка дуч келган корхоналардан маҳаллий солиқларни ундиришни 6 ойгача кечиктириш ваколати берилади.
 Якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад солиғи, фермерларнинг сув солиғи 50 фоизга камайтирилади. Бунда маҳаллий бюджетдаги йўқотишлар республика бюджетидан қоплаб берилади.
Йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилинади ва қийналган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблаш тўхтатилади. Бундай қийин шароитда тадбиркорни бирорта текширувчи безовта қилмайди.
Меҳмонхона бизнесида 90 миллиард сўмлик, транспорт-логистика соҳасида 650 миллиард сўмлик, умумий овқатланиш муассасаларида 180 миллиард сўмлик, ташқи савдо корхоналарида 3,6 триллион сўмлик кредитларни қайтариш имконияти пасаймоқда. Туристик фирма ва меҳмонхоналар ҳар бир сайёҳ учун кунига 2-3 доллардан туризм йиғими тўлаб келмоқда.
Шу боис ушбу корхоналарнинг кредит муддатларини узайтириш, туристик йиғимлар ундиришни вақтинча тўхтатиш бўйича кўрсатма берилди.
Карантинга ёпилган муассасалар ходимлари, карантиндаги фуқаролар ва уларга қаровчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий нафақа олувчилар сонини камида 10 фоизга ёки 60 мингтага оширилади.
 
Аввалроқ, Американинг йирик инвестицион банкларидан бири Bank of America (BofA) АҚШда тўлиқ миқёсдаги иқтисодий инқироз бошланаётганини эълон қилганди. Банкнинг етакчи таҳлилчиси Мишель Мейернинг сўзларига кўра, Америка иқтисодиёти рецессиядан қочиб қутула олмайди, муаммоларнинг асосий сабаби эса коронавирус тарқалишидир.
«Биз Америка иқтисодиёти дунёнинг қолган қисмига қўшилиб рецессияга тушганлигини расман эълон қиламиз ва бу жуда чуқур шўнғиш», — деб ёзади таҳлилчи.
Мейернинг прогнозига кўра, АҚШга ишсизликнинг ўсиши хавф солмоқда, истеъмолчилар ишончи йўқолди, жамғармалар эса йўқ бўлди. 
BofA меҳнат бозори истиқболларини баҳолаган ҳолда ана шундай прогноз қилди. Мейернинг ҳисоб-китобича, яқин вақт ичида АҚШда ишсизлик даражаси икки бараварга ортади, ишсизлар сони эса иккинчи чорак давомида ойига бир миллион кишига ўсиб боради.
Шу билан бирга BofA инқироз ўта кучли бўлса-да, қисқа муддатли бўлишини тахмин қилмоқда.
Коронавирус эпидемияси ҳамда нефть нархларининг тушиб кетиши жаҳон фонд бозорларининг қулашига сабаб бўлди. Кейинги бир ярим ҳафта ичида АҚШ фонд биржалари 30 фоизга тушиб кетди, Brent нефтининг бир баррели 52,36 доллар 25 долларга тушди.

Биз Twitterда