Мерганликда Алпомишдан ўзганлар

Наманган автомобиль мактабининг “ўқ отиш” мажмуасида Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши томонидан Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишлаб, ҳаво милтиғидан ўқ отиш бўйича вилоят биринчилиги мусобақалари ўтказилди.
Даставвал, “Ватанпарвар” тасарруфидаги ташкилотлар ўртасида вилоят биринчилиги ўтказилди. Унда Наманган автомобиль мактаби, вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази, шаҳар, туман кенгашлари ҳузуридаги ўқув спорт техника клубларидан 117 нафар спортчи ғолиблик учун баҳс юритди.
Ўғил болалар ва қизлар ўртасида ҳаво милтиғидан ўқ отиш беллашувида Аллоҳберди Йўлдошев ва Гулшана Ҳакимова энг юқори натижани кўрсатди. Иккинчи ўринни эгаллаган Ҳамдам Мамадалиевнинг кўрсатган натижалари ҳам ёш мерганнинг юқори иқтидорини намойиш этди.
Катталар ўртасида кечган ҳаво милтиғидан ўқ отишда Абдуҳалил Абдувоҳидов ва Ангелина Себова барча рақибларидан устун эканини намойиш қилди. Ҳаво тўппончасидан ўқ отишда ғолиблик сурури Абдурашид Худойбердиев ва Алина Тарасовага кулиб боқди.
Мусобақада умумжамоа ҳисобида Наманган автомобиль мактаби ғолиб чиқди. Вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази иккинчи, “Ватанпарвар” ташкилоти Косонсой тумани кенгаши учинчи ўринни эгаллади.
Ғолибларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ҳамда “Ватанпарвар” ташкилотининг қимматбаҳо совринлари топширилди.

Биз Twitterда