Жаҳон банкининг Чортоқ шаҳрини комплекс ривожлантириш лойиҳаси ноябрь охирида ишга туширилади

 
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 5 ноябрь куни Розанна Нитти бошчилигидаги Жаҳон банки делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Учрашувда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳасига киритилган Чортоқ шаҳри бўйича амалга оширилиши режалаштирилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини бошлаш олдидан сўнгги босқич бўйича сўз борди.
Мулоқотда лойиҳани мукаммалтириш, лойиҳадан ўрин олиши кўзда тутилган объектлар, Жаҳон банки лойиҳа гуруҳи томонидан билдирилаётган таклифларни маҳаллий шарт-шароитлардан келиб чиқиб умумий концепцияга мослаштириш бўйича кенг фикр алмашилди. Чортоқнинг бош режаси бугунги кунда режалаштирилаётган туманни тиббиёт ва сиҳатгоҳлар туризми ривожланган экологик тоза ҳудудга айлантириш учун керакли барча жиҳатларни ўз ичига олиши лозимлиги борасида ҳам келишиб олинди.
 
 
«Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳаси якунида Чортоқ шаҳрида аҳоли учун янги тадбиркорлик йўналишлари истиқболлари ҳам пайдо бўлиши мамнуният билан қайд этилди.
«Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Чортоқ шаҳрида амалга ошириладиган ишлар билан бир қаторда маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилаётган бунёдкорлик ва инфратузилма ривожлантириш ишларини ҳамда атроф маҳаллаларда 2020 йил учун мўлжалланган “Обод маҳалла” дастурлари бўйича бажариладиган ишларни мувофиқлаштириш борасида ҳамфикрликка борилди.
Жаҳон банкининг Чортоқ шаҳрини комплекс ривожлантириш лойиҳаси ноябрь охирида ишга туширилиши белгиланди. Бу мақсадда Чортоқ шаҳрида йирик тақдимот маросими ўтказилиши режалаштирилди.
Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг 100 миллион доллар кредити ҳамда Ўзбекистоннинг 24,1 миллион долларлик улуши билан ҳаётга тадбиқ этилаётган ушбу лойиҳанинг тажриба-синов шаҳарлари сифатида Янгийўл (Тошкент вилояти), Когон (Бухоро вилояти) ва Чортоқ белгиланган. 2019-2021 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар натижасида Чортоқ замонавий инфратузилмага эга обод экошаҳарга айланиши кўзда тутилган.

Биз Twitterда