Покистонда Наманган вилояти кўргазмаси ташкил этилади

 
Наманган вилояти ҳокимлигида 2 ноябрь куни Покистоннинг Лаҳор шаҳрида жойлашган Ўзбекистон — Покистон савдо ва маданият маркази раиси Руҳайл Икром бошчилигидаги делегация қабул қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
 
 
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров делегация аъзоларини қутлар экан, икки мамлакатни азалдан тарихий ва маданий алоқалар боғлаб турганини таъкидлади. Бугунги кунда бу алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро савдо-сотиқни жадаллаштиришга урғу берилаётгани учрашувда алоҳида қайд этилди. Жорий йилнинг сентябрь Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги делегациянинг Покистонга амалга оширган сафарида ҳам шу мақсад кўзлангани билдирилди. 
Руҳайл Икром самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Покистонлик тадбиркорлар Наманганга инвестиция киритишга тайёр эканлиги, бугундан бошланган уч кунлик сафар давомида бу ерда инвесторлар учун яратилган шароитлар батафсил ўрганилишини маълум қилди. Лаҳор шаҳри мэри ҳамда Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Лаҳорда Наманган вилоятига бағишланган йирик кўргазма ташкил этишга тайёргарлик кўрилаётганини қайд этди.
 

Биз Twitterда