Буюк теореманинг янги исботи

«Теорема» романи – янги адабий ҳодиса

Ижодкорлик – тил ва тафаккур оламидаги адабий теоремаларни янгича йўсинда исботлашдан иборат. Бу ёруғ оламда «Ўзбек тили ва тафаккури беқиёс буюклик бўстони» деган ажиб бир адабий-бадиий теорема бор. Шу вақтга қадар бу буюк теореманинг қанча-қанча исботи яратилди...

Бундан ўн аср муқаддам Аллоҳнинг инояти ила туркий тил осмонида Маҳмуд Қошғарий деб аталмиш бир юлдуз шуълаланди. Унинг тақдирига «тил учун курашчи», «тил фидойиси» каби нисбатлар битилди ва жуда улкан, ноёб миссия юклатилди. Туркий тил Маҳмуд Қошғарийга муҳтож эди. Ҳали ёзув мада­нияти шаклланмаган замонларда ўша давр тилининг руҳини, сўз бойлигини келгуси авлодга етказувчига зарурат сезилаётган эди. Аллоҳ бизга Маҳмуд Қошғарий­ни ато этди. Аллоҳнинг бу улуғ марҳамати бўлмаганида эди, биз қадим ота–боболаримиз қандай сўзларни, қандай мақолларни ишлатишганини бил­май ўтардик, балки... Ҳа, Маҳмуд Қошғарийнинг Туркистон тарихи саҳнасида пайдо бўлиши – ноёб ҳодиса, мўъжиза. Маҳмуд Қошғарий бугун ўнлаб олим­лар, бутун бир институт ҳал қиладиган ишни ёлғиз ўзи бажарган. Бунинг устига, Маҳмуд Қошғарий яшаган ва ишлаган муҳит, шароитни бугунги имкон­ларга солиштириб бўлмайди асло. Қисқаси, Маҳмуд Қошғарий – Аллоҳ туҳфаси ва шу сабаб у ўзига тегишли миссияни амалга оширди.

Бундан беш аср муқаддам туркий тил юксак ба­диий сўз соҳиблари эътиборидан четда қола бош­лади. Беназир туркий тафаккурни туркий сўзлар воситаси ила дунёга тақдим этиш эҳтиёжи туғилади. Ва шу эҳтиёж сабаб туркий жамият бир тўлғонади, туркий қавмни бир улкан тўлғоқ тутади. Аллоҳ туркий тилга яна марҳамат қилади – ҳазрат Алишер НАВОИЙ даҳоси туркий тилнинг тоғ қадар қудратли ва буюк бўлиши учун ҳиммат камарини боғлайди. Ҳамма замонлар учун ҳам ноёб ҳисобланмиш бу ҳо­дисанинг XV асрда, ғалати талотўп оғушида яшаётган жамият бағрида пайдо бўлиши ҳам мўъжизадан бош­қа нарса эмас.

Бугун тилимиз таровати, халқимиз бадиий тафак­курини теран акс эттирган неча юзлаб асарлар яра­тилди. Бироқ тилимиз ўзининг табиатини, гўзалли­гини, қудратини бошқачароқ шаклда, ўзгача оҳангда кўз-кўзлашга эҳтиёж сезаётганди. «Теорема» – шу эҳтиёжнинг маҳсули. «Теорема» боис ўзбек тилининг янги имкони, ҳозирча ўйлаб кўрилмаган қудрати намоён бўлди.

Туркистон ҳудудида Тўрақўрғон, Тепақўрғон, Тошбулоқ деб аталмиш гўшалар бор. Тўрақўрғоннинг Амир Темур каби мардона Турсунбойи, Тилла тоға каби донишманди бор. Тошбулоқнинг Турсуной деб аталмиш парирўй дилбари, Таваккалу Тошхон каби телба-дўлвор фарзандлари бор. Уларнинг тақдири қи­зиқ, табиати қизиқ. Бу қизиқликнинг бари «Теорема»­да жо бўлган.

Темур Тўрабоев зиммасига тушган бу миссия «Теорема» бўлди, роман бўлди. Фақат «т» ҳарфи билан бошланувчи сўзлар бир-бирларини топдилар, бир-бирларини суйдилар, бир-бирлари билан ака-ука, опа-сингил бўлдилар, оила бўлдилар ва фақат Тангри берган илҳом ва марҳамат боис «Теорема»га айлан­дилар. «Қудратли ва буюк ўзбек тили» деб номланган ўзига хос теорема Темур Тўрабоев томонидан янгича кўринишда исботланди.

«Теорема» ёзила бошлаганига ўн йил бўлди. ўн йил деганда, ниҳоят,  кўз ўнгимизда қоғозга тушган янги ва ноёб адабий ҳодиса хусусида жамоатчиликни баралла огоҳлантиришни лозим топдик.

Тўғри, янгиликни қабул қилиш осон кечмайди. Майли осон бўлмасин. Биз тарғиботга ва адабий баҳсларга тайёрмиз. Зеро, «Теорема»да ўзбекнинг беғубор қалби –Тошсой бўлиб оқмоқда, тафаккуримиз тимсоли сифатида  Тилла тоға сўзламоқда. Бошқача айтганда, янги адабий ходиса бўлмиш «Теорема» яшашга ва эътирофга муносиб. 

 

Муҳаммад ВАЛИ, адабиётшунос.

Биз Twitterда