Сайёр қабул: 1 миллиард сўмлик кредит, 37 гектарлик ёнғоқзор ёҳуд 5,5 млн. сўмлик ёрдам

Мингбулоқ туманидаги Довдуқ саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи биносида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг сайёр қабули бўлиб ўтди. Қабул чоғида 70 дан зиёд мурожаатчининг юзга яқин масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Бандлик, тадбиркорлик, уй-жой, моддий ёрдам, коммунал хизмат, тиббий хизматлар масалаларида қилинган кўплаб мурожаатлар жойида ҳал этилди. Қонунчиликда белгиланган муддатларда ўрганилиши лозим бўлганлар, ўрганиш учун тегишли ташкилот ва идораларга юборилиб, назоратга олинди.
Қабул чоғида вилоят раҳбарига спорт ва таълим соҳасида ёшларга имконият яратиш бўйича қатор мурожаатлар бўлганлиги, уни нуроний отахонларимиз ўртага ташлашгани алоҳида эътибор тортди. Чунки шахсга оид мурожаатлар бир оила миқёсида муаммони ҳал қилса, бундай масалаларнинг ечими кўпчиликка фойда келтиради.
 
 
Довдуқлик 70 ёшли Нурмамат ота Шерматов вилоят ҳокимидан маҳалладаги футбол майдонини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш бўйича ёрдам сўради.
- Маҳалладаги ушбу ўйингоҳ бир пайтлар жуда кўркам ҳолатда эди. Лекин охирги пайтларда унга ёндош аҳоли томонидан унинг кириш дарвозаси тўсиб қўйилгани, анчадан бери фойдаланилмаётгани ўйингоҳ ҳолатини ёмонлаштирди. Қишлоқда, маҳалламизда ёшлар кўп. Улар учун ўйингоҳни таъмирласак, дарвоза ўрнатиб, ёрдамчи бино қурсак мақсадга мувофиқ бўлади, - деди отахон ўз мурожаатида.
 
 
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг тегишли ташкилотларга топшириқ бериши натижасида масала ижобий ҳал бўлди. Молия ҳамда жисмоний тарбия ва спорт бошқармаларининг тезкор гуруҳи Нурмамат ота билан жойнинг ўзига бориб, вазиятни ўргандилар. Ўйингоҳни таъмирлаш, дарвоза ва ёрдамчи бино қуришга қарор қилинди. Шунингдек, ўйингоҳ яқинидаги йўл ёнига пиёдалар йўлакчисини барпо этиш масаласи ҳам ҳал этилди.
Коросконлик 81 ёшли кекса педагог Қодирхон Жаббаров шаҳарчадаги Иқтисодиёт коллежини сақлаб қолиш бўйича мурожаат қилди.
- Коросконда 35 минг аҳоли истиқомат қилади. Бизнинг шаҳарчага коллеж жуда зарур. Чунки бу даргоҳ 40 йиллик тарихга эга. Шу боис Сиздан бу масалада ёрдам беришни сўрайман, - деди Қодирхон Жаббаров.
Бу масала вилоят касб-ҳунар таълим бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилиб, белгиланган тартибда ечим топиладиган бўлди.
Чуст туманидаги кичик саноат зонасида фаолият бошлаган “Мусаффо қурилиш саноат” МЧЖ бу ҳудудда замонавий тикув цехи ва пайпоқ ишлаб чиқариш линиясини ишга туширишни мақсад қилган. Унинг раҳбари Шерзод Каримов 1 миллиард сўм миқдорида кредит маблағи ажратилишида амалий ёрдам сўради. Тадбиркор кредит олиш учун гаровга етарли иншооти борлигини маълум қилди. Унга кредит ажратилишида Инфинбанк вилоят филиали томонидан тезкор ёрдам кўрсатиладиган бўлди.
Янгиқўрғон тумани Қандиён ҳудудида 37 гектар майдонда ёнғоқзор барпо этишни бошлаган фермер Хасанбой Ғаппоровнинг хўжалиги ҳужжатларини расмийлаштириш борасидаги мурожаати ҳам вилоят ер ресурслари ташкилоти томонидан ўрганиб чиқилиб, ҳал этиладиган бўлди.
Поп тумани Чодак қишлоғидан келган ва Ибн Сино давлат ўрмон хўжалигида ижарага ер олиб, зираворлар етиштираётган деҳқон хўжалиги раҳбари Асила Эргашева фойдаланаётган ери тадбиркорга бериб юборилганидан арз қилди. Бу мурожаат бўйича ҳам тезкор чора кўриладиган бўлди.
Наманган шаҳри Бобуршоҳ кўчасида истиқомат қилувчи Жамила Мўминова ижтимоий ёрдамга муҳтожлиги боис, коммунал тўловлардан вужудга келган 5,5 млн. сўмлик қарзлари ҳомийлик асосида тўлаб бериладиган бўлди. Ҳудди шундай кўмакка муҳтож Ақида Охуновага ҳомийлик воситасида керакли жиҳозлар ва моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.
Гуртепа қишлоғидан келган Ўролвой ҳожи ота Жўраев қабулдан боши осмонга етган ҳолда кетди.
- Учта маҳалла учун бир эмас, уч масалада ёрдам олдик. Бундан беш-олти ой бурун вилоят ҳокимимиз кўмакларида Ўртақишлоқ ва Қумқишлоқ ўртасидаги заканга кўприк қурилганди. Бугун ана кўприк ва унгача бўлган йўлдаги 3 километрлик масофа шағалландиган бўлди. Шунингдек Ўртақишлоқда оқава сув муаммоси 3 километрлик ариқ қазиш йўли бартараф этиладиган бўлди. Камар қишлоғининг ичимлик суви муаммо ҳам ҳал бўлди. Бунинг учун бутун мингбулоқликлар номида ҳокимимизга ўз ташаккуримизни билдирамиз, - деди Журавой ота.
 
 
Мингбулоқ туманида мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш бўйича олиб борилаётган ишларни ҳам алоҳида айтиб ўтиш лозим. Қисқа давр ичида Мингбулоқ ҳудудидаги маҳаллаларда 9 километрдан ортиқ йўллар шағалланди. Қолгандарё ҳудудидаги аҳолига кўмир ва суюлтирилган газ керакли миқдорда етказиб берилди. Ҳайитобод маҳалласида 148 та электр симёғоч ўрнатилди. 3,2 километр масофага сим тортилиб, иккита трансформатор ўрнатилди.
 
 
Қабулда Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиев, вилоят ва туман бошқармалари, корхона-ташкилотлари раҳбарлари иштирок этдилар.
 
 

Биз Twitterда