Наманган шаҳар 1-туғруқхонасига журналист нигоҳи

 
Наманган вилоятида оила, оналик ва болаликни ҳар томонлама муҳофаза қилиш, соғлом фарзандлар туғилишига эришиш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Кейинги йилларда замон талабларига мос ва хос тарзда фаолият юритиб келаётган Наманган шаҳар 1-туғруқхонаси фикримизга мисол бўла олади. Бугун ушбу туғруқхонада ташкил этилган матбуот анжуманида журналистлар яратилган шароитлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.
Мазкур туғруқхона 2017 йил капитал таъмирланиб фойдаланишга топширилган. Яратилган шароитлар асосида 95 ўринга мўлжалланган туғруқхонанинг 50 ўрини туғруқ, 40 ўрини эса ҳомиладорларни даволаш, 5 ўрни гинекология ва 6 ўрини реанимация бўлимларида барча шароитлар яратилган.
 
 
Айни пайтда ёрдамчи бўлимлар сифатида функционал диагностика бўлими, УТТ ва ЭКГ хоналари, қабулхона, лаборатория, стерилизация бўлимлари, замонавий жиҳозланган ошхона, кирхона ҳамда дезинфекция хоналари ишлаб турмоқда.
Шифохонада оналар ва болалар саломатлиги учун хизмат қилаётган 250 нафар тиббиёт ходимларидан 13 нафари акушер-гинекологлар, 6 нафари неонатологлар, реаниматолог мутахассислардан 4 нафари,  3 нафар терапевт ва лаборантдир. Келажак ворисларимизни ҳаётга келишида, соғлом ўсишида 40 та доя, ҳамшираларнинг саксон иккитаси ва 7 нафар операцион ҳамшираларнинг хизматлари катта, албатта. 
 - Туғруқхонамизда 2019 йилда 5087 чақалоқ туғилди. Бу эса 2018 йилгига қараганда 702 та кўп туғилиш бўлди деганидир. Мана шу кўрсаткичлардан 40 нафари эгизак чақалоқлар  эканини алоҳида таъкидлаш ўринли, - дейди  1-туғруқхона бош шифокори Мухлиса Атаматова.
 
 
- Соҳада албатта, ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам мавжуд. Буни эса бартараф этиш фақат бизнинг ўзимизга боғлиқ эмас, - дейди матбуот анжуманида сўз олган бош доя Хуршида Нуриддинова.  – Ҳомиладорлик даврида йўл қўйилган камчилик ва эътиборсизлик сабаб 2018 йилда 69 та етилмаган турғуқлар содир бўлган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич афсуски 132 тага етди. Муаммоларни барвақт аниқлаб, уларни бартараф этишда шифохонамизнинг барча тиббиёт ходимлари ёш оналар ва қайноналар билан ҳам маслаҳат-суҳбатларини олиб боришни йўлга қўйган.
Дилмурод Абдуллаев

Биз Twitterда