Инсонпарварликнинг олий намунаси

Конституциямизнинг 27 йиллик шодиёнаси арафасида Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилинган авф муносабати билан маҳкумларнинг ўз оилалари бағрига қайтарилиши уларга байрамга муносиб совға бўлди. Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларнинг амалий ифодасидир.
Наманган тумани Курмак маҳалласида яшовчи Ўктамжон Жўраев ҳам Бош Қомус байрами арафасида оиласи бағрига қайтиб келди. 
 
 
“Президентимизга мингдан минг раҳмат. У кишининг меҳрибонликлари туфайли оилам бағрига қайтдим. Энди ҳалол меҳнат билан ўзимни оқлашим керак. Жамиятга фойдали инсон бўлишни истайман”, дейди Ўктамжон Жўраев.
Афв этилган шахсларнинг оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан маҳаллий давлат бошқарув органлари ва жамоат ташкилотлари зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқдалар.
 
 
Наманган вилояти ҳамда туман ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат гуруҳ Курмак қишлоғига бориб, Ўктамжон Жўраев хонадонида бўлди. У билан самимий суҳбатлашилди, совғалар топширилди, келгуси режалари ҳақида ўртоқлашдилар.
 
 
“Илгарилари, кимдир қамоқдан келса, барча ундан ўзини олиб қочарди. Президентимизга мингдан минг раҳмат, у кишининг инсонпарвар сиёсатлари туфайли собиқ маҳкумларга бўлган муносабат ҳам тубдан ўзгарди. Уларнинг ҳолидан энг катта раҳбарларнинг ўзлари хабар олишаётгани жудда катта нарса. Инсоннинг ижтимоий ҳаётга мослашишида бу муҳим аҳамият касб этади”, дейди 70 яшар маҳалла фаоли Аъзамжон ота Бадалов.

Биз Twitterда