Янги солиқ кодекси мазмун-моҳиятини тушунтириш муҳим аҳамиятга эга

Наманган вилоят Давлат солиқ бошқармасида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда сўнгги йилларда мамлакатимизда солиқ тизимини ислоҳ қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.
 

Таъкидлаш ўринлики, Наманган вилоятида 2019 йилда солиқ базасининг кенгайиши ҳисобига бюджет тўловлари бўйича 2018 йилга нисбатан 166 фоизга ўсишга эришилган. Кичик бизнеснинг рақобатбардошлигини ошириш учун шароитлар яратилиши ҳисобига, қўшилган қиймат солиғи тўловчиларининг сони 4,6 мингтага етди ёки солиқ ислоҳотларининг бошланишига нисбатан 11,3 бараварга ошган.
Анжуманда янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг ишлаб чиқилиши жараёни ва унинг қабул қилинишидан кўзланган мақсад хусусида батафсил маълумот бериб ўтилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси тасдиқланди. Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига асосан солиқ қонунчилигида бир қатор янгиликлар жорий этилди. Солиқлар ва йиғимларнинг сони ва турлари, шунингдек алоҳида солиқ режимлари оптималлаштирилани, солиқларнинг 9 тури, катта бўлмаган корхоналар учун (1 млрд. сўмгача обороти билан) эса айланмадан солиқ кўринишидаги алоҳида солиқ режими сақланиб қолиниши, солиқ органларининг устувор вазифалари сифатида солиқ тўловчилар билан ҳамкорлик асосида иш юритиш принципи киритилиши, яъни, солиқ органлари солиқ тўловчилар билан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғри бажариш мақсадида ҳамкорлик қилиши шартлигининг белгилаб қўйилгани шулар жумласидан.
 

Шунингдек, эндиликда қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизими тубдан ўзгартирилди. Хусусан, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ижро этган солиқ тўловчиларга 2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳосил бўлган ортиқча суммани, яъни “манфий” қолдиқ суммасини тўлиқлигича қайтариш тартиби жорий этилди. Ваҳоланки, бугунги кунда амалдаги Солиқ кодексига асосан қўшилган қиймат солиғи бўйича “манфий” қолдиқ фақатгина экспортёрларга қайтарилиб келмоқда эди.
Шу кунгача ортиқча тўланган солиқ суммаларини ўз вақтида қайтарилмаганлиги ёки солиқ органлари томонидан асоссиз ундирилганлиги учун, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида бюджетдан солиқ тўловчиларга фоиз тўлаш белгиланди. Олдинги Солиқ кодекси бўйича ортиқча олинган маблағларнинг ойлар давомида чўзилиб қайтарилиши тадбиркорлик субъектларнинг фаолиятига зиён етказилган бўлса, эндиликда солиқ органи тадбиркорларга ортиқча тўлов суммасини қайтариш билан бирга ҳар бир кечиктирилган кун учун фоиз тўлаб беради. Ўз навбатида, солиқ қарзини дебиторларидан ундириш тартибидан ҳам воз кечилмоқда.
 

Шунингдек, Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида коллегиал органлар (комиссиялар) иштирокисиз солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этишнинг янги тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда. Маҳаллий бюджетга тушадиган солиқлар бўйича қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқини бериш Халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тақдим этилиши белгиланди.
Солиқ органлари томонидан ахборот технологиялари асосида амалга ошириладиган солиқ текширувларининг янгича тартиби жорий этилмоқда. Эндиликда солиқ текширувларини ўтказиш учун номзодлар инсон омилисиз, дастлаб камида 42 та мезонлар асосида таҳлика-таҳлил (Риск-анализ) дастури ёрдамида танланади. Таҳлика-таҳлил асосида хўжалик субъектларини хавфлилик даражасига қараб 3 та сегментга (яшил, сариқ ва қизил йўлакларга) ажратади ҳамда камчиликлар аниқланган тақдирда, солиқ назоратининг янги камерал текширув, сайёр текширув ва солиқ аудити ўтказилади.
Қонунчиликка киритилган бу ўзгартиришлар мамлакатимизда тадбиркорликка янада эркинликлар бериш ҳамда уларнинг ривожланишлар ҳисобига солиқ тушумларини кўпайишига хизмат қилади.
Анжуманда вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Алишер Бойханов, бошқарманинг бўлим бошлиқлари ҳамда матбуот хизмати вакиллари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Биз Twitterда