Нега Меҳрибон Алиева?

 
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев турмуш ўртоғи Меҳрибон Алиевани Озарбайжоннинг биринчи вице-президенти этиб тайинлади. Бунинг учун анча пайтдан бери илк марта Миллий Хавфсизлик кенгашининг йиғилиши ўтказилди. Озарбайжон қонунларига кўра, агар президент вафот этса ёки ўз фаолиятини давом эттира олмайдиган аҳволга тушса, унинг вазифалари айнан биринчи вице-президент зиммасига юклатилади. Алиевнинг ўз рафиқасини мазкур лавозимга тайинлаш бўйича буйруғи президентнинг расмий сайтида 21 февраль куни пайдо бўлди. Биринчи вице-президент ҳамда иккита иккинчи вице-президент лавозимлари мамлакатда 2016 йилнинг сентябрь ойида ўтказилган референдум асосида яратилган эди. Янги конституция бўйича президентга бирор нима бўлган тақдирда унинг ваколатлари биринчи вице-президентга ўтади. Эски конституция бўйича бундай ҳолларда президент вазифалари бош вазирга юклатилган бўлар эди. Мухолифатчилар ҳамда фаоллар референдум Алиев ваколатларини янада кенгайтирганини айтиб келадилар. Алиев нефть заҳираларига бой бўлган Озарбайжонга 2003 йилдан бери етакчилик қилиб келади. Ундан аввал эса мамлакатни отаси Ҳайдар Алиев бошқарган.
Меҳрибон Алиеванинг биринчи вице-президент лавозимига тайинланиши ҳам жамиятда, ҳам халқаро саҳнада катта қизиқишга сабаб бўлди. Озарбайжонликларнинг айтишича, Меҳрибон Алиева бу лавозимга арзийдиган аёл. Унинг сиёсий ва ҳайрия соҳасидаги серқирра фаолияти таҳсинга сазовор. Меҳрибон Алиева Янги Озарбайжон партияси етакчисининг ўринбосари ҳамда “Ҳайдар Алиев жамғармаси”нинг директоридир.
Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича ўтказилган референдумда 90 фоиз фуқаро бу қарорни қўллаб-қувватлаб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирган эди. Бундан ташқари, конституцион ислоҳот Озарбайжон президентининг ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтирди. Меҳрибон Алиева 2005 йилдан буён Озарбайжон Миллий мажлиси депутати ҳисобланади. Озарбайжон Республикаси президентининг рафиқаси ва мамлакат вице-президенти Меҳрибон Алиева 52 ёшда бўлишига қарамай, дунёдаги энг чиройли рафиқа ва сиёсатчи.
У 1964 йил зиёлилар оиласида, Озарбайжонда катта ҳурматга эга Пашаевлар хонадонида туғилди. Бўлажак сиёсатчи, шифокор, журналист ва мамлакат биринчи хоними Бокудаги умумтаълим мактабни тамомлаб, пойтахтдаги Тиббиёт Институтига ҳужжатларини топширади. Меҳрибон ўқишини Москвада давом эттирди ва шу ердаги Москва кўз касалликлар институтида тўрт йил фаолият юритади.
Унинг ижтимоий-сиёсий фикрлашини кенгайиб боришига оиладаги муҳит таъсир ўтказмай қолмади. Бобоси, ёзувчи ва адабиётшунос Мир Жалол Пашаев, Миллий авиация академиясининг ректори бўлиб ишлаган отаси Ариф Пашаев қизалоққа яхши таълим бера олди. Меҳрибоннинг амакиси Ҳафиз Пашаев эса 13 йил давомида Озарбайжоннинг АҚШдаги элчиси бўлиб хизмат қилган.
2005 йил илмий номзодлик ишини ёқлаган Алиеванинг она тарафдан бобоси Носир Имангулиев зиёли журналист бўлган. Онаси Аида эса арабшунос олима бўлиб, узоқ йиллар Республика Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида директор лавозимида фолият юритади. Талабалик давридаёқ Илҳом Алиев билан турмуш қурган Меҳрибон 1995 йилдан бошлаб, бир қатор фондлар ва журналларга асос солган. У 2002 йил Гимнастика федерациясининг президентлигига сайланган. Алиеванинг ташаббуси билан 2005 йилги бадиий гимнастика бўйича жаҳон чемпионати Бокуда ўтказилади. Шунингдек, Меҳрибон Алиева “Ҳайдар Алиев Фонди” ташкил этилган пайтидан унинг президенти ҳисобланади.
ЮНEСКОнинг яхши умид элчиси этиб тайинланган мамлакат биринчи хоними 2015 йил Озарбайжонда ташкил этилган Биринчи Европа ўйинларини ўтказувчи Миллий қўмитанинг раиси бўлган. Меҳрибон Алиева Бокуда жорий йил 12-22 май кунлари ўтадиган IV Ислом бирдамлиги ўйинларининг ҳам ташаббускорларидан. Озарбойжон Президенти Илҳом Алиевнинг 2015 йил 18 сентябрдаги фармонига кўра, IV Ислом бирдамлиги ўйинлари бўйича ташкилий қўмита таъсис этилган. Мамлакатнинг биринчи хоними Меҳрибон Алиева ташкилий қўмита раиси этиб тайинланган.
Мусулмон оламидаги энг нуфузли спорт тадбири саналган мусобақалар енгил ва оғир атлетика, сувга сакраш, сузиш, сув полоси, баскетбол, футбол, бадиий ва спорт гимнастикаси, ушу, стол тенниси, қўл тўпи, дзюдо, юнон-рим кураши, мерганлик, теннис, волейбол, бокс, каратэ каби 20 та спорт тури бўйича ўтказилади. Мамлакат раҳбарияти спорт беллашувларини юксак савияда ташкил этиш орқали бутун жаҳонга мусулмон олами якдиллигини кўрсатишни мақсад қилган. Спорт мусобақалари дунёга ислом бирдамлигини намунаси бўлиб хизмат қилади ва мусулмон оламида дўстона робита ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Эслатиб ўтамиз, Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев мамлакатда 2017 йилни Ислом бирдамлиги йили деб эълон қилган. IV Ислом бирдамлиги ўйинлари эса ушбу йилдаги асосий воқеалардан бири бўлиши кутилмоқда.
Кейинги йилларда дунё миқёсида муқаддас ислом динини ёмонотлиқ қилиш, уни обрўсизлантиришга уриниш кузатилаётгани сир эмас. Расмий Боку халқаро майдонда муқаддас ислом қадриятларини ҳимоя қилиб, динимиз тўғрисида нотўғри фикрларга қарши курашни кучайтириш лозимлигини таъкидлаб келмоқда.
“Бугун дунёнинг айрим сиёсатчилари ва экспертлари исломни террор билан боғлаб, унинг номига доғ туширмоқда. Улар айнан мусулмон мамлакатлар терроризмдан энг кўп азият чекаётганини унутиб қўймоқдалар”, – деган эди Президент Илҳом Алиев Бокуда ўтган халқаро гуманитар форумда.
2005 йилда Меҳрибон “Янги Озарбайжон” партияси номидан “Миллий Мажлис” парламенти депутатлигига сайланган ва фаолияти давом этиб келмоқда. Латофатли ва оқила аёл турмуш ўртоғи, президент Илҳом Алиевни кўп жабҳаларда қўллаб келади. Шунинг учун бўлса керак, иккиси омма олдида тез-тез кўриниш бериб туради.
Уч фарзанд ва уч набиранинг тарбиячиси Меҳрибон Алиева 10 дан ортиқ халқаро мукофотлар соҳибаси. Айримлар фикрича, Меҳрибон Алиева президент ва оддий халқ орасидаги кўприк вазифасини ўтамоқда. Ана шу сифатлари эвазига ҳам халқ биринчи хонимининг янги лавозимга тайинлашини қўллаб-қувватлади.
 
Абдували Сайбназаров,
vodiymedia.uz учун махсус

Биз Twitterда