Эски ва Янги Ахси ҳақиқатлари! Топилмалар Ахсикентни дунё туризм марказига айлантиражак

Эски Ахси (Ахсикент) ёдгорлигида биринчи ҳақиқий археологик тадқиқотларни 1939 йил археолог Михаил Массон олиб бориб, бу ерда 2000 йил аввал йирик шаҳар бўлган, деган хулосага келади.
1979 йилда махсус ташкил қилинган тарих фанлари доктори Абдулҳамид Анарбаев раҳбарлигидаги Ахсикент комплекс экспедицияси  Ахсикентда (Эски Ахси) кенг кўламли археологик тадқиқотлар олиб бориб, Фарғона археологиясидаги муаммоларни ҳал қилиш учун зарур материалларни қўлга киритди.
 
 
Натижада, Фарғона археологиясида муаммо бўлиб келаётган даврлаштириш, хитой манбаларида тилга олинган шаҳарлар ва Фарғона давлатининг бош пойтахти локализацияси билан боғлиқ муаммоларга аниқлик киритилди.
Илк маротаба милоддан аввалги III  - милодий XIII асрнинг бошларигача бўлган даврга мансуб осори атиқалар типологияси ва хронологияси ишлаб чиқилди ҳамда уларнинг бир ярим минг йиллик эволюцияси кузатилди. Жумладан, бундан 2100 йил аввал хитой манбаларида, илк араб манбаларида  тилга олинган Фарғона давлатининг бош пойтахти Фарғона шаҳари Эски Ахси (Ахсикент) ёдгорлиги ўрнида бўлганлиги маълум бўлди.
Фарғона давлатининг ўзи эса бир неча мустақил давлатлар уюшмасидан иборат бўлиб, унинг сиёсий тузилиши конфедратив асосга қурилган. Шулардан бири Фарғона водийсининг Шарқий қисмида жойлашган бўлиб, хитой йилномаларида Эрши деб аталган ва худди шундай топоним билан аталган шаҳар хозирги Мархамат туманидаги Мингтепа ёдгорлиги ўрнида бўлганлиги асосланган.
IX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Фарғона шаҳри араб манбаларида Ахсикат деб, тилга олинади. Лекин тангаларда то XI асрнинг ўрталаригача Фарғона-Ахсикат деб, икки ном билан аталганлиги илмий изоҳланди. Бу даврда шаҳар майдони 400 гектардан ошиб кетиб, ўз даврининг мегаполисига айланади.
 
 
Ахсикентда тайёрланган қуроллар “Дамашқ қиличлари” номи билан дунёга машхур бўлиб,  Ғарбда Дамашқ, Шарқда Хитой бозорларида сотилган.
2019 йилнинг 28 февралида Президент Шавкат Мирзиёев Ахсикентга ташриф буюриб, қилинаётган ишларни мақуллади ва янги кўрсатмалар берди. Шу асосда тадқиқотлар олиб борилиб, 5 та янги объект (VIIIА, XI,  XVIII, XIX, XXIV) “Очиқ осмон остидаги музей”га тайёрланди ва фундаментал тадқиқотлар доирасида муҳим кашфиётлар қилинди. 
 

Хусусан, биринчи шаҳристон худудидаги XI ва XVIII  объектларда Қорахонийлар даврига оид бой-бадавлат оилаларга тегишли моҳобатли турар жой қолдиқлари очилди. Ушбу объектларда Фарғона водийсида биринчи бўлиб XI – XII асрларга мансуб деворий расмлар топилди. Шарқий рабод худудидаги XXIV объектда Қорахонийлар даврига оид пишиқ ғиштлардан қурилган маҳобатли турар жой қолдиқлари топиб, ўрганилди. Хатто, бинонинг тагхоналари ҳам майда пишиқ ғиштлар ёрдамида геометрик шакллар билан безалган экан.
Шу билан бирга, геофизиклар билан биргаликда Ахсикент, Муғтепа, Қирқхужра (қадимги Поп), Эйлатан ва Куюктепа ёдгорликларида тадқиқотлар олиб борилиб, янги кашфиётлар қилинди. Жумладан, милоддан аввалги 91-90 йилларда хозирги Наманган вилояти худудида 10 балли кучли ер қимирлаш бўлганлиги аниқланди. Натижада, хитой манбаларида тилга олинган Фарғонанинг бош пойтахти Дайюань (Фарғона) ва Ючень (Эйлатан) шаҳарлари вайронга айланган. Худди шу даврда давлат тепасига келган Фарғона давлатининг янги хукмдорлари Муғтепада (Косонсой) ўзига янги қароргоҳ қурадилар. Натижада, сиёсий пойтахт Фарғона шаҳридан Гуйшуань (Муғтепа) га кўчирилади. Навбатдаги 8-9 балли   кучли ер қимирлашлар милодий эранинг IV  – V асрнинг бошларида ва 1620 йилда юз беради. Бунинг асорати Ахсикент, Култепа, Қирқхужра, Муғтепа ва бошқа қатор ёдгорликларда кузатилди. Ушбу илмий янгиликлар нуфузли халқаро Scopus журналларда эълон қилиниб мутахасис археолог, геолог ва геофизик олимлар муҳокамасидан ўтгач, кенг халқ оммасига етказиш учун маҳаллий журнал ва газеталар саҳифаларида берилмоқда.
Ўзбекистоннинг қадимги шаҳарларини кўпчилиги ўз жойини давр ўтиши билан маълум кўринишда ўзгартириб турган. Жумладан, мўғуллар босқинигача Самарқанд - Афросиёб, Термиз -Эски Термиз, Урганч -Кўхна Урганч, Қарши – Ерқўрғон ва Шуллюктепа худудида бўлган. Лекин жойини ўзгартиргани билан ушбу шаҳарларнинг номи ўзгармаган ёки улар бошқа шаҳарга айланиб қолмаган. Шунга ўхшаш ходиса Ахсикат мисолида ҳам юз берган.
Ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришича XIII асрнинг бошида Муҳаммад Хоразмшох билан найман қабилалари сардори Қушлухон ўртасидаги ўзаро урушларда Шимолий Фарғонанинг қишлоқ ва шаҳарлари катта зарар кўради. Ахсикент (Эски Ахси) ёдгорлигида олиб борилган  археологик тадқиқотлар буни тўлиқ тасдиқлади. Бизга маълумки, ёзма манбаларда Ахсикатни мўғуллар томонидан вайрон қилинганлиги хақида хеч қандай маълумот йўқ. Лекин археолгик тадқиқотлар шаҳар мўғуллар даврида вайрон бўлганлиги хақида гувоҳлик бермоқда. Натижада, Ахсикат юқорида тилга олинган шаҳарларга ўхшаб ўз жойини ўзгартиради, холос. Ахсикат  Бобур Мирзо даврида  Ахси деб, аталган. Унинг  харобалари маҳаллий халқ орасида Янги Ахси топоними билан  аталиб, хозирда унинг  озроқ қисми Якка Йигит қишлоғи тагида сақланган.
 
Янги Ахсида топилган улкан минора қолдиғи
 
Юқоридагилардан келиб чиқиб, замонавий археологик тадқиқотларга асосланган ҳолда қуйидагича хулоса қилиш мумкин: биринчидан, қадимда Фарғона, кейинчалик Ахсикат, Умаршайх Мирзо ва Бобур Мирзо даврида Ахси, сўнг Ахсикент деб, фақат, битта шаҳар аталган. Лекин унинг жойлашган ўрни юқорида айтганимиздек, Ўзбекистоннинг кўп шаҳарлари қатори мўғуллар истилосидан сўнг ўзгарган; иккинчидан, вақтлар ўтиши билан, XVIII  асрнинг охири – XIX асрда пойтахт шаҳар Ахсикатниг мўғулларгача бўлган даврга оид харобалари халқ орасида Эски Ахси,  Темурийлар ва Шайбонийлар даврига таълуқли қолдиқлари Янги Ахси деб, аталган. Аниқроқ қилиб айтганда, Эски Ахси ва Янги Ахси топонимлари битта Ахсикат шаҳарининг турли даврларга оид харобаларига маҳаллий халқ томонидан берилган номдир. Хозирги кунлардаги Ахси қишлоғи эса 1620 йилда юз берган 9 балли зил-зиладан кейин шаклланган бўлиб, Ибрат тилга олган 15 та қишлоқнинг бири ҳисобланади. Унинг Эски Ахси ва Янги Ахси деб, аталган археологик ёдгорликларга алоқаси йўқ.
 
Яккайигит қишлоғидан топилган Янги топилмалар
 
Энди Ахсикат тўғрисидаги Бобур мирзо берган маълумотларга мурожаат қиламиз. Бобирномада шаҳарни Ахси деб, тилга олади ва уни катталик жиҳатдан Андижондан кейинги иккинчи шаҳар, лекин мудофааланиш нуқтаи-назардан водийда биринчи ўринда туради(Бобурнома. Тошкент,1990.8бет) дейилган. Бизга маълумки, Андижон мўғуллар хукмдорлари Тувахон ва Хайду даврида водийнинг марказига айланиб, ривожланади. Юқорида айтилгандек, Бобурномада Андижон Ахсидан катталигини таъкидлаб ўтилган. Лекин шунга қарамай, Умаршайх мирзо ўзига Ахсини пойтахт қилади. Бунга сабаб биринчидан, Ахсикатнинг аввалги даврлардаги буюклиги бўлса; иккинчидан, Бобирномада кўрсатилган унинг мудофаа иншоотларининг мустаҳкамлигидир. Жумладан, Бобурномада қуйидагиларни ўқиймиз “Қўрғони (Ахсининг) баланд жар устига воқе бўлибтур. Хандакнинг ўрнига амийқ жарликдур. Умаршайх мирзоким, муни пойтахт қилди, бир- икки мартаба ташқарроқдин яна жарлар солди. Фарғонада мунча берк қўрғон йўқтур (Бобурнома. Тошкент, 1990. 8 бет). Юқорида тилга олинган жарлар аслида қуруқ хандаклар бўлиб, шаҳарга ҳавф туғулгандагина улар сув билан тўлдирилган. Бобур ушбу хандакларни сувсиз қуруқ кўрганлиги учун, уларни жарлар деб, тилга олган бўлиши керак.
Бу ерда табиий қуйидагича саволлар туғилади: нима сабабдан мўғуллар боқинигача 400 гектардан зиёд худудни эгаллаган, 200 минг атрофида аҳолига эга бўлган, ўз даврининг мегаполиси Ахсикат кичик бир шаҳарга айланиб қолади? Бобурномада тилга олинган Ахсининг арки ва мудофаа иншоотлари қолдиқлари қаерда? Агар бу саволларга Эски Ахси ёдгорлиги худудидан жавоб изласак, унда уларга ҳеч қачон жавоб топа олмаймиз. Чунки кейинги 40 йил давомида Эски Ахси ёдгорлигининг 70 гектарга яқин сақланиб қолган худудида 24 та объектда кенг кўламли археологик қазишмалар, 30 дан зиёд жойларда археогеологик ва палеогеографик изланишлар олиб борилишига қарамай, бирон бир жойда Бобур даврига оид шаҳар архитектура қолдиқлари топилмади. Ўтган давр ичида ҳар йили дала тадқиқотлари давомида бир неча ўнлаб мўғуллар босқинигача бўлган даврга оид танга чақа пуллар топилган. Афсуски, Эски Ахси худудида Темур ва Темурийлар даврига оид танга пуллар ҳам учрамади. Лекин юқорида айтилгандек, 1980 йилларнинг бошида Якка Йигит қишлоғи худудида олиб борилган археологик кузатишлар ва кичик қазишмалар даврида Темурийлар даврига таълуқли баъзи бир архитектура қолдиқлари ва осори-атиқалар топилган. Демак, Бобур давридаги Ахси шаҳри қолдиқларини (Янги Ахси ёдгорлиги) хозирги Якка Йигит қишлоғи худудидан излаш лозим.
Президент топшириғига мувофиқ 2017 йилда Ахсикент тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш, унинг ҳаққоний тарихини яратиш бўйича улкан ишлар бошланди. «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси» давлат унитар корхонаси ташкил этилди.
Мазкур ёдгорлик Наманган вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Юртимиз ва хориждаги сайёҳлик кўргазмаларида қадимий Ахсикент ҳақида ҳам тақдимотлар ўтказилмоқда. Бунинг самарасида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ўртасида тарихий ёдгорликка қизиқиш ортмоқда. Ҳозирга қадар Бельгия, Австрия, Япония, Жанубий Корея, Россия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон каби давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрган. Қадамжони тадқиқ этиш, унинг жозибадорлигини ва сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида махсус концепция ишлаб чиқилган. Айни кунда шу асосда Фарғона водийсида ички туризмни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.
 
 
Унга кўра, бу ерда музей ташкил этилади. Ахсикентнинг қадимий довруғини тиклаш мақсадида рамзий дарвоза қурилади. Умаршайх Мирзо ва Бобурнинг Камолиддин Беҳзод чизган суратлари асосида уларнинг ҳайкали бунёд этилади. Сайёҳлар учун Сирдарё бўйлаб қайиқларда сайр қилиш, туяда кўҳна шаҳарни томоша қилиш имконияти яратилади.
Бир сўз билан айтганда, зарур инфратузилма, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилиб, Ахсикент туризм манзилига айлантирилади.
– Ахсикент – буюк тарихимиз кўзгуси. Боболаримиз яшаган, қаҳрамонлик кўрсатган бу манзилда тарихимизни тиклаш учун жуда катта манба, ўтмиш далиллари бор. Биз шу пайтгача фақат машҳур шаҳарларимиз тарихини ўргандик, бундай жойларга эътибор қилмадик. Маънавиятимизни юксалтирмоқчи бўлсак, ёшларимизни ота-боболаримизнинг асл меросидан баҳраманд этиб улғайтиришимиз, халқимизга етказишимиз керак, - дея таъкидлаганди Шавкат Мирзиёев Ахсикентга ташрифи чоғида
Ушбу мажмуада қадимий тарихимизни тарғиб қилувчи этно-фестиваль ўтказиш режаси, Эски ва Янги Ахси сайёҳлик маршрути ишлаб чиқилмоқда. У ерда ташриф буюрувчилар учун қулайликлар яратиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.
 
Абдулҳамид Анарбаев,
Анвар Икромов

Биз Twitterда