Россия МДҲ мамлакатлари билан визасиз тартибни қайта кўриб чиқадими?

 
Россия президенти Владимир Путин икки кун ичида Марказий Осиёнинг учта республикасида бўлди. Кеча Бишкекда қирғизистонлик ҳамкасби Алмазбек Атамбаев билан учрашди. Бир кун олдин эса Алмати ва Душанбеда бўлишга улгурди. Путиннинг ҳамкасблари билан учрашувида хавфсизлик ва Евроосиё иқтисодий иттифоқини ривожлантириш мавзулари бош масалалар бўлди.
"Сурия ҳудудида катта сондаги жангарилар тўпланиб қолди. Уларнинг аксарияти собиқ Совет республикалари ва Россиядан. Рақам мингларни ташкил этади… Бош штаб маълумотига кўра, бизнинг махсус хизматлар, масалан, ФХХ маълумотига кўра, тахминан 4 минг Россиядан, 5 минг собиқ Совет Иитифоқи республикаларидан", – деди РФ президенти Марказий Осиёга ташрифи арафасида. Унинг қайд этишича, Сурия ҳудудида террорчиликка қарши курашар экан, ҳарбийлар бевосита Россия ҳавфсизлигига ҳисса қўшдилар, зеро, мамлакат МДҲ мамлакатлари билан визасиз режимга эга.
Визасиз тартиб мавзуси Путиннинг Қозоғистон президенти билан музокараларида давом этди. Владимир Путиннинг Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон президентлари билан музокараларида Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕАЭС) нинг улкан ҳудудида одамларнинг эркин ҳаракатланиши шароитида хавфсизликни қандай қилиб таъминлаш масаласти устувор ўрин эгаллади. Бугунги кунда ташкилотга триллион долларли ЯИМга эга беш давлат – Россия, Белорус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон аъзо. Улар сафига Тожикистон ҳам қўшилиши мумкин. Владимир Путиннинг Марказий Осиёга сафари Қозоғистондан бошланди. Бир томондан, бу жўғрофий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ, бошқа томондан, бу1994 йилдаёқ Евроосиё иттифоқини ташкил этиш ғоясини илгари сурган Нурсултон Назарбоевга кўрсатилган ҳурмат белгиси бўлди. Қолаверса, мазкур давлат катта сиёсатнинг марказига айланди. Хусусан, бир вақтлар Остонада Эроннинг ядровий муамммоси ечилган эди. Айнан Остонада расмий Дамашқ ва қуролли Сурия мухолифатининг музокаралар столига ўтиришига эришилди. Владимир Путиннинг айтишича, Остонадаги Сурия музокаралари Женевадаги мулоқотларга тамал тошини қўйди. Айнан шу ерда ўт очишни тўхтатиш режими устидан назорат механизми яратилди. "Қозоғистон томони нафақат мезбон, балки мазкур тадбирнинг ташкилотчиси сифатида ижобий рол ўйнади, айни пайтда Остонадаги учрашув натижаларига чинакам таъсир кўрсата олди", – деди Россия президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашуви чоғида. Аммо Суриядан тарқалаётган таҳдид ҳали бартараф этилмаганини ҳам қўшимча қилди.
Владимир Путин ҳар қандай масала бўлсин, бежизга гапирмайди. Экспертларнинг айтишича, агар сўз визасиз тартибни бекор этиш ҳақида бораётган бўлса, у ҳолда ЕАЭСни “кўмиш” мумкин. Бу ҳолат албатта, Кремлнинг глобал ғояларига, маҳсулот ва хизматлар, капитал ва иш кучининг эркин ҳаракатланишини кафолатловчи ЕАЭС режимига ҳам зид. Шунга қарамай, Марказий Осиё давлатлари ва Украина билан виза режимини ўрнатиш масаласи турли даражада, Россия сиёсий доираларида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларида, экспертлар ва фуқаролик институтларида муҳокама этилмоқда. Афтидан, виза масаласи ЕЭАСга киришни истамаган МДҲ мамлакатлари учун босим қуроли сифатида ишлатиши аниққа ўхшайди. Ҳозирча бу мавҳум масала. Шубҳасиз, фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига чеклов Қозоғистонга таллуқли эмас. Аммо Тожикистон масаласида бундай деб бўлмайди.
 РФ давлат раҳбарининг Душанбега ташрифи Москванинг президент Имомали Раҳмонга мойиллигини кўрсатди. Владимир Путиннинг маълум қилишича, Раҳмон билан музокаралари давомида олдин Россия қонунчилигини бузган муҳожирларнинг амнистияси билан боғлиқ муаммога ечим топилган. РФ бош вазирининг биринчи ўринбосари Игор Шуваловнинг фикрича, бундайлар 200 мингга яқин бўлиши мумкин. Россия давлат раҳбари Имомали Раҳмонга Александр Невский орденини топширди ва Тожикистонни минтақавий хавфсизлик муаммоларини ечишдаги муҳим мамлакат деб атади. Бунда албатта Тожикистондаги Россия ҳарбий базаси ёрдам бермоқда.
Россия фанлар академиясининг шарқшунослик институти илмий ходими Станислав Притчин фикрича, Россия Тожикистоннинг ЕАЭСга қўшилишидан манфаатдор, аммо муайян шартлар асосида. Москва учун МДҲнинг жанубий сарҳадларида хавфсизликни таъминлаш, Тожикистон ва умуман Марказий Осиёга, қолаверса, Россиянинг ўзига экстремизмнинг кириб келишига йўл қўймаслик ўта муҳим. "Душанбе билан ҳамкорликда Қирғистоннинг ЕАЭС доирасидаги ижобий тажрибаси, яъни мигрантлар оқимини тартибга келтириш нуқтаи назаридан фойдаланиш мақсадга мувофиқ", – дейди "НГ" га Станислав Притчин.
Шунинг учун Москва Душанбедан жавоб қадамларини кутаётгани аниқ. Тез орада Тожикистоннинг иқтисодий иттифоққа қўшилиши борасида сиёсий қарор қабул қилиниши инкор этилмайди. Бу меҳнат муҳожирлиги масаласини автоматик тарзда кун тартибидан олиб ташлайди, Тожикистоннинг ягона маҳсулот ва хизматлар бозорини шакллантиришдаги иштирокини таъминлайди, унинг молиявий ресурслар ва янги инвестицион лойиҳаларда қатнашишини кафолатлайди. Тожикистоннинг ЕАЭСдан узоқлашуви Россия ва Қозоғистонда улар учун меҳнат бозорининг қисқаришига олиб келади, Қирғизистон ва Арманистон фуқаролари билан таққослаганда тожик муҳожирларининг ҳаётини оғирлаштиради. Маълумки, улар Россияда муҳожирлар ҳисобланмайди, балки "ЕАЭС меҳнаткашлари" саналади. Тожикистон расмийлари шубҳасиз, 270 мингга яқин фуқаролари Россия миграция хизматининг “қора рўйхатида” эканлигидан ва улар 5 йилдан 10 йилгача муддатга РФга кира олмаслигидан хабардор.
Аммо эксперт Александр Князевнинг фикрича, бу масалага Душанбе эҳтиёткорроқ ёндашади. Тожиклар ЕЭАС интеграцияси стратегик жиҳатдан зарурлигини тушунишади. Аммо ўтган йили ташкилотга аъзо бўлиб кирган Қирғизистоннинг аъзоликдан кўрган зарари уларни ўйлантириб қўйган. Россия афғон йўналишидаги хавфсизлик соҳасини биргина Тожикистонда эмас, қўшни Туркманистонда ҳам назорат қилишни хохлайди, зеро, бу Россиянинг ўзини ҳам, Каспий акваторияси ва Қозоғистоннинг хавфсизлиги масаласи ҳамдир.
Путиннинг Бишкекка сафарига келсак, экспертлар фикрича, Россия президенти яна бир кун Чимбулоқда Қозоғистон президенти билан чанғида учса зарар қилмасди. Чунки Бишкек Владимир Путинни митинг билан қарши олди. Ташриф арафасида "Ота-Макон" партияси етакчиси, парламент депутати Омурбек Текебаев қамоққа олинди. Қирғизистонлик сиёсатчи Равшан Жеенбеков ушбу ҳодисани шунчаки Путин ташрифига тўғри келиб қолган воқеалик деб баҳолайди. Президент Атамбаев ўз рақибидан ўч олишни истаганди ва бу истагига эришди дейди эксперт. "Россия Қирғизистон бюджетини молиялаштирмаяпти. Бюджет чокидан сўкилиб ётибди. Режалаштирилган ГЭС қурилмади. Қирғизистон раҳбарияти кўпқутбли сиёсат юргизмоқда. Асосий эътибор Хитой ва ЕИга қаратилган. Афтидан, шу руҳда музокаралар олиб борилади. Путин Қирғизистоннинг Россия таъсири остида қолишини истайди", – дейди Жеенбеков.
Владимир Путиннинг Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафари давомида бирорта расмий ҳужжат имзоланмади.
 
Абдували Сайбназаров,
Vodiymedia.uz учун махсус

Биз Twitterда