ОАВ муҳаррирларига лицензия олиш талабини жорий этиш керак!

 
Ўзбекистон футболида шундай талаб бор: "Про" лицензияси бўлмаган мураббийлар Суперлига клубини бошқара олмайди. Қолган лигалар учун ҳам ўз лицензияси бор. “Бу лицензия талаб қилаётган мутахассисимиз ўз вақтида дунёга машҳур футболчи бўлган, ишлайверсин лицензиясиз ҳам” демайди ҳеч ким...
Ўзбек матбуотида эса истаган шахс исталган оммавий ахборот воситасининг бош муҳаррири бўлиши мумкин. ОАВ тўғрисидаги қонундан хабари борми, йўқми, умуман икки энлик нарса ёза оладими, йўқми, умуман аҳамиятсиз. Муассис тайинласа бўлди, демак – бош муҳаррирсиз...
ОАВнинг жамиятда ўзи бўлиши керак бўлган жойга чиқа олмаётганининг сабабларидан бири балки шундадир?! Балки биз матбуот соҳасида ҳам лицензия олиш талабини жорий этишимиз керакдир?! Балки муҳаррир, ўз ўтирган ўрни бўйича фақат муассис олдида эмас, ундан аввал қонун олдида, жамият олдида жавобгар эканини уларга уқтириш керакдир...!?
Таҳлилга ўтмоқчи эмасман, албатта ҳаммада ҳам камчиликлар бўлади, ҳамкасбларимизни яхши-ёмон муҳаррирга ажратиб ниятидан йироқман. Кенгроқ қамровда оладиган бўлсак, бугунги кун матбуотида сон жуда кўпайди, сифат бунга мос ўса олмади...
ОАВ муҳаррирларига лицензия олиш тартибини жорий этиш жуда осон: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги қошида бош муҳаррирлик курслари жорий этилади. Уч турда лицензия жорий этилса, “А”, “В”, ва “С”. Биринчи лицензия барча ОАВда муҳаррирлик қилиш ҳуқуқини беради, иккинчиси вилоят ҳамда вазирликлар нашрларида. Учинчиси шаҳар-туман газеталарида ва вилоят тармоқ газеталарида.
Демак, бу курсларда нима ўқитилади ва нимани сўралади: биринчидан қонунчилик талабларига кўра муҳаррир маъсулияти, иккинчидан ижодий синов, учинчидан АКТ бўйича билимларни оширилиши..
Ёзганларимнинг бари “мисол учун” деган ибора билан ўқиладиган жумлалар. Асосийси, ОАВ муҳаррирларига қўйиладиган талаблар ҳамда номзод томонидан гувоҳнома берувчи органга бу борадаги билим ва кўникмаларини амалда намойиш этишини йўлга қўйиш кераклигида фикр муштараклиги бўлса, қолгани “деталлар” холос...
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда