Имтиёз бермаётган имтиёзлар ёҳуд қоғоздаги "жаннат" қачон ҳаётга кўчади?

Соҳани ислоҳ қилишга, ривожлантиришга қаратилган норматив ҳужжат қабул қилиш мақсадга етишишдаги илк қадам бўлса, унинг амалиётда ижроси бевосита масъулларга ва унинг ижро этилиш ҳолатига боғлиқдир. Агар ижро ўз вақтида сифатли бажарилмаса, ҳар қандай қонун ёки қарорнинг оддий қоғоздан фарқи бўлмай қолади.
Ислоҳот қабул қилинган ҳужжат сонига эмас, одамлар ҳаётини ўзгартира олганига қараб баҳо олади. Бу жараёнда парламент ва жамоатчилик назоратининг алоҳида ўрни сезиляптими?
 
 
 “Энди депутатлар асосий фаолиятини қонун ижодкорлиги билан биргаликда унинг ижросини ўрганишга қаратмоқда. Жорий йил июнь ойининг дастлабки ўн кунлигида Қашқадарё вилоятида Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида кредитлар ажратиш ҳолати ҳамда Президентимизнинг “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси ўрганилди.
Айни шу йўналиш нақадар долзарб эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб берди. Чунки пандемия шароитида иш ўринлари сони кескин қисқариб, ишсиз ва даромадсиз қолганлар кўпчиликни ташкил этаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айни шундай шароитда ўзини банд қилувчи оилавий тадбиркорлик, ҳунармадчилик каби соҳалар ҳам давлат учун, ҳам фуқаролар учун энг яхши чора ҳисобланади.
Ўз-ўзидан савол туғилади: Ғоят муҳим ҳисобланган ушбу йўналишларда Қашқадарё вилоятида қандай ишлар амалга оширилган?
Жорий йилда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида Қашқадарё вилоятида жами 3 618 та лойиҳаларга 127 576,0 миллион сўм маблағ ажратилган.
Ушбу лойиҳаларнинг асосий қисмини иссиқхона, боғдорчилик ташкил этиш, паррандачилик, асаларичилик, чорвачилик, қуёнчилик, балиқчиликни ривожлантиришга ажратилган маблағлар ташкил этади.
Шу ўринда ўрганишлар давомида депутатлар Қашқадарё вилоятида ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳолати билан ҳам танишишди.
Маълумки, Президентнинг 2019 йил 24 октябрдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2020 йил давомида ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури учун 589,3 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилиши белгиланган. Ушбу маблағлар, «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, «уста-шогирд» мактабларини ташкил этиш, уй-музейи ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш, айланма маблағларини тўлдириш учун Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан ошмаган ҳолда 18 ой муддатга, базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 бараваридан ошмаган миқдорда кредитлар ажратиш назарда тутилган.
Қарорнинг мазкур банди ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарёда ҳунармандчиликни ривожлантириш учун 415 та лойиҳага 15 804,0 миллион сўм ажратилган. Маблағларнинг ўртача қиймати 38 миллионни ташкил этмоқда.
Хўш, ажратилган кредитлар миқдори кўпми ёки кам?
Жорий йилда республика бўйича ажратиш режалаштирилган жами 589,3 миллиард сўм маблағнинг Қашқадарё вилоятида ҳозиргача 2,7 фоизигина ажратилган, холос. Афсуски, бу рақам мақтанишга арзирли эмас. Бунинг сабабини ўрганиш мақсадида мазкур кредитни олган ва олмоқчи бўлган ҳунармандлар билан суҳбатлашилди. Улар кредит маблағлари ҳисобидан ўз фаолиятларини такомиллаштириш имконияти пайдо бўлгани, аммо ҳозирги пандемия шароити бевосита таъсир қилиб, маҳсулотлари сотуви ҳажми кескин камайиб кетганини маълум қилишди. Бу ёқда кредитни қайтариш муддати қисқалиги туфайли ойлик тўлов миқдори катта суммага айланиб кетаётганини таъкидлашди. Мисол учун, ўртача 38 миллион сўм кредит олган тадбиркор фоизларни ҳисобга олмаганда ойига 3 100 000 минг сўмдан тўлашга мажбур бўлмоқда. Табиийки, бунча миқдордаги тўлов ҳар қандай ҳунарманд учун оғирлик қилади. Шунинг учун кўп ҳунармандлар оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган муддати 3 йиллик бўлган кредит олишга ҳаракат қилишмоқда.
Бундан кўриниб турибдики, ҳунармандлар учун имтиёз сифатида берилган маблағлар улар томонидан имтиёз сифатида қабул қилинмаяпти. Имтиёз сифатида олганлари ҳам ҳозирда қийин аҳволга тушиб қолган. Шунинг учун мутасаддилар бу масалага ҳам атрофлича эътибор қаратиши, имтиёз деб қоғозда ёзилган сўзни ҳаётга ҳам кўчириши лозим”, - дейди депутат.
Хулоса қилиш эса сиздан, азиз ўқувчи!
 

Биз Twitterда