Гаагада Ўзбекистондаги бўлажак сайловлар ҳақида ахборот берилди

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурханов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Бельгия ва Нидерландия давлатларига ташриф буюришди. 
 
 
Мамлакатимиз делегацияси вакиллари ташриф дастури доирасида жорий йилнинг 21 ноябрь куни Гаага шаҳрида бир қатор учрашувлар ўтказди. Асосий эътибор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар учун бўлиб ўтадиган сайловлар, сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар, муҳим сиёсий тадбирнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш чоралари тўғрисида жаҳон ҳамжамиятини хабардор қилишга қаратилган.
 
Фото: "Юксалиш"
Хусусан, Нидерландия парламентида депутат Альберт ван ден Бош билан учрашув бўлиб ўтди. Эркинлик ва демократия партиясининг аъзоси, Нидерландиянинг ЕХҲТ Парламент Ассамблеясидаги делегацияси раҳбари Ўзбекистонда бўлажак парламент сайловларида ЕХҲТ делегацияси таркибида кузатувчи сифатида иштирок этиши режалаштирилмоқда.
Учрашув якунига кўра, Халқаро ривожланиш ҳуқуқи ташкилоти (IDLO — “International Development Law Organization”) билан “Юксалиш” УМҲ ва IDLO ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу жумладан коррупция қарши курашиш ва гендер тенглигига йўналиши бўйича биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилди. Видеоконференцалоқа режимида ташкилотнинг Римдаги бош қароргоҳи билан боғланиб, IDLO раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди.
Маълумот учун: Халқаро ривожланиш ҳуқуқи ташкилоти — бу қонун устуворлигини таъминлаш масалалари билан шуғулланувчи ҳукуматлараро ташкилот. У жамият ва ҳукуматларга тинчлик, қонунчилик, ижтимоий ривожланиш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга мақсадида  ҳуқуқий тизимни ислоҳ қилишга ёрдамлашади.
Ўзбекистон делегацияси Нидерландия кўппартиявийлик демократия институтида ҳам учрашувлар ўтказди. Якунда томонлар ҳамкорликда сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини оширишга, турли мавзуларда ижтимоий сўровлар ўтказиш методикаси ва тажрибаси ўрганишга қаратилган тадқиқотлар ўтказишга келишиб олдилар.
Маълумот учун: Нидерландия кўппартиявийлик демократия институти бутун дунёда тинч, адолатли ва инклюзив сиёсатни илгари суриш учун фаолият юритади. Ташкилотнинг асосий қадриятлари сифатида мулоқот, плюрализм ва тенглик белгилаб олинган. Институт сиёсий партиялар ва бошқа манфаатдор томонларнинг дунё бўйлаб кўппартиявий демократия фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшма ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.
Делегациянинг Бенилюкс мамлакатларига ташрифи давом этмоқда.

Биз Twitterда