Икки йўналиш бўйича дунёда тенгсиз боксчи муносиб кутиб олинди

3 февраль куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиевни вазирлик ва идоралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, спорт мухлислари тантанали равишда кутиб олди. Дунёнинг янги чемпиони ўз камарини баланд кўтарган ҳолда она Ватан заминига қадам қўйди.
 
 
"Америкада ўтказилган учрашув ҳаками ғалаба қозонганимни эълон қилганида мени чексиз фахр-ифтихор туйғулари чулғаб олди, – дейди Муроджон Аҳмадалиев – Қийин ва муросасиз жангда барча юртдошларимнинг мени чин дилдан қўллаб-қувватлаганини чуқур ҳис қилиб турдим. Айниқса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ғалабамни юқори баҳолаб, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирлаганини эшитганимда беҳад миннатдор бўлиб, ғурурландим. Камтарона меҳнатларимизни доимо юқори баҳолаб келаётган мамлакатимиз шарафини янада юксалтиришга бор куч-ғайратим билан ҳаракат қиламан"
2020 йил 31 январь нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон спорти тарихи саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Шу куни Американинг Майами шаҳрида ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев жаҳон бокс уюшмаси – WBA ва халқаро бокс федерацияси – IBF йўналишлари бўйича жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритиб, Ўзбекистонимизнинг номини дунёга яна бир карра танитди.
Спортчини кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси, сенатор Алишер Саъдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Бокс федерацияси раиси ўринбосари Сакен Пўлатов ҳозир бўлишди.
Бош вазир Абдулла Арипов Муроджон Аҳмадалиев тақдирлаш маросимида иштирок этиб, унга ва ота-онасига Президент табригини етказди.  “Ўзбекистон ифтихори” унвони медалини кўксига тақиб қўйди.
Муроджон Аҳмадалиевга Президент совғаси Тошкент шаҳридан 3 хона уй ва “Тракер” автомобиль калити топширилди.
 
 
Президентимизнинг Муроджон Аҳмадалиевга йўллаган табригида таъкидланганидек, эл-юртимизнинг ишончини оқлаб, мустақил Ўзбекистон спорти тарихида мутлақо янги ва ёрқин саҳифа очган ушбу оламшумул зафар соҳиби бўлган Муроджон каби жасур ва ватанпарвар ўғлонларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.
 

Биз Twitterда