Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Берлинда намойиш этилди

Article
Германия пойтахти Берлин шаҳрида бўлиб ўтган “ITB Berlin – 2017” халқаро туризм кўргазмасида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти кенг намойиш этилди. 
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан маълум қилишларича, “Messe Berlin” кўргазма мажмуасида ўтказилган анъанавий анжуманда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, мамлакатимизнинг «Asia Adventures», «Havas Tour», «Compass Tour», «Registon Travel», «Sitara International», «Sarbon Tour», «Olympic Tour Service», «Azimut Samarkand Travel», «Dolores Travel Services», «Euroasia Travel», «Bella Asia», «Oriental Tales» каби қатор сайёҳлик компаниялари ўз хизматларини намойиш этди. Ярмарка иштирокчилари мамлакатимизда туризм соҳасида яратилган шарт-шароитлар, таклиф этилаётган хизматлар, меҳмонхоналар, сайёҳлик операторлари ва агентлари фаолиятига оид кўплаб маълумотлар билан танишди. 
Ушбу нуфузли туризм форумидан ўрин олган “Ўзбекистон” миллий стенди ўзига хос дизайни, миллий безаклари ва мазмунан бойлиги билан кўргазма иштирокчиларининг эътиборини тортди. Мамлакатимизнинг қадимий шаҳарлари, диққатга сазовор жойлари ҳақидаги маълумотлар ва суратларни ўз ичига олган альбомлар, буклет ва нашрлар, халқ амалий санъати намуналари барчада катта таассурот қолдирди. Миллий куй-қўшиқларимиз ва ранг-баранг рақсларимиз ижроси, серқуёш заминимизда етиштирилган сархил мевалар ҳамда миллий таомларимиз йиғилганларга ғоят манзур бўлди. 
“ITB Berlin – 2017” халқаро кўргазмаси мамлакатимиздаги сайёҳлик хизматларини халқаро туризм бозорларига таклиф этиш, ушбу соҳа вакилларининг чет эллик ҳамкасблари билан ҳамкорлигини кенгайтириш имконини берди. 
Кўргазма доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Шаропов раҳбарлигидаги делегация Германия Бундестагининг туризм ва спорт бўйича қўмитаси, Германия сайёҳлик уюшмаси, Савдо-саноат палатаси каби қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Музокаралар давомида сайёҳлик соҳасидаги икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш, ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди. 

Биз Twitterда