Дардлари дунёча Дилбарим

 Дардлари дунёча Дилбарим
Шоири бўлмаган эл руҳсиз танадир.
Габриэл   Маэстро
Устозимиз, Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева биз олисдаги ҳаваскор шоираларни гоҳ телевидениега, гоҳ Ёзувчилар уюшмасига тўплаб, ўтказган тадбирлари туфайли Дилбар Ҳайдарова, Шаҳодат Исахонова, Шарифа Салимова, Дилбар Саидова, Қутлибека Раҳимбоева, Муҳтарама Улуғова, Момохол Элмуродова каби тенгқурлар бир- биримизни таниб қолганмиз.
 
 
Бизлар қишлоғимизда юравердик, шеър ёзиб, бешик тебратиб, ишлаб, пахта териб...  Баъзи дугоналаримиз Тошкентга кетишди. Дилбар Ҳайдарова эса, Москвадаги Олий Адабиёт Институтига ўқишга кетди.
Кунлардан бир кун, (мен қишлоғимдаги мактабда директор эдим. Икки ўғлим, бир қизим бор, ўша пайтда. Йигирма беш, йигирма олти ёшдамидим) ўша Москвада ўқийдиган Дилбар дугонам уйимизга кели-и-б турибди-да! Уйимизнинг дарвозаси йўқ эди. Тўғри супамизга кириб келибди. Тандирга ёпилган нонларимга ҳам қарамай, қўлимда енгчамни ҳам ечмай, истиқболига югурдим...
Мени Москвадай жойдан излаб келган дугонамнинг ташрифидан, тандир ёнида қизиганимдан ва ёз иссиғидан ёниб борардим...  У аввал Самарқандни, сўнг Хатирчини, сўнг ХХ11- партсеъзд колхозини, кўчалари номсиз уйимни қандоқ топиб келганига ажабланар эдим... Дилбар ҳеч нима кўрмагандай, жилмайиб турарди. Унинг шунақа одатлари бор, кутилмаган ишлари билан ҳайратга солишни яхши кўради...
14-ўрта мактабим ўқувчилари билан клубда учрашув қилдик. Унинг таржимаи ҳоли ҳақида турмуш ўртоғим – химия-биология ўқитувчиси Мирза Умаров маъруза қилди. Дилбар ўқувчиларимга янги шеърларини ўқиб берди. Мен бирор марта кўрмаган Москва, Адабиёт Институти ҳақида гапирди. Ўта қизиқувчи ўқувчиларимнинг саволларига эринмай, намангонча лутфлар, сўз ўйинлари билан жавоб  берар. Уларнинг саволлари тугамагани сари, дугонамга меҳр қўйгани сари томоғимга  бир нарса тиқиларди, шарманда бўлмаслик учун кўз ёшларимни зўра тиярдим.
Эсимни таниганимдан бери Дилбарни танийман. Бизнинг дўстлигимиз туфайли Самарқанду Наманган ораси бир қадам бўлиб борди. Гуллар диёрида очилган гуллар менинг ҳам кўксимда ўсади. Самарқандимнинг шону шуҳратидан Дилбарнинг ҳам ғурури ўсади. Икковмизнинг юртимиздаги шоирларни, ҳофизларни, машҳур инсонларни бирдай таниймиз. Улар ҳам бизни қўшиб танишади. Ёнимда гуллаб турган дарахтнинг ифорларини, тўлиб оққан дарёнинг завқларини сезмай, яшайверар эканман. Шундай бўлиши табиий деб ўйлар эканман. Бу дўстлик, шеъриятга ошно юраклар жўрлиги оллоҳ берган саодат эканини билмас эканман...
Бир куни интернетдан бир яхши шоира қизнинг юракни жизиллатадиган шеърини ўқиб қолдиму, фикримни ёздим. Шеър гўзал эди ва Пушкиннинг машҳур тўртлигини эслатарди. Ўша тўртликни ҳам илова қилдим. Шу куниёқ А.Т. деган бири( ёшми, қарими, билмайман) менга иддао билан чиқди. “Сиз ким бўпсиз, ўзи? Ёстиқдай китобингизни( ҳали унақа катта китобим йўқ ҳам) ўқиб, бирор нарса топмадим.” Депти. Сўнг шоира синглимиз мендан узр  сўраб, ёзди: “Мен шеърларингизни яхши кўраман, А. Т. билмайди-да, хафа бўлманг, опа.” Мен улардан хафа бўлмадим. Бадиий асардан лаззат олмоқ ҳар кимнинг кўнгли. Биров тиканни, биров гулни яхши кўради. Ҳа энди, бизга адабиётшуносларнинг назари тушмаса нима қилишимиз керак? Дугоналаримиз – ёнимиздан оққан дарёлар ҳақида ўзимиз тушунтириб берамиз-да. Дили дарё дугоналаримдан бири – менинг Дилбарим. Бирга улғайдик, бирга суйдик, бирга куйдик. Меҳрларга, қаҳрларга, диёнатларга, хиёнатларга дуч келган чоғимизда дарҳол бир – биримизни излаб топдик. Ҳаётнинг сиру жумбоқларини бирга ечишга ҳаракат қилдик.
Тўғри, бир-биримизни йўқлай олмаган кунлар кўп бўлди. Кўнгилларимизни соғинчлар дарёсига отсак отдик, аммо сотмадик. Дўстликка, адабиётга хиёнат қилмадик.Узу у у н йиллар синовидан ёруғ юз билан чиқдик. Бошимиздан кечирганларимизни қўлимиздан келганча қоғозларга тўкдик.
 Дилбар Ҳайдарованинг шул кунгача ўттизга яқин назмий ва насрий асарлари чоп этилди. Ўзбекистон телевиденисида, сўнг газеталарда ишлади. Ҳамиша ўз сўзини топиб айтишга интилди, мухлислар орттирди. Наманган зиёлилари орасида иззатга сазовор бўлди.
Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Дилбар Ҳайдарованинг “Қуёш сонатаси” номли девони баҳси бўлди. Баҳс баҳона яна олисдаги дугоналар топишдик. Дилбар ҳаммамизга янги шеърий девони , “Шарқ” нашриётида чоп қилинган, “Қуёш сонатаси”ни совға қилди. Бағримизга қуёш қўшиқларини босиб, тарқалишдик.
Ҳаммани ухлатадиган тун бизни уйғотганда, китобдан Дилбарнинг қалбини изладим....  Дастлабки саҳифаданоқ, уни топа бошладим:
Ўн саккизмас, ўттиз ё қирқдадирман,
Санамай қўйганман элликдан кейин.
Ёшимни сўраманг, ширин атирман,
Кўнгил яшнаб борар, йил ўтган сайин.
Ҳа, унинг тиним билмас юраги ўзини ўтдан ўчоққа уриб, парвоналар каби яшайди. Қанотларининг куймоқ лаззатларидан қоғозга шеър тўкилади. Йиллар сони ортган сайин ифори ўткирлашиб бораётган қалбга яна мўралагингиз келади:
Бу алдамчи, ёлғон дунёларига
Ишонмайман, десам, ишонмадингиз!
Кўкламнинг кўк кийган ҳулволарига,
Тўкилган кўнглимга нишонмидингиз?
 
Дейди, дугонам. Тўкилган кўнгилнинг нишони қанақа бўларкан? Тўкилибми, оқиб ё сириқибми, нишонини излаган кўнгил манзилига етдимикин? Ёки кўнгил ва нишон орасидаги сирли жараёнларнинг номи шеъриятмикин?
Варақлар аро юрагимга чиройли ташбеҳлар уриларкан, уларни ҳамма билан бўлашгим келади. Қаранг-а, “Дунёда  тинчликнинг сайёрасимиз”(Дўстлардан салом), “Қуёш ҳам куйдириб суяди, Куйдирдинг, Осиё, онажон!”(Қуёш сонатаси), “Юзимни юзингга қўяй дарёжон, Соғиндим, меҳрингга тўяй, дарёжон, Мингта булбулингга ўзим татирман, Асли девонаман, кўнглим эса, шоҳ”(Дарёжон), “Онамга қайтарди, қайга борсам йўл”(Онамга йўл), “Мен ўтган йўлларнинг эгаси ҳижрон”(Йўлларим), «Минг йиллик тоғлардай кетдим баландлаб, Майсалар исёндай бўй чўзар кўкка” (Тоғ йўли), ”Қуёшим деб юз очса гар миллион гул, Яхши сўзга уруғ қадар менинг лабим”, “Ёшлигини сизга берди, Дилбар шоир, келажакка бундан тузук башорат йўқ”...    тўғрисини айтаверсам, 250 саҳифани кўчириб чиқишим ва  ҳад билмас туғёнлар ичида адашиб қолишим мумкин...
Энг аввало Наманган алломалару шоирлар юрти. Унинг номини  тарихнинг мангулик саҳифаларида қайд этиш учун Машраби девонанинг исми ҳам етади. Бундан Дилбарнинг боши осмонларга етади: “Оёқяланг деб ўйламанг, Дилда гавҳар, Шоҳ Машрабнинг авлодиман, билиб  қўйинг”. Мен ҳам дугонамга қўшилиб, ғурурланаман, Шоҳ Машрабнинг қадами Хатирчига ҳам теккан. Гадой Селкин авлиё бобомизни зиёрат қилганлар, дейман. Гарчанд Машраб ғазалларига шоирқалбларнинг барчаси мен учун ёзганлар деб, даъво қилсалар-да, муборак қадамлари теккан тупроқлар билан ҳам бирга мақтанамиз.
Бугунликда Наманган – гуллар шаҳри сифатида ҳам довруғ таратди. Гул каби тароватлар, сифатлар, таъбу нафисликлар Дилбарнинг шеърларига ҳам қоришиб кетган:
 
Кўнгилнинг гул боғларида гулга тутиб, гул кўнглимни,
Булбулларни тилмоч этиб, яна аҳволи тангдирман.
Оёғи остида гардман, бир кун бўлур анинг акси,
Дилбар куйдирмоқ бобида энг устаси фарангдирман.
 Ёки,
 
“Гулдай ўсиб чиқдим, бош кўтардим шахт”, “Қайта гуркиради кесилган шохлар, Дарахтнинг шохида яна гулладим”, “Етти иқлим соғинчиман, етти иқлим гули ўзим” ... қарасам, гул аралашмаган шеърнинг ўзи кам экан. Энди. Гуллар орасида яшаб, сўз айтмоқнинг ўзи ҳам омад-да. Сўзларини гулга ўраб айтиш янаям завқлироқ. Дилбар гуллар аро эркаланиб, яна шундай дейди:
Бир гул бир кун тирилтирур, баргларида сув турар,
Шу гул соясида ўлмоқ ошиқ дил дилимга аҳддир. Ва яна:
 
Менинг изларимни излаган Наврўз,
Дунёни қўяман дейди гуллатиб.
 
Дилбар дилидаги дунёча дардларини гулларнинг суви билан ёзади наздимда. Ишонч билан ишонтириб айтади:
 
Шаршараман, жўшаман,
Ишқингга ишқ қўшаман,
Билсанг, ўша-ўшаман,
Наманганнинг гулиман,
Элимнинг булбулиман.
 
         Албатта, бу юртнинг гулига, бу элнинг булбулига айлангунча, бир ижокорнинг, аёлнинг, ўғил ва қиз ўстирган онанинг қанча сабри бўлса, бардоши бўлса, Дилбарда бор эди. Ўзи айтганидек,
 
Мен яна Машрабман, яна йўлдаман,
Фарёди эрурман, дунёи дунни.
Хаёллари доим ўлда- жўлдаман,
Тонгга алмаштириб бораман тунни.
 
Жаҳоннинг даштию ёбонларида,
Илон, чаёнларинг мунча кўп, ёраб?
Шунча нишу тикан товонларида,
Намангандан кетган бечора Машраб!
 
Дилбар буюк зот она ҳақида борлигида суюниб, изларига зорлигида бўзлаб ёзган бир туркум шеърлари борки, берилиб ўқийсиз. Ўз онангиз ҳақида ўқигандай ўқийсиз. Дилбар билан дийдорлашувлар жараёнида Эътибор энани кўп бор кўрганман. Ҳар гал борганимизда бизни суйиб кўришар, оналаримизнинг соғлигини сўрар ва албатта катта, қадимий сандиғини очиб, бизга куйлаклик матолар ҳадя қилар эдилар. Ётиб қолинглар десалар, кулиб хайрлашиб кетар эдик. Ёшлари тўқсондан ошган эса-да, мангу яшайдигандек туюлар эди...
Эй  дўст,  юрган йўлларим
Онамга элтар эди.
Қанот эди қўлларим,
Онам деб, учар эдим. 
 
Эй дўст, онам меҳрибон,         
Меҳрнинг кони эди.
Ундаги ширин забон,
Меҳр макони эди.
 
 Деб, масту мастона куйлаб юрган эди. Онадан жудолик ўти бағрини ёндирди, куйдирди.
Эй дўст, нетай бу замон,
Бўлмас мени овутиб.
Энди болалик тамом,
Кетар онам тобути.
 
Эй дўст, бу дунё асли,
Айрилиқнинг бошидир.
Ҳамишамас гул фасли,
Онамнинг кўз ёшидир. (Гирядан)
 
“Айрилиқ қасидаси”ни ўқир экансиз, дунё ва она ўртасидаги фалсафа кўзларни каттароқ очади.
 
Бу дунё асли надир,
Борми, чеки, сарҳади.
Дунёни ушлаб турган
Онанинг муҳаббати.
 
Дунёни бутлигича
Кўксига босган онам.
Юраги ўтлигича
Биз билан ўсган онам.
 
Шаҳрихоннинг сойини
Соғиниб кетган онам.
Норин дарё бўйини
Боғ қилиб кетган онам....
 
Марсия олтмиш беш тўртликдан иборат. Ҳар бир сатрдан силқиб турган дардлар, фарёдлар садоқатга, меҳрга ичилган қасамга ўхшайди. Дунё оналарнинг меҳри билан, муҳаббати билан мукаммал ва яшашга арзийдиган қаср эканлигига иқрор бўласиз.
Дилбарнинг Ватан туркумидаги шеърлари ижодининг асосини ташкил қилади. Китобдан бу мавзудаги кўплаб шеърлари ўрин олган. “Мен шарқликман”, “Ватан, ёнаяпман ишқда гуриллаб”, “бор бўлинг”, “Йўлларим”, “Кунтуғдилар керак, Ойтўлди керак”, “Ўзбекистон, бағрингни оч”, Водийни титратди оҳу ноласи”, “Наманган, сен билан икки дунёим”, “Алишармидим”,  “Ватан”, “Йўқ”, “Буғдой байрамига”, “Пахта”, “Норин”, “Буғдой сўзим”, “Бугуннинг муножоти”, “Довн йўллари”, “Бизники”, “Ватан ҳақидаги қўшиқлар” туркумига киргувчи ўн шеърнинг ҳаммаси юрт ишқининг лаззатлари, ҳаяжони, фахр ила ғуруридан дунёга  келган шеърлардир.
Тоғлар бошин баланд кўтарар кўкка,
Мулки Турон деса, тушаман чўкка.
Ўзимни ураман минг бор ўт, чўққа,
Барибир Ватан деб ёнолганим йўқ! 
Дейди, кўнгил изҳорларидан кўнгли тўлмай. Зеро бу улкан ишқни ким ёзиб тугатибди...
         Шоира, журналист, газета муҳаррири Дилбар Ҳайдарова ҳамиша йўлда. Ҳамиша уни чорлашаётган даврадошлар орасида. Олис ва яқин сафарларда. Дунё қадар дарду завқларини кўнглига сиғдиролмай, мухлислар ҳузурига ошиқади, Наманган булбули булбул тилида чулдирайди:
 
Қон юқи қиличин суғуриб қиндан,
Тўмарис беради жасоратдан дарс.
Турмоққ чорларлар узоқ- яқиндан,
Уйғонур ичимда ухлаган йўлбарс.
 
Ҳали бу йўлбарс шиддатидан гўзал асарлар юзага  келишига ишонаман.
 
Хосият Бобомуродова, шоира.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
 

Биз Twitterда