Учқўрғон туман ҳокимлиги: "MY5 телеканалини холисликка чақирамиз!"

MY5 телеканалида яқинда намойиш этилган, Учқўрғон туманидаги бозор бузилиши ҳамда 500 кишининг ишсиз қолиши ҳақида иддао этилган телелавҳа юзасидан Учқўрғон туман ҳокимлиги ўз сайтида қуйидагиларни баён қилди:

MY5 телеканали эфирида“Мухбиримиз яна Наманганда 500 киши ишсиз қолиб кетиши мумкин, деяпти” деб бошланган лавҳада Наманган вилояти Учқўрғон тумани марказида жойлашган бозорнинг бузилаётгани ҳамда 260 дан зиёд тадбиркор ҳамда 200 дан зиёд ёлланма ишчи бекорчи бўлиб қолаётгани ҳақида берилган иддао тўлалигича воқеъликдан узоқ бўлиб, ҳолатни бир томонлама, баъзиларнинг шахсий манфаатини ижтимоий муаммога айлантиришга уринишдан бошқа нарса эмас.
“Қонун ҳужжатларига қарши бориладими? 500 киши нима қилсин” деган тагёзув билан берилган лавҳада мавжуд ҳолат ўта субъектив ҳамда ҳаваскор шаклда ёритилган десак тўғри бўлади. (бундан бошқача баҳо бериш лавҳа моддий манфаатдорлик эвазига тайёрланган дейиш бўлади холос, бундай фикрга эҳтимол бермаган ҳолда журналистнинг тажрибасизлиги бу ерда биринчи ўринга чиққан деган хулосадамиз).


Учқўрғон шаҳрида жойлашган бозор, биринчидан эски бозор бўлганлиги сабабли ўта тартибсиз жойлашган, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини таъминлашнинг иложи йўқ. Иккинчидан бозор асосий йўлнинг шундай устида жойлашган бўлиб, бозор четидаги автотранспортлар йўл ҳаракати учун доимий равишда муаммо келтириб чиқариб келади. Бундан ташқари, бозор давлат чегараси чизиғининг устида жойлашган. Бозор билан қўшни Қирғизистонни фақатгина кичик дарё ўзани ажратиб туради холос. “Чегара зонасида жойлашган”и сабабли бошқа ерга кўчирилиш режаси, тўрт-беш кун журналистик сабоқ олиб, қўлига микрофон тутқазилган ярим ҳаваскор жамоатчи мухбирнинг сарказм билан таъкидлаганидек, “баҳона” эмас, хавфсизликни таъминлаш йўлидаги ҳаракатдир. Хавфсизлик тўла таъминланмаган давлатда нафақат тадбиркорлик, балки оддий турмушни ҳам тасаввур қилиб бўлмайдиган, мамлакатлар хавфсизликни таъминлаш учун пойтахтларини керак бўлса бошқа шаҳарларга кўчираётган бир даврда, чегара ҳудудида жойлашган бозорнинг хавфсизлик нуқтаи назаридан 100 метр нарига кўчирилиш сабабини телеэкранда “баҳона” деяётган мухбирнинг лавҳасини ундан-да бўртириб эфирга узатилишини тушуниш қийин бўлди.
 

Юқоридаги мавжуд муаммолардан келиб чиқиб, ушбу бозорнинг 100 метрлар нарисида, эски автобаза ҳудудида ўтган йили фойдаланишга топширилган, умумий майдони 3,5 гектар бўлган, 156 та индивидуал дўкон ҳамда 300 та растадан иборат янги бозор мажмуаси борлигига негадир MY5 телеканали камераси ҳеч қаратилмаган. Бу ердаги дўконлар ҳамда савдо расталари бўм-бўш экани, фақатгина пайшанба куни ҳамда баъзан якшанба кунлари ёйма бозор ўтказилаётгани, барча дўконларнинг бўш тургани ҳамда бозор маъмурияти томонидан 6 ойга ижара ҳақи олмаслик шарти билан тадбиркорларга таклиф этилаётгани ҳақида лом-мим дейилмайди. Янги бозор ҳудудида ўз дўконини қурмоқчи бўлган тадбиркорлар учун 1 гектар ер майдони заҳираси борлиги ҳақида ҳам гап йўқ. 
Бугунга қадар Учқўрғон туман ҳокимлиги томонидан эски бозор ҳудудида жойлашган дўконларнинг бузилиши ҳақида бирор бир марта расмий баёнот берилмаган. Ҳозирги босқичда гап бозорни янги ҳудудга кўчириш ҳақида кетяпти холос. Эски бозор ҳудудида бузиш ишлари олиб бориладиган бўлса, бу мулк эгалари билан келишган ҳолда қонунчилик талабларига тўла риоя қилинган равишда амалга оширилади.
Ушбу ҳолатлар бўйича барча маълумотлар, телеканалга интервью берган туман архитектори Саидислом Саидхўжаев томонидан мухбирга камера қаршисида тўла баён қилинган. Бироқ негадир эфирга узатилган лавҳада мухбир нуқтаи назарини дастаклашга ярайдиган қисми кесиб узатилган.
Учқўрғон туман ҳокимлиги MY5 телеканалидан берилаётган лавҳаларда холислик ҳамда профессионализмни биринчи ўринга чиқаришни ҳамда бир томонлама ёндашувларга ўрин бермасликни сўраб қолади.

Биз Twitterда