Парламент депутатлари Янгиқўрғонда: фуқароларнинг турмуш шароитларини ўрганилмоқда, мавжуд муаммолар ечимини топмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, фуқароларнинг турмуш шароитларини ўрганиш, жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш чораларини кўриш, бу борада парламент назорати самарадорлигини кучайтириш мақсадида жорий йилнинг 1 май кунидан бошлаб ҳудудларда аҳоли билан учрашиб, жонли мулоқотлар ўтказишга киришди.
2017 йилнинг 1-2 май кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳи Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида иш бошлади. Бевосита уйма-уй юриб учрашувлар ўтказишга киришилди. Кейин эса тегишли соҳалар фаолияти ҳам саволнома асосида ўрганиб чиқилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Янгиқўрғон туманида аҳоли билан мулоқот ўтказишга киришдилар. Масалан, Қонунчилик палатаси депутати Иброхим Ходжиев “Бирлик”, “Тинчлик” ва “Хадикент” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларда бўлди. Учрашувлар давомида қарийб юзга яқин фуқаролар билан суҳбатлашилди. Улар билдирган фикрлар, таклиф ва мулоҳазалар ўрганилди.
 
 
Хусусан, “Бирлик” маҳалласида яшовчи Муҳаббат Парпиева маҳалла фуқаролар йиғинини ҳудудида 3-4 йилдан бери табиий газ бўлмасада, “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Янгиқўрғон тумангаз филиали томонидан ҳудуддаги хонадонларга 98,0 млн сўм қаздорлик хисобланганидан шикоят қилди. Масалага ойдинлик киритиш ва юқоридаги муаммони ҳал этиш учун “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Янгиқўрғон тумангаз филиали раҳбарига ҳавола этилди. У тез кунлар ичида ижобий ечимини топадиган бўлди. Мавжуд ер ости қудуқларини таъмирлаш ва янги артезанларни ишга тушириш орқали ҳудуддаги ичимлик суви муаммосини бартараф этиш масаласида мурожаат қилган Ўзак-Зарбулоқ сув истеъмолчилари уюшмаси раҳбари Латиф Ароловнинг мурожаати ҳам туман ҳокимлигининг масъул раҳбарларига ҳал этиш учун тақдим этилди.
“Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият кўрсатувчи “Азаматагрокўмак” агрофирма раҳбари Исроилов Азамат қўйган муаммонинг ечимини топиш вазифаси эса назорат остига олинди. Мазкур агрофирма ҳудуддаги аҳолига чорвачилик, паррандачилик, қўёнчилик, боғдорчилик, лимон кўчатларини билан етиштириш, сақлаш, парваришлаш, етказиб бериш каби фаолият билан шуғиланиши мақсадида ташкил этилган. Бугунги кунда маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли томонидан юқоридаги фаолият турлари билан шуғилланиш истагини билдириб  агрофирмага мурожаат қилган. Агрофирма томонидан “Агробанк”, “Халқбанк” ва “Микрокредитбанк” ларнинг туман филиалларига 55 та фуқаронинг кредит хужжатлари тўлиқ расмийлаштириб топширилганига қариб икки ой бўлаётган бўлсада тижорат банклари томонидан турли хил сабаб ва баҳоналар билан пайсарга солиб келинган. Депутат бу масалани дахлдор ташкилотлар билан биргаликда ўрганиб чиқиш ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга “Депутут сўрови”ни юборишга ва ҳал этишга ваъда берди.
 “Тинчилик” маҳаллада яшовчи Ортиғон Норбоева ва Чинибек Анваров ишчи гуруҳ аъзолари олдига “Суюлтирилгангаз” балонлари етишмаслиги қўйди. Уларга “Водийгазтаъминот” унитар корхонасининг Наманган вилояти филиали томонидан туманга етказиб берилиши ва таъминланиши тушунтирилди. Бу масалани охирига етказишни “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Янгиқўрғон тумангаз филиали раҳбари Отабек Убаев зиммасига олди.
— Мен ҳам ишчи гуруҳи фаолиятида қатнашдим ва ўзим учун жуда кўп нарса ўргандим, дейди халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгаши депутати Нодирбек Аралов. — Халқ билан мулоқот инсонларнинг турмуш фаровонлигини таъминлашда нақадар катта аҳамиятга эга эканлигини ҳис этдим. Диққатга сазовор томони шундаки, ўрганишлар жараёнида ҳар бир масалани бевосита жойида ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг таклифи, яъни жойларга бориб халқ билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган масалаларни тинглаб, муҳокама қилиш нақадар тўғри, ҳаётий ва самарадор эканлиги яна бир бор исботланди.
 Ҳудудларда депутатлар ва сенаторларнинг аҳоли билан мулоқотлари, жойларда аниқланган муаммолар ўрганилиши давом этмоқда.
Ҳожиакбар Паттаев

Биз Twitterда