Наманган шаҳрида йўловчи ташувчи "Дамас"лар ҳаракати вақтинча тўхтатилмоқда

Наманган вилояти ҳокимининг тегишли фармойиши билан вилоят ҳудудида коронавирус пандемияси тарқалишига қарши кураш тадбирлари доирасида 2020 йил 23 мартдан бошлаб, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи мулкчилик шаклидан қатъий назар “Дамас” русумли автотранспорт воситаларининг Наманган шаҳри ҳудудида ҳаракати вақтинчалик тўхтатилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Фармойишга асосан, шаҳар ҳудудида автобус, микроавтобус ва йўналишсиз такси транспорт воситаларини кунлик дезинфекция қилган ҳолда фаолиятга чиқишлари қатъий белгилаб қўйилади.
Вилоят транспорт бошқармаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази, вилоят ИИБ ЙҲХБ,  вилоят давлат солиқ бошқармаси ва Наманган шаҳар ҳокимлигига Наманган шаҳри ҳудудида жамоат транспорти (автобус, микроавтобус) ва йўналишсиз такси транспорт воситаларини кунлик дезинфекция қилган ҳолда фаолиятга чиқишини таъминлаш, шунингдек, йўналишсиз таксиларда йўл кира нархини асоссиз равишда ошириб юборилмаслигини ҳамда дезинфекция қилинган жамоат транспорти (автобус, микроавтобус) ва йўналишсиз таксилардан ташқари, автотранспорт воситаларида йўловчи ташишга йўл қўйилмаслигини қатъий назоратга олиш вазифаси юклатилди.

Биз Twitterда