Юрган дарё, ўтирган бўйра - Мўғолдаги муаммолар ўз ечимини топмоқда

Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Янгиқўрғон туманидаги Мўғол маҳалласида бўлиб, ҳудудда тўпланиб қолган масала ва муаммолар билан танишди.  Ўрганишлари давомида маҳалласида ўз ечимини кутаётган 70 дан ортиқ муаммо ва масалалар аниқланди.
 
 
Маҳалла биноси ўтган йили бузиб юборилган ва ҳозиргача маҳалла идораси муқим жойга эга эмасди. Ушбу ҳудудда қурилиш ишлари олиб бораётган тадбиркор Алишер Шодмонов маҳалла идораси учун 5 та хона ажратиб беришга тайёр эканлигини билдирди.
Маҳаллада 350 та хонадон бўлиб, уларда 1400 нафардан ошиқ фуқаро истиқомат қилади. Аҳолининг аксар қисми — 1000 нафарга яқини қирғиз миллатига мансуб. Аҳолиси нисбатан кам бўлишига қарамай, 19 та оила камбағаллар тоифасига киритилган. Ушбу оила вакилларидан 8 таси ишга жойланди.
Мўғолда мавжуд қийинчиликларга қарамай ўз-ўзини иш билан таъминлаётган, меҳнати орқасидан яхши даромад олиб, хонадони фаровонлигини таъминлаётган оилалар ҳам йўқ эмас. Хайрулло Бозоров шундай оилалардан бири — Эшимбетовлар хонадонида бўлди.
Оила бекаси Мирзода Эшимбетованинг айтишича, аҳолидан сузма сотиб олиниб, кунига 30-40 килограмм қурут тайёрланади. Бунга маҳалладаги 4 нафар аёлни ҳам жалб этган. 30 сотих томорқага картошка ва бошқа экинлар экилган, 40 та асалари қутиси ўрнатилган. Хонадонда бир от, она-бола сигир, 30 дан ортиқ товуқ боқилмоқда. 4 нафар фарзанд вояга етаётган оила эгаларининг омилкорлиги сабаб уй шароитида йилига 30-40 миллион сўм даромад олинмоқда, қолаверса, қўшни аёллар ҳам иш билан таъминланмоқда.
—Астойдил ҳаракат қилинса қишлоқ шароитида ҳам фаровон яшаш, таъминоти учун етарли даромад топиш мумкинлигига шу оила ҳам мисол бўла олади. Бунинг замирида меҳнатсеварлик, уддабурролик, томорқанинг ҳар бир қарич еридан унумли фойдаланиш каби кўплаб омиллар бор. Халқимиз “қаловини топсанг қор ҳам ёнади” деб бежиз айтмаган, — деди вилоят ҳокими.
Мўғолдаги 35-сонли қирғиз мактаби 200 нафар ўқувчи икки сменада таҳсил олади. 4 та синф хонаси мавжуд, қўшимча ўқув хоналари, кутубхона, фаоллар зали, ошхона етишмайди, спорт зали таъмирга муҳтож. Ҳолатни кўздан кечирган вилоят раҳбари мактабни 2021 йил капитал қурилиш ва реконструкция дастурига киритиш учун ҳужжатлар тайёрлаш бўйича топшириқ берди.
Маҳаллада ичимлик ва экинларни суғориш учун сув масаласи ҳам катта муаммо бўлиб келаётган, ҳудудни оби ҳаёт билан таъминлайдиган сув сақлагич эса яроқсиз ҳолга келганди. Бу ерга ҳам мутахассислар жалб этилди ва иншоот фаолиятини тиклаш ишлари бошланди.
 
 
Маҳаллада электр кучланиши ҳам паст бўлиб, мавжуд устунлар ва электр симлари эскирганди. Ишчи гуруҳ саъй-ҳаракатлари билан маҳалланинг Т. Юсупов кўчасида электр устунлари ўрнатилди, Боғ кўчада эса бу борадаги ишлар бошлаб юборилди.
Қаровсиз ётган ўйингоҳ майдони ўрнида кўп қаватли уйлар қурилиб, спорт ва болалар майдончалари ҳам барпо этиладиган бўлди
 
 
—Қишлоқ жойларида ҳам кўп қаватли уйлар қуришни бугунги куннинг ўзи тақозо этмоқда. Чекка ҳудудлардаги аҳолимиз замонавий ва шинам уйларда яшашга ҳақли, улар эътиборимизни доимо ҳис этиши зарур. Буни амалга ошириш  учун бор куч-ғайратимиз ва салоҳиятимизни сарфлашимиз лозим, — деди Хайрулло Бозоров.

Биз Twitterда