"Ростов"га оммавий сотув хавф солмоқда, Шомуродов "Штутгарт"га йўл олиши мумкин

Агар Ростов клубидаги молиявий вазият ўзгармаса, қишда жамоа мураббий ва етакчи футболчиларидан айрилиши мумкин. 
Ўтаётган мавсумда «Ростов» Россия футболида ёрқин из қолдирмоқда.  Валерий Карпин жамоаси чиройли ўйин намойиш этган ҳолда ҳозирча етакчилар қаторида турибди. Лекин тез орада барчаси ўзгариши мумкин.  Ушбу ҳафтада клубдаги муаммолар ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Клуб ҳамкорлари ўз мажбуриятларини бажаришмаётир. Бу эса футболчиларни уч ойдаги бери маошсиз қолишларига сабаб бўлиб турибди.
Бу эса Россияга клубларига хос одат – футболчиларнинг оммавий сотувига олиб келиши мумкин. Трансфер ойнасининг очилишига эса бир ярим ой вақт қолди.  Валерий Карпиннинг полапонлари қаерга йўл олиши мумкинлиги ҳақида қуйида билиб олишингиз мумкин. 
 
Элдор Шомуродов – 2,5 млн евро
 «Ростов» клубининг энг яхши тўпурари, ўзбек  форварди Элдор Шомуродов мавсум кашфиёти сифатида эътироф этилмоқда. Уни Россиянинг кўп жамоалари ўз сафларида кўришни исташмоқда. Лекин футболчи ва унинг агентлари эътиборларини Европа бозорига қаратишган.  Элдор кетадиган бўлса Ғарбга қараб йўл олади. Шомуродовни Россияда қолдириш учун маҳаллий клублар энди каттагина маош таклиф қилмай иложлари йўқ. Сўнгги пайтларда унга Германиянинг «Штутгарт» ва  Москванинг ЦСКА клублари жиддий равишда қизиқишаётгани ҳақида гап-сўзлар ортмоқда.
 
Матиас Норманн – 2 млн евро
Мавсум кашфиётларидан яна бири – марказий ярим ҳимоячи Матиас Норманн. Норвегиялик йигитча Россиянинг исталган топ-клубини кучайтириши мумкин. Лекин у ҳам Европага қараб кетиш ниятида. Унга «Севилья», «Манчестер Юнайтед» ва «Тоттенхэм» қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар мавжуд. 
 
Дмитрий Чистяков – 1,5 млн евро
Ёзда «Тамбов»дан 125 минг еврога сотиб олинган марказий ҳимоячи Дмитрий Чистяков ҳозирда 1,5 млн. еврога баҳоланмоқда.  «Ростов» ҳимоя қўрғонининг устунига айланган ҳимоячи Россия термаси устози Станислав Черчесов эътиборига тушиб улгурган. Чистяков «Зенит» тарбияланувчиси ҳисобланади. Питерликлар уни қайтариш учун ҳаракатларни бошлаб юборишган.
 
Алексей Ионов – 3,5 млн евро
«Ростов»да ҳужумкор ярим ҳимоячи Алексей Ионов тўла равишда қайтатдан жонланди. Мунтазам равишда Россия терма жамоасига чақирилмоқда.  Ёши бироз ўтиб қолгани уни етакчи рус клублари сафига ўтишига тўсиқ бўлиши мумкин. Лекин, «Локомотив», «Динамо» ёки «Арсенал» клублари у билан ўз сафларини кучайтиришлари мумкин.
 
Ивелин Попов – 2,75 млн евро
Кетиш учун асосий номзодлардан бири  –  Болгария терма жамоаси сардори Ивелин Попов.  32 ёшли футболчи учун вариантлар кўп эмас.  «Сочи» клубига мураббий сифатида Қурбон Бердиевнинг қайтиши амалга ошса, Ивелин жанубликлар таркибидан ўрин олиши мумкин. 
 
Роман Еременко – 4 млн евро
Фин ярим ҳимоячиси Роман Еременко «Ростов»нинг энг қиммат футболчисидир. Унга бўлган талаб мавжуд. Лекин футболчининг кокаин истеъмол қилгани учун икки йиллик дисквалификацияни ўтагани унинг имиджига путур етказган. Лекин бошқа томондан олиб қараганда  Роман «Ростов»  сафида ёрқин ўйин намойиш этиб, хали юқори савияда ўйнашга қодирлигини исботлади.  «Ростов» билан битим имзолангунга  қатар  Еременкони Юрий Семин ўз жамоаси сафида кўришни истаганди. «Локомотив»нинг таркиб борасидаги ҳозирги муаммолари уни Москвага қайтариши мумкин. 
 
Павел Мамаев – 3 млн евро
 Павел Мамаев муаммоли вазиятда қолиши мумкин. У ҳозиргача  «Ростов» сафида бирорта ўйин ўтказмади ва баҳоргача майдонга туша олмаслиги аниқ. Лекин бунгача жамоанинг сақланиб қолиши ҳам сўроқ остида.  
 
Валерий Карпин – тўлов шартнома бўйича
Карпин мураббий сифатида яна ёрқин фаолияти билан ўзини кўрсата олди. Агар клубнинг амалдаги  президенти Арташес Арутюнянц кетадиган бўлса, Карпин ҳам жамоада қолмайди. Унинг бошқариши мумкин бўлган клублар орасида  «Локомотив» ҳам бор. Лекин темирйўлчилар “рул”ида  Семин маҳкам ўтирибди. «Спартак» эшиклари эса унинг учун ёпиқ. «Зенит»да Семак бор.  Лекин ЦСКАда Гончаренконинг креслоси анча қимирлаб қолган.
 
Умуман олганда, клубда молиявий вазият ижобий хал бўлишини истаб қолардик. Агар барчаси яхши томонга ўзгарса  «Ростов» мухлисларни хурсанд қилишда давом этади. Футбол эса бундан фақат ютади.
 

Биз Twitterда