Шоҳсафедда халқаро талабларга жавоб берадиган мототрасса барпо этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва омммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5924-сонли Фармони ижроси доирасида авторалли ва мотокросс спорт мусобақаларини тизимли ўтказиш орқали спорт туризмини ривожлантириш мақсадида Косонсой туманида халқаро талабларга жавоб берадиган янги замонавий мототрасса барпо этишга киришилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилоят кенгаши томонидан маҳаллий инвестор маблағлари ҳисобига қурилаётган ушбу мототрассада техник ва амалий спорт турлари таркибига кирувчи авторалли ва мотокросс спорт мусобақаларини тизимли ўтказиш орқали спорт туризмини ривожлантириш, вилоятимиз спортчиларини республика ва халқаро спорт мусобақаларида фаол иштирокини таъминлаш ва етакчи спортчилар билан тажриба алмашишни йўлга қўйиш режалаштирилган. 
Ҳозирда фойдаланилаётган мавжуд мототрассада вилоят миқёсидаги мусобақалар ўтказилмоқда эди. Янги қурилаётган мототрассада эса республика ва халқаро даражадаги спорт мусобақаларини сифатли ва тизимли ўтказиш имконияти ҳам мавжуд бўлади.
Мототрасса лойиҳасини тайёрлашга Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Республика техник ва амалий спорт турлари марказининг етакчи мутахассислари жалб этилди.
Косонсой тумани Шоҳсафед массивидаги ушбу замонавий мототрасса қурилиши келгуси ойда якунланади. Янги спорт иншоотида Наврўз умумхалқ байрами арафасида мотоцикл пойгаси бўйича Наманган вилояти ҳокими кубоги учун Халқаро мусобақа ўтказилиши режалаштирилмокда.

Биз Twitterда