Kun.uz нашри "Маҳаллиада-2020" Спорт ўйинларининг ахборот ҳамкорига айланди

Kun.uz нашри Наманган вилоятида ўтказиладиган “Маҳаллиада-2020” Спорт ўйинларининг ахборот ҳамкорига айланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг 2020 йил 6 январда ўтказилган “Ҳоким ва Ёшлар” учрашувида белгиланган вазифаларнинг ижроси доирасида Ўзбекистонда илк бор ташкил этилаётган “Маҳаллиада-2020” Спорт ўйинлари 2020 йил 18 март – 2020 йил 25 август кунлари Наманган вилояти маҳаллалари ҳаваскор спортчилари ҳамда жамоалари иштирокида бўлиб ўтади.
Спортнинг футбол, мини-футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси, кураш, енгил атлетика, велоспорт, ўқ отиш, сузиш, шахмат ва шашка турлари бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида бўлиб ўтадиган ушбу мусобақа, вилоят аҳолиси, айниқса айниқса уюшмаган ёшларнинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ҳамда оммавий спортни кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Олимпиада, Осиё ўйинлари каби халқаро мусобақалар форматидан бироз фарқли ўлароқ, даставвал “Маҳаллиада-2020” Спорт ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади, кейин эса маҳалла, маҳаллалараро ҳамда туман саралаш босқичлари ўтказилади. 
Мусобақанинг финал босқичи 19-25 Август кунлари Наманган шаҳри ўйингоҳлари ва спорт залларида бўлиб ўтади.
“Ўзбекистон24”, “Маҳалла”, “Спорт” ҳамда Наманган вилоят телерадиокомпаниялари ҳам “Маҳаллиада-2020” Спорт ўйинларининг ахборот ҳамкорлари орасидан ўрин олишган.
Мусобақа ташкилий қўмитаси, “Маҳаллиада-2020” Спорт ўйинларига бош ҳомийлик масаласида таниқли компаниялар билан музокаралар олиб бормоқда.

Биз Twitterда