Эрдоған ва Набиев учрашуви натижаси: Ичан қалъада халқаро этноспорт фестивали ўтказилади

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги делегацияси шу йил 22-23 февраль кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилган “Анъанавий спорт турлари ва ўйинларини қўллаб-қувватлашда ҳукуматлар аҳамияти” мавзусидаги III Халқаро этноспорт форумида иштирок этди.
 
 
III Халқаро этноспорт форумида Осиё, Европа, Африка қитъаларидаги 46 та давлатдан 200 нафардан ортиқ делегат қатнашди. Шунингдек, форумни БМТ ҳамда “ЮНЕСКО” вакиллари ҳам кузатиб боришди.
Тадбир доирасида вазир Дилмурод Набиев Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси президенти Билол Эрдоған билан учрашув ўтказди. Унда 2020 йилда қадимий Хива шаҳрининг Ичан қалъа мажмуасида этноспорт фестивалини ўтказишни таклиф қилди. Томонлар Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) орқали ҳамкорликни ривожлантириш учун таклифлар киритишга келишиб олди.
Шунингдек, Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Туркия Ёшлар ва спорт вазирлиги, Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси ҳамда 8 та давлат спорт вазирлари ўртасида миллий спорт турлари ва ўйинлари шуҳратини ошириш, улар билан боғлиқ спорт ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, бу соҳада давлатлар ўртасида институционал ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “Қўшма баёнот” имзоланди.

Биз Twitterда