"Обод марказ" дастури Тошбулоқни замонавий шаҳарга айлантирди

 
 
Наманган тумани маркази – Тошбулоқ шаҳарчасида амалга оширилган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари натижасида янги иншо этилган ҳамда қайтадан қурилган 209 замонавий ижтимоий объект бир кунда фойдаланишга топширилди.
 
 
 “Обод марказ” объектларининг очилиш тантаналарида Президент Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят туманлари ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ва Республика ОАВ ходимлари, маҳаллий аҳоли иштирок этдилар.
 
 
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 29 февраль – 1 март кунлари Наманган вилоятига ташрифлари давомида берилган топшириқлар асосида Наманган вилоятида “Обод марказ” дастури ишлаб чиқилганди. Бу дастур асосида 2019 йил май-июнь ойларида Тошбулоқда олиб борилган кенг кўламли ишлар натижасида туман маркази обод ва кўркам, аҳоли учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган ҳудудга айланди.
 
 
Туман марказини замонавий шаҳарга айлантириш бўйича тузилган режага асосан, 209 та ижтимоий объектларда жами қиймати 102,0 миллиард сўм бўлган қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилганди. Бунда “Обод марказ” дастури доирасида 36,4 миллиард сўм ажратилган бўлса, қолган қисми вилоят ва туман бюджет маблағлари, маҳаллий корхоналар маблағлари, банк кредитлари ҳамда тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилганди. Амалда бу кўрсаткич 112,0 миллиард сўмга, ёки режага нисбатан 109 фоизга бажарилди.
 
 
 
Туман марказидаги Маданият саройи капитал таъмирланиб, замонавий мажлислар зали барпо этилди, Хотира майдони иншо этилди ҳамда “Мотамсаро она” ҳайкали ўрнатилди. Давлат хизматлари маркази биноси, “Бахт уйи”, Халқ қабулхонаси, Туман ДСИ, туман ДСЭНМ, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими, Туман бандлик бўлими, Марказий дорихона, Туман ИИБ бўлими, Марказий кутубхона биноси, Тиббиёт бирлашмасининг терапия бўлими ва туман Мудофа ишлари бўлимларида катта қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, якунига етказилди.
 
 
 
Тошбулоқ марказий кўчалари кенгайтирилиб, асфальтланди, йўл четидаги бетон ариқлар янгиланиб, пиёдалар йўлакчалари қурилди. Ҳар икки ёнга тунги ёритгичлар ўрнатилди, яшил майсазорлар ташкил қилиниб, дарахт кўчатлари ва гуллар экилди.
Туман марказида банк кредит маблағлари ҳисобидан 2 та 2-3 хонали намунавий кўп қаватли уйлар қурилиб, хонадонлардан 36 таси кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларга берилди.
Аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида 5 та болалар майдончалари, ва туман марказидаги футбол майдони таъмирланди.
 
 
Ҳудудда узоқ йиллардан бери оғриқли масала бўлиб келаётган канализация, ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ тармоқларини таъмирлаш ҳамда янгиларини барпо этиш масаласига жиддий ёндашилди. Истеъмолчиларнинг электр энергия таъминотини тубдан яхшилаш учун янги темир бетон таянчлар ўрнатилиб, қўшимча электр узатиш тармоғи қурилди, янги трансформатор пунктлари ўрнатилди.
Наманган тумани марказининг сув таъминотини яхшилаш, аҳолига тоза ичимлик суви етказиб беришни ташкил этиш бўйича Жаниш сув олиш иншоотидан олиб келинаётган сув тармоғи учун 9,6 миллиард сўм маблағ ажратилиб, тармоқ тортиш ишлари якунига етмоқда. Туман марказида кўп километрлик полиэтилен ичимлик сув қувурлари тортилди, канализация тизими тозаланиб, қайта ишга туширилди.
 
 
 
Дастур ижроси доирасида Тошбулоқда 105 та замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари ва ишлаб чиқариш объектлари ҳам барпо этилди.
 
 
Дилмурод Жумабоев,
Расмлар муаллифи Раҳмонжон Мамадалиев, Тоҳиржон Турсунов

 


Биз Twitterда