Наманган тумани ҳокимига: "Президент "халқни норизо қилиб бўлса ҳам боғча қур" деяптими, ҳоким бува?

 
Наманган туманида Тепақиёт деб номланган бир қишлоқ бор. 6-7 минг аҳолиси бор бу қишлоқ, Наманган шаҳридан бир неча километр масофада жойлашганига қарамай, на ичимлик суви билан таъминланган, на газ билан. Лекин борига шукр қилишни ўрганган меҳнаткаш, фидойи халқи бор. Қишлоқда аҳоли жуда зич жойлашганидан тўртта одам йиғилиб ўтирса бўладиган жойнинг ўзи йўқ ҳисоб. Қишлоқнинг ягона сайл ва тадбирлар ўтказиш жойи бор: Авлиё Бузрукхўжа мозори. У ерда қадимда яшаб ўтган авлиё бир кишининг қабри бор, атрофида 30-40 сотих майдонда катта дарахтлар бор. Бу ер қишлоқ аҳолисининг ягона маърифий-маданий маркази десак ҳам бўлади. Дарди бор, муаммоси бор инсонлар келиб эҳсон ўтказишади, барча сайллар, Наврўз байрамлари шу ерда ўтади...
Аммо, қишлоқ халқига нима аҳамиятли, нима зарур, нима маънавий қадрга эга эканини эътиборга ҳам олмаган Наманган туман ҳокимининг шу йил февраль ойидаги қарори билан бу мозор ҳудудига хусусий болалар боғчаси қуришга рухсат берилган. Ўша даврдан бошлаб қишлоқ халқининг, МФЙнинг шикоят қилмаган идораси қолмади. Давлат идоралари эшигида сарғайди қишлоқ оқсоқоллари. Барча шикоятлар айланиб келиб яна туман ҳокимлигига тушмоқда. Ҳокимлик қарорини бекор қилиб бўлмаяпти.
Қишлоқ фуқаролари, қурилиш бошланишига йўл бермаслик учун навбатма-навбат гуруҳ бўлиб зиёратгоҳда навбатчилик ўтказишяпти. Ҳаттоки Маҳалла Фуқаролар Йиғини ҳам ўша ерга кўчиб бориб олган.
 
 
Қишлоқ инсони бир нарсани тушунмаяпти: 2017 йил якунланиб, инсон манфаатлари масаласи мозийга ўтдими? Нега минглаб қишлоқ аҳлининг нуқтаи назари эътиборга олинмаяпти? Нега мавжуд бўлган болалар боғчасидан атиги 200 метр нарига яна бир боғча қуришга туман ҳокимиятидагилар бунчалик ёпишиб олди? Халқ ўртасида ҳақли савол туғиляпти: масала боғча қуришми ёки унинг қурилиши учун ажратиб бўлинган имтиёзли кредитни ўзлаштиришми?
Боғча қурмоқчи бўлган тадбиркор ҳам шу қишлоқдан. Аввал ИИБ тизимида ишлаб, кейин ҳайдалиб кетган. “Қадриятларингга ҳам, урф-одатларингга ҳам тупурдим, тўйимга-маракамга келманглар, мени ҳам йўриқларга айтманглар, ” қабилидаги гаплар билан қишлоқнинг юзига оёқ қўяётган бири.
Наманган тумани ҳокимига саволларимизни шу ердан йўллашни маъқул кўрдик, сабаби ҳоким бутун бошли бир қишлоқ аҳли бу мозорда баррикада қилиб ўтирганини хабар топган бўлсада (агар хабарсиз бўлса, унда туманида нима бўлаётганини билмаган бундай ҳокимга ҳайф) келиб дардларинг нима деб сўрамади.
Ҳурматли ҳоким бува! Президент Шавкат Мирзиёев “халқни норизо қилиб бўлса ҳам боғча қур” деяптими сизга? Халқнинг дардида яшаш дегани қишлоқ аҳлининг дардини тинглашми ёки битта тадбиркорга кредит ажратиб бериб, бировга кераксиз боғчани қишлоқнинг муқаддас масканида дўнғайтиришми? Наҳотки бутун бошли қишлоқнинг фикри сизнинг қарорингизни ўзгартирмаса? Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик Кодексининг 10-моддасида Фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмалари яшаш ва фаолият кўрсатиш муҳитининг ҳолати, тахмин қилинаётган ўзгаришлари, аҳоли пунктларининг бош режалари, уй-жой-фуқаролик объектларининг қурилиши, реконструкцияси, ҳудудларнинг ободонлаштирилиши, муҳандислик ва транспорт коммуникацияларининг ўтказилиши тўғрисида ўз вақтида ва ишончли, тўлиқ ахборот олиш ҳамда шаҳарсозлик фаолияти ҳақидаги ўзга ахборотни олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилганига қарамай, қишлоқ аҳлидан бехабар бу боғча қуриш тўғрисидаги қарорингизнинг изоҳи сизга бу қарорни тайёрлаб берган қўл остингиздагиларнинг қонундан бехабарликларими ёки бу ишнинг тагида қандайдир сизга бизга номаълум моддий манфаатлари борми бировларнинг??? Қишлоқ ҳудудида боғча қурилиши учун мақбул ери бўлган тадбиркорлар бор, уларга ўтказса бўлмайдими кредитни? Мозор ҳудудидан 200 метр нарида мавжуд бўлган болалар боғчаси биносига ҳеч кирганмисиз? Етмиш сотих бўш жой ётибди ўша ерда, бировлар бир қисмига ўзи учун деҳқончилик қиляпти, катта жойлар кераксиз ётибди, ҳовуз деб қурилган қандайдир қаровсиз иншоотнинг майдони 5 сотихга боради... Шу имкониятларни ишга туширса бўлмайдими, қишлоқ аҳлининг ягона қадриятини йўқ қилиш нима учун керак бўлиб қолди?
Умид қиламизки, бу масала ўзининг тўғри ечимини топади. Яна бир неча кундан кейин, сентябрнинг 2-3 кунлари Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўладиган Туркий давлатлар Президентлари кенгаши ишини халқаро миқёсда ёритиш учун жўнаб кетяпман. Бу муаммо юзасидан қишлоқ аҳлининг ёппасига имзолаган шикоятини ўша ерда Президент матбуот хизмати орқали шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёевга етказишга ҳаракат қиламан. Давлат сиёсатида халқнинг розилиги кун тартибининг энг юқорисидан ўрин олгани ҳали бекор қилинмаганини ҳаммамиз ёдда тутишимиз керак!
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда