Наманганда "МАЪРИФАТ КИТОБ ОЛАМИ" хайрия жамоат фонди иш бошлади

 
Наманган вилоятида маърифатпарвар тадбиркор, саховатпарвар жамоат арбоби Маъруф Мўминов томонидан  “МАЪРИФАТ КИТОБ ОЛАМИ” хайрия жамоат фонди  ташкил этилди.
Юртимизда китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва шу йўл билан ҳамюртларимиз маънавиятини юксалтириш, кам таъминланган оилаларни маънавиятини юксалтиришга хизмат қилувчи бадиий адабиётлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, лицей, коллежлар, маҳаллаларда китоб акцияларини ўтказиб бориш, меҳрибонлик уйлари, ногиронлар, қариялар уйларида кутубхоналар ташкил этиш, акциялар уюштириш, ахолини китоб ўқишга қизиқишини ортириш каби эзгу мақсадларни ўз олдига қўйган “МАЪРИФАТ КИТОБ ОЛАМИ” хайрия жамоат фондига вилоят адлия бошқармаси томонидан 2018 йил 29 июнда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома топширилди.
 
 
Фонд қуйидаги мақсад ва вазифаларни ҳам ўзига дастур сифатида белгилаган:
- вилоятимиз ижодкорларининг китобларини нашр этилишига кўмаклашиш;
- турли йўналишларда қонунчиликда белгиланган тартибда ўқув марказлари ташкил этиш орқали моддий имконияти чекланган оилалар фарзандлари учун бепул қўшимча таълим олиш ва ҳунар ўрганиш имкониятларини яратиш;
- кенг омманинг бепул фойдаланишига имкон берувчи “Адабиёт уйлари” ташкил этиш;
- белгиланган тартибда адабиёт музейлари ташкил этиш ва юритиш;
- ахолини китоб ўқишга қизиқишини ортириш мақсадида “Book Café”лар ва “BusBook”лар ташкил этиш;
- Республикамиз ва хорижий адиблар иштирокида адабий кечалар ташкил этиш;
- олий таълим муассасаларида юқори кўрсаткичлар билан таълим олаётган, кам таъминланган оилалар фарзандларига таълим контракт тўловларини амалга ошириш учун грантлар жорий этиш;
- кам таъминланган оилалар фарзандларига мактаб кутубхонасидан вақтинча ижарага олинган китобларнинг ижара тўловларига кўмаклашиш ва уларни ўқув қуроллари билан таъминлаш;
- ногирон болаларнинг уйда таълим олишлари учун уларни доска, парта, стол, кўргазмали ўқув қуроллари билан таъминлаш билан боғлиқ тадбирларни молиявий қўллаб-қувватлаш.

Биз Twitterда