Адҳамжон Эргашевга Наманган вилоят ҳокимлигининг йирик пул мукофоти топширилди

Бугун Наманган вилоят ҳокимлигида Таиланднинг Паттая шаҳрида бўлиб ўтган катталар ўртасида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритган Адҳамжон Эргашев билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар берди

Спортчимизнинг жаҳон чемпионатида эришган натижаси бу пировард мақсад – Токио-2020 Олимпиадаси олтин медаллари йўлидаги навбатдаги қадам экани, Наманган вилоятининг Адҳамжонга ишончи катта экани учрашувда алоҳида қайд этилди. Адҳамжон Эргашевга вилоят ҳокимлигининг йирик пул мукофоти ҳам топширилди.

Жаҳон чемпионатида 67 кг вазнда иштирок этган ўсмирлар ва ёшлар ўртасида кўп карра жаҳон чемпиони, янгиқўрғонлик атлет Адҳамжон Эргашев даст кўтаришда 146 кг натижа билан тўртинчи ўринни эгаллаган бўлса, силтаб кўтаришда 182 кг натижа кўрсатиб, учинчи ўринни қўлга киритди. Адҳамжон, бронза медали билан бирга Токио Олимпиадаси йўлланмаси учун қимматли очколарни ҳам қўлга киритди.

Адҳамжон Эргашев Таиландда бўлиб ўтган мусобақада кўрсатган натижаси билан катталар ўртасида жаҳон чемпионати совриндори бўлиш бирга, ўз ёш тоифасида 7 та жаҳон рекордини ҳам янгилади.
Адҳамжон, “Худо хоҳласа Токиодан Олимпиада олтин медали билан қайтиб, менга билдирилаётган ишонч ва умидларни тўла оқлайман” деб ваъда берди.

Олимпиадада ғолибликни қўлга киритиш жуда катта натижа бўлади. Халқаро майдонда Ўзбекистон байроғи юқори кўтарилади. Бундан ташқари, минглаб ёшларимизда ҳавас уйғонади, спортга кириб келишади, чемпионлар ортидан эргашишади.

 


Биз Twitterда