Гастербайтер "танқидчилар" ёхуд Давлат Назар Наманганда кимнинг "буюртмаси"ни бажаряпти?

 
Очиғи, сўз эркинлиги ривожи, интернет-журналистикасининг тараққиёти ҳамда ижтимоий тармоқларнинг оммалашиши билан жамиятда кўп нарса ижобий томонга ўзгарди. Кўплаб ечилмай ётган муаммолар ҳал бўлишга бошлади. Бироқ ҳолат аста-секинлик билан шу даражага етдики, энди исталган шахсга, исталган идорага қаратилган “мақсадли” ижтимоий тармоқ “ҳужумларини” уюштириб йўлга қўйилди. Яқиндагина Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Комил Алламжоновга қаратилган қасддан салбий ахборот тарқатиш кампанияси бунга яққол мисол бўлади.
Масала агар кўтарилган муаммога ҳақиқатдан алоқадор шахс томонидан олиб чиқилса, ёки ҳаммага тааллуқли бир ҳолат бўйича бўлса, бунда майли дейсиз. Лекин, шундай ҳолатлар бўляптики, баъзилар, бировнинг буюртмаси билан ишлаётгандай, турли ҳудудларга борволиб, муайян шахсга бевосита ва билвосита қаратилган маълумотларни йиғиш, салбий талқинда тарқатиш билан шуғулланяптилар.
Давлат Назар (Давлатназар Рўзметов) деган шахс билинади ўзбек матбуотида. Ўтган йили Хоразмнинг Қўшкўпирида ароқ ичволиб, туман ҳокимлиги йиғилишига кирганида, 7 суткага қамалгани билан номи чиққанди илк бор. Ўшандан кейин исми эшитилмай қолди.
Сўнгги пайтда Наманганда пайдо бўлиб қолди. Хоразмдан Наманганга келиб кир қидиргани нима мажбур қилгани бизга қоронғу, ўзига аён. Лекин бир нарса борки, ўзи яшаган маҳалласининг битта муаммосини ҳали жамиятга олиб чиқмаган бу “буюк танқидчи”, ижтимоий тармоқларни Наманганга қора чаплашга қаратилган чиқишлари билан тўлдирворди.
Бу чиқишларнинг тагини қарасангиз, мисли кимдир “нима қилиб бўлса ҳам Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззақовни ишдан олиб ташлаганга бир лаган тилла” деб эълон қилган-у, Давлат Назар чопиб келганга ўхшайди. “Бунчалик эмасдир” дейсизми: келинг, бирма бир кўрайлик.
Видео чиқарилди “Фейсбук” саҳифаларига. Кам таъминланганлиги айтилган бир қиз, мактабдан китоб ижараси учун пули йўқлигини айтмоқда. Видеодаги ҳолат қай даражада ҳақиқат, буни билмаймиз. Чунки, Ўзбекистоннинг исталган нуқтасига борсангиз, кам таъминланган оилалар фарзандларидан китоб ижараси учун пул олинмайди. Маҳалладан битта маълумотнома олиб келса бўлди, бепул берилади. Ҳокимга ҳеч қандай алоқаси йўқ масала. Энди буни тарқатган Давлат Назар ёзяпти: “Наҳотки КАТТАЛАР олдида "очко" олиш муҳим, бироқ инсон тақдири, оғиз кўпиртириб "келажагимиз" дея таърифлайдиган болаларимиз тақдири Наманган шаҳар ҳокимлигидагилар учун арзимиган нарса...” (айнан келтиряпмиз саҳифасидан).
Кейингиси, Наманган шаҳридаги Гулбоғ маҳалласидаги қабристон билан боғлиқ “Озодлик” тарқатган видеони турли ижтимоий гуруҳларга жойлаган, “Наманганда бозор билан мозорга тегинма деган гапни унутишибди” деган баёнотни берган ҳам Давлат Назар бўлади. Бу видеонинг марказида ҳам Наманган шаҳар ҳокимини қоралаш турганини эътиборга олсак, қаҳрамонимиз диққатини нега ўзига тортганини англаб етамиз.
Наманган шаҳрида жойлашган Ихтисослашган қурилиш моллари савдо комплекси билан боғлиқ бири биридан ўтадиган бир томонлама постлари, материаллари ижтимоий тармоқлари ҳар куни жойлана бошланди. Бу ерда ҳам ҳиссадорлар ўртасида юзага келган ўзаро низони (ҳиссадорлар бу - Наманган шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Ёғоч маҳсулотлари савдоси” МЧЖ) “ҳоким ва тадбиркор “жанги” деб эълон қилворган Давлат Назар, ҳеч тап тортмасдан Наманган шаҳар ҳокимига “тадбиркорнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, мулкини дахлсизлигини таъминловчи қонунлар Наманганда очиқдан очиқ тан олинмаётгани”, “тадбиркорнинг ўз маблағлари эвазига барпо этган савдо комплексига кўз олайтириб унга тегишли дивидентларнинг ўзлаштирилиши” деган айбловларни қўйиб ташлаяпти.
Охиргиси ҳаммасидан ҳам ўтиб тушди. Ҳар куни Наманганда маҳаллама-маҳалла юриб, тирноқ тагидан кир қидириб юрган бу “валломат журналист”, Намангандаги “Саховат” кекса ва ногиронлар учун интернат уйига бориб, у ердагилар билан “мулоқот”ини жойлабди “Фейсбук”ка. Кўчада сўров ўтказиб, видеосини интернетга қўядиганлар борку, ўзига ёқмаган 50 кишининг айтганини ўчириб, ўзи истаганидек гапирган 5 тасини гапини олиб чиқадиган, шуларнинг тизимини ишга солиб, гаплашганлари орасида гапни шунга бурганки, интернат уйини Фарғонага кўчирилиши ҳақидаги миш-мишларни (балки ҳақиқатни, агар шундай бўладиган бўлса ҳам бу Наманганда ўзида ҳал бўладиган масала эмас), “Саховат” уйи жойлашган ер кимгадир керак” деган нуқтага марказлаштириб, яна масалани шаҳар ҳокимига йўналтиради. Мисли “кекса ва ногиронлар учун интернат уйи жойлашган ер кераклиги учун у кўчириляпти” деган фикрни онгости сингдириш учун.
Бундай чиқишларнинг остида ҳеч қандай шахсий молиявий манфаат йўқлигини, Давлат Назар Хоразмдан ўз чўнтагидан харажат қилиб Наманганга келиб, шаҳар муаммоларни ҳал этиш билан машғул деган гапни болаларга айтсангиз, ишонмайди. Ё сиз ишонасизми...?!
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда