Ўзбекистон Миллий университети, Туркиянинг Ибн Халдун университети билан ҳамкорлик ўрнатди

 
Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Туркиянинг Ибн Халдун университети (İbn Haldun Üniversitesi) ўртасида таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзоланди.
Ҳамкорлик келишуви, Истанбулнинг Бошоқшеҳир туманида жойлашган Ибн Халдун университетининг шаҳарчасида имзоланди. Ўзбекистон миллий университети халқаро алоқалар бўйича проректори, иқтисод фанлари номзоди Расул Раҳмонов ва Ибн Халдун университети ректори, профессор Режеп Шентурк ўзаро ҳамкорлик пойдевори бўлган бу ҳужжатга имзо чекишди.
Келишув доирасида ўзаро тажриба алмашинуви йўлга қўйилади, талаба ва профессор ходимлар алмашинув дастурлари амалга оширилади. Қолаверса, тадқиқотлар борасида дунёнинг энг олд олийгоҳларидан бири бўлган Ибн Халдун университети билан қўшма тадқиқот ишлари олиб борилади. Шунингдек, имзоланган келишувга кўра, қўшма илмий-амалий конференциялар ўтказилади, икки университетда мавжуд бўлган илмий манбалардан ўзаро фойдаланиш учун имконият яратилади.
 

Биз Twitterда