САЙЁРАМИЗНИНГ СЕРДАРОМАД СПОРТЧИЛАРИ ёхуд мухлислар ардоғидаги машҳурлар

Ўз устида тинимсиз ишлаб, юқори даромад олувчи профессионал спортчилар ҳамиша мухлислар ардоғида бўлиб келган. Қуйида биз эътиборингизга “InsiderPro” манбасига таянган ҳолда жаҳоннинг турли даврлардаги энг юқори даромад олувчи 20 нафар энг кучли ва машҳур спортчилар ҳақида сўз юритишни жоиз деб топдик. Демак, бошладик:

Майкл Жордан - 1 миллиард 700 миллион доллар

Миллий баскетбол ассоциацияси лигасининг буюк баскетболчиси Майкл Жордан ўз фаолияти давомида 1 миллиард 700 миллион доллар ишлаб топган. У МБАнинг 15 мавсуми мобайнида жамғарган пули 93 миллион долларга етган. Бу вақт давомида у АҚШнинг “Чикаго Буллз” ва “Вашингтон Уизардс” жамоалари таркибида ўйинга тушди. Ҳозирги кунда эса таниқли спортчи биргина “Nike” савдо брендининг ўзидан йилига 100 миллион долларни “қуртдай” санаб олади. Сўнгги молиявий йил ичида Жорданнинг номи компанияга 2 миллиард 800 миллион доллар даромад келтирганини айтиб ўтиш лозим.

 

Тайгер Вудс 1 миллиард 650 миллион доллар

Ўз “карьераси” давомида 1 миллиард 650 миллион доллар даромадга эга бўлган Тайгер Вудс ўтган йилнинг феврали ойида умуртқа поғонасида ўтказган жарроҳлик амалиётидан кейин яқинда майдонга қайтди. Вудс - барча даврларнинг энг етакчи ва омадли гольфчиларидан бири. Айни кезда унинг даромади энг яхши пайтлардагига нисбатан 50 фоизга тушган, бироқ сўнгги йилда, ҳаттоки ўйиндан ташқарида “Мэйжор” турнирларининг 14 карра ғолиби 45 миллион доллар ишлаб топишга ҳам эришганига тасанно.

 

Арнольд Палмер – 1 миллиард 350 миллион доллар

Таниқли голь­фчи Ар­нольд Пал­мер 2016 йил сентябрь ойида юрак соҳасидаги  муаммолар сабабли ҳаётдан кўз юмди. Умрининг охирги йилларида у ишқибозлар армияси, ҳамкорлар ҳамда Осиёдаги бренд кийим ва пойабзаллар билан савдо қилувчи 500 та дўкон ёрдамида йилига 40 миллион доллар ишлаган эди. 

 

Жек Никлаус - 1 миллиард 150 миллион доллар

Жек Никлауснинг гольф учун майдонлар тайёрлаш билан шуғулланувчи компанияси 41 та мамлакат ва 39 та штат (шаҳар)даги 400 та объектни лойиҳалаштирди. 298 та майдон учун Никлаус шахсан масъулиятни ўз зиммасига олган. Бугунги кунда унинг фирмаси дунёнинг 19 та давлатида 57 та майдон лойиҳаси устида иш олиб бораётганини қайд этиш даркор.

 

Михаэль Шумахер - 1 миллиард доллар

Ўз фаолияти давомида “FORMULA-1” пойгаларининг етти карра чемпиони Михаэль Шумахер 1 миллиард “бакс”ни топган. У дунёга машҳур немис журнали саналган “Forbes” нашри талқини бўйича сўнгги чорак аср давомида энг юқори даромад олувчи спортчилар рўйхатининг биринчи поғонасига эришган олти спортчидан биридир.

Шумахер 1999 ва 2000 йилларда биринчи рақамли спортчи сифатида эътироф этилган. Бир неча йил ўтиб, “Ferrari” билан ҳамкорлик авжида бўлган пайтлар Шумахер йилига 80 миллион доллар маблағни чўнтагига киритган. Германиялик “топ-пойгачи”ниннг кутилмаган жиддий жароҳати туфайли сўнгги йилларда ҳаётидаги энг оғир синовли даврни бошидан кечирганини спорт ихлосмандлари жуда яхши биладилар.

 

Коби Брайант - 770 миллион доллар

Спортчилик “карьера”сида 770 миллион долларга эга бўлган Коби Брайант жамоавий спорт турлари тарихидаги энг юқори ҳақ тўланувчи спортчи сифатида тарихга кирди. Ўтган йили ўз фаолиятига нуқта қўйган машҳур спортчи “Лос-Анжелес Лейкерс” жамоаси учун ўйнаган сўнгги олти ўйин мавсумида МБАнинг бошқа ўйинчиларидан юқори даромад олган.

 

Флойд Мейвезер - 765 миллион доллар

“Пуллар” лақаби билан анча донғи кетган америкалик боксчи спорт тарихидаги молиявий нуқтаи назардан уч энг йирик мусобақада қатнашган. Яъни, у ўзи каби катта шуҳрат қозонган чарм қўлқоп устлари Оскар Де Ла Хойя, Сауль Альварес ва Мэнни Пакьяо билан бўлган жангларда рингга кўтарилган. Биргина, филлипинлик Па­кьяога қарши кечган “супержанг” унга 600 миллион “бакс” даромад келтирган. Енгилмас Мейвезер эса ундан 240 миллион доллар ҳақ олган.

 

Фил Микельсон - 760 миллион доллар

Ўз “карьера”си давомида 760 миллион доллар ишлаган Фил Микельсон сўнгги 10 йилда гольф оламидаги иккинчи энг даромадли ўйинчи бўлган. Бироқ ўтган йили у ниҳоят Тайгер Вудсни енгиб, биринчи ўринни эгаллади. Мухлислар уни жуда ардоқлашади, “Callaway”, “Barclays”, “KPMG” ва “Rolex” каби машҳур ҳамкорлари ҳам унинг хизматларини юқори баҳолашади. Спортчи-учувчи сифатида Микельсон ўзининг 60 миллион долларлик “Gulfstream V” самолётини бошқаради.

 

Дэвид Бекхэм - 730 миллион доллар

Буюк Британиянинг дунёга машҳур футболчиси Дэвид Бекхэм катта спортдаги фаолиятига якун ясаганидан сўнг кўпроқ даромадга эга бўлди. Футбол майдонидан ташқаридаги биринчи йили - 2014 йилда собиқ ярим ҳимоячи 75 миллион доллар ишлаб топди. Бек­хэм ўз муаллифлигидаги шотланд вискисини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди, “Haig Club”да ишлади ва ҳатто “Global Brands Group” компанияси билан биргаликда бутун дунё бўйлаб Бекхэм бренди остидаги истеъмолчи товарларни сотишга келишди.

 

Шакил О'Нил - 700 миллион доллар

Спортилик фаолияти мобайнида 700 миллион доллар ишлаган Шакил О'Нил баскетболчилар орасида фақат Кевин Гар­нетт ва Коби Брай­антдан озроқ “ақча” топган. Бўйдор спортчи 19 йил ичида 292 миллион долларга эга бўлган. Ўтган йили О'Нил ўзининг “Shaq” бизнесидаги улушини “Authentic Brands Group” компаниясига сотиб юборди.

 

Майк Тайсон - 685 миллион доллар

Ажойиб тарзда кечган “карьера”си давомида машҳур боксчи Майк Тайсон 685 миллион доллар даромадга эга бўлган. Америкалик Тайсон жаноблари биргина рингдаги жанглари натижасида 400 миллион “бакс” ишлаб топишга эришган. Энг қизақарли томони шундаки, 2003 йилда кўп йиллик назоратсиз сарф-харажатлардан кейин у ўзини банкрот, деб эълон қилган эди. Ўшандан буён у бор-йўғи икки мартагина жангда иштирок этди. Ушбу муваффақиятсиз жангларда Тайсон Дэнни Уильямс ва Кевин Макбрайдларга имкониятни бой берган.

 

Грег Норман - 680 миллион доллар 

Грег Норманнинг ишбилармонлиги кўп соҳаларда яққол кўзга ташланган: у ичимликлар, кўчмас мулк, оптика, кредитлаш, либослар, ресторанлар ва ҳоказо. Ўтган йили Норманнинг гольф майдонларини лойиҳалаштирувчи фирмаси ўзининг юзинчи шартномасини имзолаганлигини нишонлади.

 

Леброн Жеймс - 640 миллион доллар

Ҳар йили 30 миллион доллар келтирувчи “Cavaliers” компанияси билан янги шартнома ва 1 миллиард доллар олиб келиши кутилаётган “Nike” бренди билан умрбод битимни назарда тутадиган бўлсак, Леброн Жеймснинг даромадлари миллиард кўрсаткичига қараб бормоқда. Эътиборлиси, “Nike” компаниясининг спортчилар билан биринчи бўлиб муддатсиз шартномаси айнан Леброн Жеймснинг контрактига тўғри келаётир.

 

Криштиану Роналду - 620 миллион доллар

Ҳозирги вақтга қадар ўз ҳисобини 620 “лимон бакс” билан бойитган португалиялик “суперюлдуз” Криштиану Роналду ФИФА томонидан тўрт карра “йил ўйинчиси” номига сазовор бўлди. Жорий йил Ро­нал­ду энг юқори ҳақ олувчи спортчи деб топилди: июнь ойида якунланган молиявий йил давомида у 88 миллион доллар топди. Келгуси мавсумда унинг даромади 100 миллион долларга етиши кутилмоқда. Зеро, машҳур футболчи Испаниянинг “Реал” клуби билан янгидан шартнома тузди, шунингдек “Nike” савдо белгиси билан умрбод битимга имзо чекди.

 

Рожер Федерер - 600 миллион доллар

Ўзининг профессионал фаолияти бошланган 1998 йилда Катта дубулға туркумига кирувчи нуфузли турнирларнинг 17 карра ғолиби 99 миллион доллар ишлади. Шуниси эътиборлики, у реклама шартномалари ва ҳамкорликдан бундан тўрт баробар кўп пулга эга бўлди. Швейцариялик Фе­де­рер анчадан бери “Nike”, “Wilson”, “Credit Suisse”, “Mercedes-Benz”, “Rolex” сингари дунёга машҳур компаниялар билан ҳамкорлик қилиб келади.

 

Алекс Родригес - 600 миллион доллар

Ўтган йилнинг август ойида АҚШнинг “Нью-Йорк Янкиз” жамоаси ёшларни жалб этиш мақсадида Алекс Родригесни охирги марта майдонга туширди. Бу буюк бейсболчи “карьера”сининг интиҳоси бўлган тақдирда ҳам унинг ҳисобида 696 хоум-ранлар қолади. Боз устига Родригес бейсбол тарихидаги энг йирик шартномалардан бирини имзолаган. Яъни, унинг қиймати 250 миллион долларга тенг бўлган.

 

Лионель Месси - 520 миллион доллар

2004 йилдан буён ўз замонасининг энг буюк футболчиси - Лионель Месси Испаниянинг етакчи гранд клуби “Барселона” билан саккиз марта шартнома имзолади, шартнома янгиланган сари унинг суммаси миқдори ошаверади. Охирги марта имзоланган битим шартига кўра, аргентиналик ҳужумчи бундай хизматлари учун муносиб бонусларни олиши лозим. Масалан, “ФИФА олтин тўпи”, “Йил ўйинчиси” номига эгалик қилиш бўйича эса Месси рекорд натижа кўрсатган – у 5 карра шундай шарафли номга муносиб деб кўрилган.

 

Жефф Гордон - 515 миллион доллар

Фаолияти давомида ҳозиргача 515 миллион доллар ишлаб топган машҳур велоспортчи Жефф Гордон “Nascar” жамоасида 93 та пойгада ғолиб чиққан. Эътиборлиси, бу кўрсаткич энг яхши замонавий ва тарихдаги учинчи натижадир. У ўтган йили “карьера”сини тугатишга қарор қилди, лекин 2016 йилда “Nascar” иккинчи мавсумининг саккиз пойгасида жароҳат олган Дейл Эрнхардтнинг ўрнига трекка чиқишига тўғри келди. Мавсумнинг биринчи ярмини эса “Fox” телеканалининг шарҳловчилар гуруҳида ўтказди. Дарвоқе, Гордон Жимми Жонсон иштирок этадиган 48-рақамли машинанинг эгаси саналади.

 

Оскар Де Ла Хойя - 510 миллион доллар

Флод Мейвезернинг Мэнни Пакьяо билан жангига қадар Оскар Де Ла Хойянинг Флойд Мейвезер билан тўқнашуви энг юқори рейтингли жанг ҳисобланган. Мазкур баҳсни томоша қилиш учун 2,5 миллион киши чипта сотиб олган. Де Ла Хойя ўшанда рекорд даражадаги 52 миллион доллар ишлаб топган эди. Боиси, у ўзи 2002 йилда асос солган “Golden Boy Promotions” компанияси номидан иштирок этган ва беллашув промоутери бўлган.

 

Мэнни Пакьяо - 490 миллион доллар

Айни вақтга қадар 490 миллон доллар пулга бойиган шарқий осиёлик Мэнни Пакьяонинг 23 та жангининг видеотасмасини 18 миллион 600 минг томошабин кўрган. Бу телекомпанияларга 1 миллиард 200 миллион доллар даромад келтирганини айтиб ўтиш жоиз. 2015 йилда Флод Мейвезер билан бўлиб ўтган рекорд жанг ҳақида ҳам худди шундай фикр билдириш мумкин.

манбалар асосида Оқил МИРЗО тайёрлади.


Биз Twitterда