Ниқобланган Ривалдо ўз маҳорати билан "Барселона" ишқибозларини ҳайратда қолдирди

Article
"Барселона" афсонаси, “Бунёдкор”нинг собиқ ўйинчиси Ривалдо Каталония клубининг машғулот базасида ишқибозлар билан ўтказилган учрашувда иштирок этди. Ўзининг кимлигини махфий сақламоқчи бўлган 44 ёшли бразилиялик футбол юлдузи бошига соч ёпиштирди, соқол қўйди ва бурнини ўзгартирди. Унинг янги қиёфаси устида имижмейкер ва гримчилар маълум вақт ишлашди. Шундан сўнг у ўйинда иштирок этди. Бу учрашувнинг видеоси клубнинг расмий YouTube-каналига қўйилди.
Ривалдо жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Роберто Да Силва тахаллуси остида майдонга тушган Бразилия термасининг собиқ форварди ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди. Ҳеч кимга таниш бўлмаган, дайдиларга ўхшаб кетувчи қиёфадаги шахс ниқобини ечганидан сўнг ҳақиқий байрам бошланиб кетди. Шу онда ишқибозларнинг хурсандчилиги кўкка сиғмади. 
2002 йилги жаҳон чемпиони "Барселона" сафида 1997-2002 йиллар тўп суриб, каталонияликлар билан икки бор Испания чемпиони, мамлакат кубоги ва суперкубоги соҳиби бўлган. 1999 йилда эса у "Олтин тўп"га лойиқ кўрилган. Шунингдек, Ривалдони юртимиз ишқибозлари ҳам яқиндан билишади. У 2008-2010 йиллар давомида Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби сафида тўп сурган ва икки бор Ўзбекистон чемпиони бўлган. Ривалдо  “қалдирғочлар” сафида 61 ўйинда 37 марта рақиблар дарвозасини ишғол этганди. 


Биз Twitterда