Москвада бемор болаларга совға улашиб, Facebook қаҳрамонига айланган ўзбекистонлик Умар

Москвалик Ирина Фесенконинг шаҳар озиқ-овқат бозорида савдо қилувчи ўзбекистонлик йигит ҳақидаги ҳикояси сўнгги кунларда Facebook’нинг Ўзбекистон сегментида энг кўп тарқатилган ва энг кўп ўқилган хабарга айланди. «Дарё» Фесенко ҳикоя қилган ибратли воқеа таржимасини эътиборингизга ҳавола қилади.

Foto: Facebook / Irina Fesenko

Фото: Facebook / Ирина Фесенко

Кун мен учун рутубатли кечди. Тезроқ уйга бориб, исинишга шошилардим. Янги йилга ҳам жуда оз вақт қолган. Москва болалар касалхоналарида ўтказиладиган акция учун ҳали мандаринлар сотиб олмаганман (байрам муҳитини яратиш учун мандаринлар ёки бирор бошқа ширинлик олиб келиш керак). Машинани ФудСити томон бурдим.

Мана, апелсин, мандарин ва хурмо исига тўлган иккинчи раста. Йўлакларни тўлдирган аравачалар орасида урилиб-сурилиб, Абхазия мандаринларини излайман. Туркия, Сербия мандаринлари, мана, ниҳоят, «Абхазия» ёзувини ҳам кўрдим. Тотиб кўраман, йўқ, Абхазияники эмас. «Онам ҳақи қасам ичаман, Абхазияники», дейди сотувчи. Нима кераги бор бундай ёлғоннинг?

Уч қути Сербия мандаринларини сотиб олдим (улар ҳам мазали), аравакаш ёлладим, бойлигимни аравага ортдик-да, чиқиш томон ҳаракатланаяпмиз. Манзилга яқинлашарканмиз, аста секинлашдик — пилла билан ўралган ўзбек қовуни «байрам столига мени ҳам олиб кет», деб тургандек эди. Қовунни ўлчаб бераркан, сотувчи: «Бир ўзингиз учун жуда кўп мандарин сотиб олибсизми?», деб сўради.

Йўқ, бу болалар уйидаги болаларга, Янги йил учун, дедим. Рус тилида қийналиб гапираётган сотувчи мандаринларни қаерга олиб боришимни яна бир марта сўради-ю, юзи жиддий тортди. У хурмо тўла катта қутини олди-да, олдимдан кесиб ўтиб, аравачага қўйди: «Ол, менинг номимдан болаларга берасан». Ғалати бўлиб кетдим: олсамми-олмасамми, яна… текинга.

Foto: Facebook / Irina Fesenko

Фото: Facebook / Ирина Фесенко

У яна савол бера бошлади: «Нима, у болаларнинг онаси йўқми?». Уларнинг онаси борлиги, бироқ улар касалхонада ётиши, аксарияти бедаво хасталикка чалингани ва биз улар учун кичик бир байрам уюштириб бермоқчи эканимизни айтдим. Сотувчи зўр пишган ўзбек помидорларига тўла қутини олиб, уни ҳам аравачамга қўйди. «Буниси ҳам болаларга».

«Йўқ, керакмас, балки бу уларга мумкин ҳам эмасдир», — дейман йиғлагудек бўлиб (ичимда бу йигитга қандай қилиб миннатдорчилик билдириш мумкинлигини билмай гаранг эдим). «Мумкин, мен биламан, мумкин, — деди у. — Фақат буларни болаларга бераётганингда, ‘Аллоҳ, Умарни ҳам тақдирлагин’, деб айтгин».

Машинага яқинлашарканман, ортимдан совғаларга тўла аравача келарди. Нимагадир кўзим ёшланиб кетди, ҳиқилдоғимга ҳам нимадир тиқилди. Ҳа, бизнинг динларимиз фарқли, бироқ уларнинг ҳар бирида меҳр ва ҳамдардлик, ҳурмат ва яқинлар ҳақида қайғуриш ҳисси бор. Раҳмат сенга, Умар! Худо паноҳида асрасин!

Foto: Facebook / Irina Fesenko

Фото: Facebook / Ирина Фесенко

 

Биз Twitterда