Миллиардер Винсент Виола АҚШ армияси қўмондони бўлишдан бош тортди

Article
Миллиардер Винсент Виола АҚШ ҳарбий вазири бўлишдан бош тортди. Президент Дональд Трамп уни қуруқлик қўшинларининг бош қўмондони этиб тайинламоқчи эди. Лекин Виоланинг вакили расман баёнот билан чиқиб, у ушбу лавозимни қабул қила олмаслигини маълум қилди. "Виола Трампнинг таклифини қадрлайди. Лекин 35 йил давомида барпо этган бизнес империядан Виола кета олмайди", - дейилади баёнотда, деб ёзади ТАСС.
Виоланинг бу борадаги махсус баёнотини СNN телеканали ҳам намойиш  этди. "Мени ушбу юксак лавозимга номзод сифатида олға сурилишини қадрлайман. Менга билдирган ишончи учун президент Трампга миннатдорчилигимни изҳор этаман. Вазир лавозимини қабул қила олмасамда қуруқлик қўшинларига ва фахрий ҳарбийларга кўмак беришда, АҚШ президенти маъмуриятини қўллаб-қувватлашда давом этаман", - дейди Виола.
Трамп унинг номзодини ўтган йилнинг декабрида ушбу юксак лавозимга олға суриб, буни Виоланинг Вест-Пойнт ҳарбий академиясини битиргани ва қуруқлик қўшинларида хизмат қилгани билан изоҳлаганди. 61 ёшли Виола Virtu Financial трейдинг компаниясининг асосчиси ва раҳбари ҳисобланади.
Армия вазирлиги АҚШ мудофаа тизимига қарайди. Вазир қуруқлик қўшинларининг моддий-техник таъминоти ва молиявий ресурслари учун жавобгар шахс ҳисобланади. 

Биз Twitterда