Меркелми ёки Шульц?

Бундестаг сайловига атиги етти ой қолди. Немис экспертларининг тобора кўпчилиги Ангела Меркел бошчилигидаги ХДС/ХСС коалицияси мазкур сайловни ютқизиб қўйиши хусусидаги тахминларни илгари сура бошлади. Бир вақтнинг ўзида Европа парламенти раҳбари Мартин Шульц номзодини илгари сурган Германия социал-демократик партияси обрў-эътибори кун сайин юқорига ўрмаламоқда. Меркелнинг мағлубиятга учраши эҳтимоли қанчалик юқори? Бундан бир-икки ой илгари ҳеч ким унинг ғалабасига шубҳа қилмаган, аммо ҳозир “темир хоним” боши узра булутлар қуюқлашмоқда. Боз устига, сўнгги пайтлардаги ҳодисалар, хусусан, Буюк Британиядаги Брексит референдуми, Доналд Трампнинг АҚШ сайловидаги ғалабаси энг кутилмаган нарсалар ҳам реалликка айланиши мумкинлигини намойиш этди. Бир нарса аниқ: Германияда сайловчилар кайфияти кескин ўзгараяпти. Аммо Меркел фойдасига эмас.
Аксарият ижтимоий сўров натижаларига кўра, жуда кўп немислар келгуси ҳукуматни социал-демократлар бошқаришини исташади, аҳолининг яримидан камроғи ХДС/ХССни қўллаб-қувватлайди. Деярли 20 йилдан бери, яъни 1998 йилда Герхард Шредер Гелмут Колга қарши номзодини илгари сурганидан бери кучлар нисбати бу қадар бўлмаганди. Ҳозирда шахсий рейтинги бўйича Мартин Шульц Меркелдан ўзиб кетган, ушбу фарқ ошишда давом этаётгани эътиборлидир. Унинг обрўйи ошгани сабабларини бир қарашда тушуниш қийин: Шульц — яхши ўқимаган, ёшликда ичкиликкка муккасидан кетган инсон. Бироқ ақли кириб, социал-демократларнинг «Комсомол»и (Jusos) да, сўнгра партиясида жуда тез ўсди. Афтидан, ўзининг енгил ва оптимист характери туфайли совуққон ва тушунарсиз Меркелдан кўра немислар қалбига яқин инсон бўлса керак.
ГСДП да узоқ давом этган инқироз сабабларидан бири Герхард Шредер истеъфосидан кейин харизматик етакчиларнинг топилмаганидир. Социал-демократлар орасида энг машҳур сиёсатчилардан бири Франц-Вальтер Штайнмайер эди, аммо у 2009 йилги сайловда Ангела Меркелни енголмади. Партия раиси Зигмар Габриэлга келадиган бўлсак, у сайловчилар орасида унчалик машҳур бўлмаган.
ГСДПдан Шульц номзод сифатида илгари сурилиши билан ҳаммаси ўзгарди: партиянинг жамиятдаги ўрни тобора мустаҳкамланмоқда, янги аъзолар оқими кузатилаяпти. Муҳими шундаки, Мартин Шульц ГСДПга «халқ» партияси мақомини қайтармоқчи. “Босслар канцлери” номини олган Герхард Шредер даврида амалга оширилган Agenda 2010 нолиберал ислоҳотларнинг муайян қисмини тиклашга ваъда бермоқда. Жумладан, Шульц катта ёшли ишсизлар учун нафақа тўловини узайтириш, пенсияларни ошириш, вақтинчалик меҳнат шартномаларини қисқартиришни таклиф этмоқчи. Чинакам социал-демократик қадриятларга қайтиш чақириғи етакчи касаба уюшмалари томонидан қўллаб-қувватланди, аммо немис индустрияси капитанларини ташвишга солди. «Немис иш берувчилари иттифоқи» ҳозирдан Шульц режаларига қарши чиқди.
2015 йилда Германия канцлери Ангела Меркелнинг мамлакат эшикларини муҳожирлар учун очиш сиёсатини юргазганлиги у бошчилигидаги коалиция рейтингининг тушишига сабаб бўлди. Бавариянинг ХСС партияси демохристиан коалициясидан чиқиш ҳақида ўйлай бошлади. Қочоқлар масаласида чуқур ўйланмай қабул қилинган қарор нафақат Германиядаги сиёсий ҳамжамиятнинг, балки бутун Европанинг фикрлар тарқоқлигига олиб келди. Миграцияни назорат қилиб бўлмас даражага келиши хавфи Венгрия ва Шарқий Европадаги бошқа давлатларнинг умумевропа йўналишидан чекинишига сабаб бўлди. Бу ўз навбатида Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиш ҳақидаги референдумга сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Мабодо бўлғуси сайловда халқ Мартин Шульцга овоз берса, у ҳолда бу сайловчиларнинг ҳукмрон коалициянинг муҳожирларга оид сиёсатига қарши норозилиги бўлади. Психологик омил ҳам Меркелга қарши ўйнайди. Чунки канцлер лавозимида 12 йил ишлаш — бу катта муддат бўлиб, жамият бундай пайтда янгиланишларни хохлаши табиий. Жамиятнинг бир шахсдан зерикиши факторини 1960-йилларда Конрад Аденауэр ва 1998 йилда Гелмут Кол ҳам бошдан кечиришган.
Мартин Шульц сайловолди курашида етакчиликни сақлаб қола оладими? Социал-демократларнинг ғалаба юриши қанча давом этади?
Етакчи рейтинг агентликлари ўтказган сўровларга қараганда, охирги кунларда ГСДП олдинда. 32 фоизга 31 фоиз. Бошқа ҳисоб-китоблар иккала коалициянинг кучлари тенглашганини кўрсатади. Аммо юқоридаги омиллар туфайли социал-демократлар эришган даража жуда баланд. Бу уларга Бундестагда «сўллар» (die Linke) ва «Яшиллар» билан биргаликда ҳукмрон коалиция тузиш имконини беради. Шунисини ҳам эътиборга олиш керакки, Шульцнинг муваффақиятларидан чўчиб кетган Германия ва ЕИдаги айрим доиралар компрамат йиғишга киришди. ЕИнинг коррупцияга қарши кураш ташкилоти унинг Европарламент раҳбарилиги чоғида «ноқонуний мукофотлар тўлаш» ва ёрдамчиларига имтиёзлар бериш факти бўйича тергов бошлади. ГСДП эса Шульцга «чаплаш кампания»си бошлангани ҳақида баёнот тарқатди.
 
Абдували Сайбназаров,
vodiymedia.uz учун махсус
 

Биз Twitterда