Марғилонлик ҳунарманд атлас тасвирларини кулолчиликка кўчирмоқда!

Article

Мамлакатимизда миллий-маданий меросимиз, жумладан, ҳунармандликни янада ривожлантириш, ҳунармандлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга турли имтиёз ва имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони халқимизнинг қадимий ва ноёб маданиятини янада ривожлантириш, миллий ҳунармандлик маҳсулотларини кенг тарғиб этиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда кўплаб ҳунармандлар тадбиркорлик билан шуғулланиб, турли миллий маҳсулотларни ишлаб чиқармоқда. 
Исроилжон Мамажонов Марғилоннинг моҳир ҳунармандларидан. У етти иқлимга машҳур бежирим атлас тасвирларини эндиликда кулолчилик намуналарига кўчирмоқда. У тайёрлаган қадим атлас ва адрасларнинг кайфиятни чоғ қилувчи камалакранг бетакрор нақшлари лаган, ликопча, чойнак, пиёла ва гулдонларда жилваланиб, ҳунарманд меҳнатини кўз-кўз қилади. 
– Мамлакатимизда миллий ҳунармандлик, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор, яратилаётган кенг имконият ва имтиёзлар фаолиятимиз ривожида муҳим омил бўлаётир, – дейди И.Мамажонов. – “Кошин нақш қурилиш” масъулияти чекланган жамияти ташкил этиб, санъат намуналарини ишлаб чиқармоқдамиз. Қўл меҳнати билан бирга, хориждан келтирилган юқори ҳароратда буюмларга гул босувчи замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этганмиз. 
Бу ерда ҳунарга иштиёқманд ёшлар Шарқ миниатюраси, миллий ва тарихий анъаналар, анвойи гуллар, замонавий объектлар тасвирини буюмларда моҳирлик билан ифодаламоқда. Корхона маҳсулотлари, айниқса, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларида харидоргир. Бу ерда ички бозор учун кунига 1000, ташқи бозорга 3000 тагача маҳсулот тайёрланмоқда. Ушбу маҳсулотларни Марғилон шаҳрига келган хорижлик сайёҳлар ҳам мамнуният билан харид қилишмоқда. Корхонада чинни буюмларга ишлов бериш тармоғини ташкил этиш ҳам режалаштирилган. 

Маъсуджон Сулаймонов 

ЎзА 

Биз Twitterда