Ибратнинг ҳаёт йўллари

Article
Ибратнинг ўз иқрорича, у беш йилда уч муаллимда ўқиб, вақти беҳуда кетгач, ахийри онаси Ҳурбибининг қизлар мактабида савод чиқаради ва икки йил отасидан ҳуснихат сабоғини олади. Сўнгра 1878-1886 йиллари Қўқондаги Тунқатор мадрасасида Муҳаммад Сиддиқ домла қўлида таҳсилини давом эттирди. Бу даврда у она тилидан ташқари рус, форс, араб тилларини ўрганди, бадиий ижодга қўл урди, Қўқон адабий муҳитининг Муқимий, Фурқат, Муҳйи, Завқий, Ҳазиний каби намояндалари билан дўстлашди.
Эҳтимолдан холи эмаски, Ибратнинг фотографияга иштиёқи ҳам айни Қўқондаги талабалик йилларида камолга етган. Бу тахминга тарихий ва мантиқий асос бор: Туркистон генерал-губернатори Кауфман топшириғига биноан, махсус альбомга суратлар олиш учун 1872 йилда фотограф Г. Кривцов Қўқонга келганди. Худоёрхон бу ишга қизиқиб қолади, ўзи суратга тушади, аъёнларини ҳам чақиради (амалдорларнинг айримлари бу иш гуноҳ деб, ҳатто йиғлашган экан). Бердиқул исмли қизуқувчан йигит Кривцов билан Тошкентга бориб, фотография сирларини ўрганади, августнинг охирларида икки фотоаппарат ва керакли ашёлар билан қайтади. 1872 йили “Туркестанские ведомости” газетаси ўзининг 29–31-сонларида Қўқон хонлигида иккита фотография (бири Қўқонда, иккинчиси Андижонда) ишлаётгани ҳақида хабар берганди.
Тахминга асос бор деганимиз шундаки, Исҳоқхон Ибрат ёш, илмга чанқоқ, ўта қизиқувчан, фикр доираси кенг, ниҳоятда ғайратли, янгилик деса, ўзини томдан ташлайди. Шундай йигит фотография ишлаб турган Қўқонда таҳсил олади. “Туркестанские ведомости”, “Туркистон вилоятининг газети”, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона” каби маҳаллий нашрларни, олисдан келадиган “Таржимон”, “Вақт” сингари газеталарни ўқийди ва ҳатто уларга ёзиб ҳам туради. Бинобарин, шу омиллардан хулоса қилинса, бизнингча, Ибратнинг Қўқондаги суратхона ишига қизиқмаслиги, водийнинг биринчи фотографи бўлмиш Бердиқул билан танишишга ошиқмаслиги асло мумкин эмас-да...
Мавлоно Ибрат беш йил Жидда, Қобул каби шаҳарларда, 1892–1896 йилларда Ҳиндистонда – Бомбей ва Калькуттада истиқомат қилди. Араб, ҳинд, инглиз тилларини ўрганди, бинобарин, унинг етти тилни (шу жумладан, рус, француз, форс ва урду) билганлиги айни ҳақиқат. Ибрат қаламига мансуб “Луғати ситта ал-сина” (“Олти тилли луғат”) ва “Жомеъ ул-хутут” (“Хатлар мажмуи”, 1912 йил) каби тилшуносликка оид асарлари бунинг инкорсиз исботидир.
Ҳиндистонга боргунига қадар Ибрат Европанинг бир қатор мамлакатларида, йирик шаҳарларида бўлади. Манбаларда Истанбул, София, Афина, Рим тилга олинади. Оғзаки гапларга қараганда Ибрат Францияга ҳам борганмиш. Сантур деган мусиқали қутичани Парижда олган дейдилар, лекин сантурнинг айнан Париждан келтирилгани тасдиқланган эмас.
Ибрат таржимаи ҳоли ва сафар-саёҳатларига тааллуқли ривоятнамо тахминлар анчагина. Масалан, у кишининг етти марта ҳажга борганлиги ёки Рабиндранат Тагор билан учрашганлигини эшитдик. Бу гапларда ҳақиқат унсурлари бор дея оламиз. Чунки, Исҳоқхон ҳожи тўққиз йил (1887–1896) сафарда юрган, тўрт йил (1892–1896) Ҳиндистонда яшаган. Тўққиз йил кема қатнови қулай денгиз бўйи мамлакатларида истиқомат қилиш жараёнида етти марта ҳажга бориш мумкин эмасми? (У Бирма, Хитой ва Қашқар орқали 1896 йили ўз юртига қайтган).
Бу фикрга далил ўрнида қабул қилиш мумкин бўлган бошқа бир тарихни келтирамиз. Бобурнинг қизи Гулбаданбегим (1523–1603) 1576 йили ҳаж зиёратига отланади. Жияни Жалолиддин Муҳаммад Акбаршоҳ (Буюк Акбар, яъни Ҳумоюннинг ўғли, Бобурнинг набираси, 1542–1605) рухсат қилиб, йўл харажатларини ва раҳнамони, қўриқчиларни тайинлайди, карвон денгиз бандаргоҳи Сурат шаҳри томон йўл олади. Гулбаданбегимнинг муборак сафардаги ҳамроҳлари: Ҳожибегим (Ҳумоюннинг катта хотини), Бобурнинг канизаги Гулнора, Сарвқад исмли хонанда, Акбарнинг битта хотини, Аскарийнинг (Бобурнинг кенжа ўғли) Акбарни тарбиялаган беваси, Умми Гулсум (Гулбаданбегимнинг набираси). Хуллас, бунинг ҳикояси жуда узун эди. Қиссадан ҳиссани қисқа қиламиз: уларнинг сафари қарийб етти йил давом этади. Ҳожи оналар уч ярим йил Арабистонда яшайдилар ва Гулбаданбегим тўрт марта ҳаж қилган.
Энди бу ҳолга Ибратни таққослаймиз: Гулбаданбегим 45–50 ёшларда эди, ҳамма ҳамроҳлари аёллар, XVI асрда ҳали буғ машинали кемалар йўқ, денгиз қароқчилари сероб. Ибрат эса қирчиллама йигит, ёлғиз ўзи, пароходлар аллақачон ўйлаб топилган, электр ҳам бор ҳисоби, кемаларнинг тезлиги бир неча ҳисса ошиб кетган… Қирчиллама йигит дейишимизга асос бор: “Ибрат ўзининг “Луғати ситта ал-сина”, “Жомеъ ул-хутут” ва “Тарихи Фарғона” асарларида ёзишича, 1887 йили, яъни 25 ёшида онасини Маккага, ҳаж зиёратига олиб боради. Бироқ онаизорига ўз ватанига қайтиб келиш насиб этмади. Ҳурбиби ойим Жидда шаҳрида ўпка шамоллашидан вафот этди” (У. Долимов, Н. Жабборов, “Исҳоқхон тўра Ибрат”, 2005 йил).
Бу Ибратнинг биринчи марта ҳаж зиёратига борганлиги ҳақида далил. Буни қарангки, Исҳоқхон Ибратнинг отаси Жунайдуллахон тўра ҳам ҳаж зиёратига кетаётиб, Арабистоннинг Зул-Хулайфа деган жойида вафот этган ва ўша ерга дафн этилган. Бу ҳақда Ибрат ўз қўли билан сулс хатида ёзган авлодлар шажарасида қайд этиб ўтган: “Жунайдуллоҳ Ҳожадан кўп кишилар таълими тариқатда баҳраманд бўлдилар. Ушбу киши мазкур Қозоққўрғонга (Наманган тумани Муллакудинг қишлоғидаги Ибрат аждодлари ётган эски қабристон атрофлари ўша пайтда шундай ном билан аталган. Муаллиф изоҳи – Р. У.) “Хилватхона” (Чиллахона) бино қилдилар. Неча муддат анда бўлиб, Ҳаж иродасида Маккага – Ҳазрат Расули Акрам зиёратларига борурда Маккадан уч манзиллик мавзеъи Зул-Хулайфа деган Арабистон ерида мадфун бўлдилар”.
Ибрат домланинг набираси Нозимахон опа катталардан эшитган ва бизга айтган гапларига қараганда, волидаси вафот этган кунларда чамаси у киши камчақароқ бўлган ва Ҳурбибини ювган ғассол араб аёлини марҳуманинг паранжиси билан рози қилган эмиш. Шундан сўнг раҳматли онаси тушига кириб дермиш:
– Исҳоқхон тўра, паранжимни бериб юбордингиз, аммо у жуда қиммат эди-да.
– Шунақами?! – ҳайратланармиш ўғил.
– Шунақа, тўразодам. Унинг ҳар бир попуги тугилган жойда тариқдай тилло бор эди. Лекин мен розиман, сиз ҳам рози бўп қўйинг.
– Сиз рози бўлсангиз, мен минг марта розиман, – дебди Ибрат ва уйғониб кетибди...
Рабиндранат Тагор масаласига келсак, унинг икки йил Англияда ўқигани ва саёҳатларини айтмаганда, умри Калькуттада ўтди ва Калькуттада вафот этди (1941). У ҳам ёзувчи, ҳам маърифатпарвар бўлиб, Калькутта яқинидаги Шантиникетонда мактаб очган, маориф иши билан астойдил шуғулланган, Ҳиндистондаги 200 дан ортиқ олий таълим муассасаларининг эътиборлиси бўлган Вишвабҳарати дорулфунунига асос солган. Алқисса, Калькуттада бир неча йил яшаган Ибрат Р. Тагорга қизиқиши мумкин эмасми?..
Балким шу сабаб Ибрат ҳам Рабиндранат Тагор сингари тенгсиз педагог ва беназир маърифатпарвар даражасига етгандир. Унингдек фидойи мактабдорни у пайтлари топиш амри маҳол эдики, замондошлари бўлмиш алломалар ҳам беҳад иззатлашарди. Масалан, Ибрат номига Мунавварқори Абдурашидхоновдан таклифнома келди. Мунавварқорининг таклифномаси “Ҳурматлу Исҳоқхон ҳожи жанобларина!” деб бошланарди. Исҳоқхон тўра унга жавобан 1907 йилнинг баҳорида Тошкентга бориб, янгича “усули жадидия” мактабларидаги йиллик имтиҳонларда қатнашди, ўқувчиларни синади, ўзига ҳам сабоқлар олди ва “Туркистон вилоятининг газети” да туркум мақолалар, хабарлар эълон қилди.
Хуллас, Ибратнинг ҳаёти ва аъмолида минг бир сифат мужассам эди: ҳам муаллим, ҳам мактабдор, шоир ва ёзувчи, ҳунарманд ва тадбиркор, ҳисобдон ва савдогар, хаттот ва ношир, созанда ва хонанда, журналист ва матбаачи, уламо ва қози, табиб ва доришунос, муҳандис ва қурувчи, этнограф ва сайёҳ, деҳқон ва боғбон, тарихчи ва археолог, тилшунос ва адабиётшунос, техник ва фотограф...
Шунингдек, у ниҳоятда нафси тийилган, камтановул, парҳезкор бўлиб, нонуштада сут ва новвот қўшиб тайёрланган қорачой билангина кифояланаркан.
Расулбек Умматов

Биз Twitterда