Янги Фармон: Шахсни ноқонуний ушлаб туриш, қамоққа олиш, жиноий жавобгарликка тортиш... жиноий жавобгарликка олиб келади!

 
 
2017 йил 30 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларнни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5268-сон фармони эълон қилинди.
 
Қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принципларни сўзсиз ва оғишмай таъминлаш, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш, жиноят- процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилигини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган қарорга кўра,
Қонун ҳужжатлари талабларига оғишмай ва қатъий риоя этишга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг биринчи даражали эътибори қаратилсин, унга мувофиқ қонун нормаларини аниқ ижро этиш ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра келиб чиққанидан қатъи назар, қонунийликни бузиш ҳисобланади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Процессуал қонунчиликни жиддий бузган ҳолда ёки ноқонуний услублар билан, шу жумладан:
жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, псиҳологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда;
гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқини, шунингдек, таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқини бузган ҳолда;
жиноят процессида иштирок этаётган шахсга ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирмаслик оқибатида уни чалғитган ҳолда;
мазкур жиноят иши бўйича иш юритишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан процессуал ҳаракатларни ўтказиш оқибатида;
номаълум манбадан ёхуд жиноят иши бўйича иш юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан;
дастлабки тергов жараёнида жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг судда мавжуд далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувларидан;
мавжуд далиллар мажмуи билан тасдиқланган ҳоллардан ташқари, жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг тахмин, фараз ёки миш-мишларга асосланган кўрсатувларидан олинган ҳамда тегишли равишда юридик кучга эга бўлмаган маълумотлардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардан ташқари, судларда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши принципини чеклайдиган қўшимча талабларни жорий этиш;
процессуал қонунчилик нормаларини бузган ҳолда олинган гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг кўрсатувлари, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар, аудио ва видеоёзув ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланиш таъқиқланди.
Шахсни ноқонуний ушлаб туриш, қамоққа олиш, жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукм қилишга сабаб бўлган, ҳужжатлар ёки ашёларга била туриб ёлғон маълумотлар ва бошқа бузиб кўрсатилган фактларни киритиш, ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсатув беришга мажбурлаш, иш бўйича ҳақиқий ҳолатларни бузиб кўрсатиш орқали далилларни қалбакилаштирганлик учун, ёлғон гувоҳлик ва ёлғон хабар берганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутган ҳолда, жиноий жавобгарлик киритилди.
Фармон тўла матни Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий вебсайтида эълон қилинди.

Биз Twitterда