Яна 25 та автобус: Мирзиёевнинг Афғонистонга туҳфаси топширилди!

 
КОБУЛ / Vodiymedia / – 13 ноябрь куни Кобул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси президенти номидан мамлакатда ишлаб чиқарилган 25та автобусни Афғонистон Ислом Республикаси Олий таълим вазирлигига топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон раҳбарининг афғон халқига туҳфаси, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов томонидан Олий таълим вазири Нажибулла Хўжа Омарийга топширилди.
Нажибулла Хўжа Омарий, Ўзбекистон президентига афғон халқига қилинган муҳим совға учун чуқур миннатдорчилик изҳор этди ва ушбу ҳодиса Ўзбекистоннинг Афғонистон халқига биродарларча муносабати ёрқин намунаси эканлигини қайд этди.
Маросимда сўзга чиққан вазирлик ва идораларнинг расмий вакиллари барча соҳалардаги Афғонистон – Ўзбекистон муносабатларининг сезиларли даражада фаоллашганини, бу, аввало, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган очиқлик ва қўшни Афғонистон билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсат билан чамбарчас боғлиқлигини мамнуният билан қайд этдилар.
 
 
«Савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш, Афғонистонга йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашиш ва уни минтақавий иқтисодий интеграция жараёнларига тортиш орқали мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга қаратилган Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари юксак эътирофга лойиқ», – деди транспорт вазири Муҳаммад Ҳамид Таҳмасий.
Молия вазири ўринбосари Абдулла Рақибий Афғонистонда уруш давом этаётганлигига қарамай, икки давлат ўртасида келажакда ҳамкорликнинг сезиларли истиқболлари мавжудлигини эътироф этди: «Биз ўзбек халқидан бизнинг эҳтиёж ва орзу-умидларимизга доимий эътибор қаратаётгани учун самимий миннатдормиз. Тинч ва гуллаётган Афғонистонга ишонувчи биродарлар ва ҳақиқий дўстларгина шундай йўл тутадилар».

Биз Twitterда