ХИТОЙ КОМПАРТИЯСИ ТОПШИРИҒИ АМАЛДА!

Article

Хитой Давлат кенгаши ҳамда Хитой компартияси раҳбари Си Дзиньпиннинг 2014 йил октябридаги мамлакат футболини ривожлантиришни тезлатиш тўғрисидаги фармонига юрт тадбиркорлари лаббай деб жавоб бериб, Чин суперлигасини нуфузини ошириш учун бор кучларини сарфламоқдалар.

Қисқа вақт ичида Хитой клублари ўз сафларига Тевес, Оскар, Халк, Оби Микель, Аҳмедов каби футболчиларни қўшиб олишди. Айни пайтда аргентиналик Карлос Тевес ҳафтасига 800 минг евро маош олиб, дунёнинг энг кўп пул топувчиси футболчиси мақомини ўзиники қилиб олди. “Ювентус”, “Манчестер Сити” клубларидаги фаолияти билан мухлисларга яхши таниш бўлган ушбу чарм тўп устаси йилига 40 миллион евро даромад қилади.

Агар шу кунлардаги музокара муваффақиятли якун топадиган бўлса, “Боруссия”нинг габонлик форварди Обамеянг унданда кўп маош олувчи футболчига айланади.

“Шанхай СИПГ” Дортмунд клуби сафида ёрқин ўйин намойиш этиб келаётган футболчига ҳафтасига 850 минг евро(!!!) маош тўлашга тайёрлигини маълум қилган. Шунда африкалик футболчи бир мавсумда 41 миллион евролик бўлади. 27 ёшли ҳужумчи учун шанхайликлар 150 миллион евро тўлаш учун шай туришибди. Бу эса Обемаянгни нафақат энг кўп маош олувчи, балки жаҳоннинг энг қимматбаҳо футболчисига айлантиради.

“Челси”дан 70 миллион еврога харид этилиб, ҳафтасига 500 минг евро маош олиши (йилига 22,8 млн) белгиланган Оскар Шанхайга келиб, янги жамоасида машғулотларни бошлаб юборди.

Юлдузли “Шанхай СИПГ”да ўрнак олаётган уларнинг ҳамшаҳарлари – “Шанхай Шенхуа” клуби вакиллари ҳам таркибни кучайтириш учун алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Улар таркибларини нигериялик Одион Игало билан кучайтиришмоқчи. Англиянинг “Уотфорд” клуби сафида тўп суриб келаётган 27 ёшли футболчининг трансфери 12 миллион еврга баҳоланмоқда.

“Тьяньцзинь Тэда” клуби эса ўз сафига “Челси” марказий ҳимоячиси Жон Оби Микелни қўшиб олди. 29 ёшли футболчини лондонликлар муддатидан олдин қўйиб юбордилар. Чунки унинг амалдаги шартномаси ёзда якунига етарди. Ҳафтасига 85 минг фунт стерлинг тўлашдан қутилган “аристократлар” 2,5 миллион фунтни (4 миллион евро атрофида) иқтисод қилишга эришдилар. Хитойда Оби Микель ҳафтасига 140 минг фунтдан маош олади.

“Тэда” ўрта чизиқни кучайтиришда Оби Микель билангина чекланиб қолгани йўқ. “Аякс”дан Сербия терма жамоаси аъзоси Неманья Гудель сотиб олинди. 25 ёшли футболчининг трансфери учун 6 миллион евро сарф этилди.

Тяньцзинь провинциясининг бошқа бир клуби “Тяньцзинь Сунцзян” ҳамшаҳарларидан ўтиб тушиш учун интилишмоқда. “Фиорентина”нинг хорват тўпурари Калинич жамоага ўтиш арафасида турибди. Чунки чинликлар футболчи трансфери учун 45 миллион евро таклиф этдилар. Флоренцияликлар эса буни рад этолмай музокарани бошлашди. Чунки 29 ёшли футболчи билан тузилган шартномада унинг нархи 50 “лимон” этиб белгиланган.

Ушбу трансферни амалга ошишида “Тяньцзинь Сунцзян”ни бошқариб турган италиялик Фабио Каннаваро муҳим роль ўйнамоқда. Яқиндаги айнан унинг сайъ-ҳаракатлари билан жамоа ўз сафига “Зенит” ҳимоячиси Аксел Витцелни қўшиб олганди. Ваҳоланки, бельгиялик футболчи билан “Ювентус” жиддий равишда қизиқиб, музокарага ҳам киришганди. Аммо, таклиф этилган катта маош (18 млн. евро) Витцелни Хитойга олиб келди.

Каннаваро собиқ жамоасини ушбу трансфер орқали жиғибийрон қилиш билан чекланмасдан “Ювентус”дан тап-тортмай Марио Манджукични сотишни сўрамоқда. Лекин ҳозирга бунга туринликлар рад жавобини бериб туришибди.

Хитойда оммавий савдо давом этмоқда. Англиянинг “Куинз Парк Рейнджерс” (КПР) жамоаси ярим ҳимоячиси Тьяронн Чери “Гуйчжоу Жэньхэ” клуби билан шартнома имзолади. Унинг учун инглизлар 2,95 млн. евро пул олдилар.

Краковнинг “Висла” клуби ҳимоячиси Ричард Гузмич “Янбяинь Фунде” клуби билан шартнома имзолади. У Венгрия терма жамоасининг етакчи футболчиси ҳисобланади.

“Лас Пальмас” форварди Серхио Араухо ҳам Хитойга ўтишга яқин турибди. Чин клубларидан бири аргентиналик футболчи 10 млн. евро таклиф этмоқда.

“Барселона”нинг турк ярим ҳимоячиси Арда Турон, “Галатасарой”да тўп сураётган Лукас Подольски, “Интер” ярим ҳимоячиси Эвер Банега, “Реал” ҳимоячи Пепелар билан хитойликлар жиддий равишда қизиқишмоқда. Улар Чин суперлигасида яқин орада пайдо бўлишса ҳеч ажабланмаймиз.

Хитойликлар ҳатто шу даражага бориб етдиларки, “Реал” форварди Криштиану Роналду трансфери учун мадридликларга 300 млн. евро таклифи билан чиқишди. Футболчининг ўзига эса 100 миллион евро (!!!) маош тўлашга тайёрликларини билдирдилар. Буни футболчининг агенти Жорже Мендеш тасдиқлади.

“Челси” устози Хитой клубларини жаҳон футболи учун жиддий хавф дея таъкидлаб, бежизга хавотирга тушмаяпти. Чунки, 2016 йилнинг ўзида Хитой клублари футболчиларни сотиб олиш учун 1 миллиард доллардан ошиқ маблағ сарфладилар. Энди улар футболчилар билан чекланмасдан жаҳонга машҳур ҳакамларни ҳам ўз юртларига жалб этишмоқда. Айни пайтда англиялик таниқли арбитр Марк Клаттенберг Хитойда ишлаш масаласини ўрганиб чиқмоқда. Буларнинг барини Хитой футболини ривожлантириш учун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижаси сифатида эътироф этиш мумкин.

Лекин шуни таъкидлаш жоизки, юлдузлар билан бир қаторда маҳаллий футболчиларга эътибор қаратиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис келгуси мавсумдан эътиборан майдонга камида 7 нафар хитойликни тушириш, чет элликларга эса лимит қўйиш масаласи кун тартибига чиқмоқда.

Анвар Икрамов