"E-IJRO AUKSION": ҚУЛАЙ, ШАФФОФ, АДОЛАТЛИ САВДО МАЙДОНИ

 
Жорий йилнинг 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5552-сон Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, эндиликда, савдоларга чиқарилган давлат мулки объектлари – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари томонидан ўз ваколатлари доирасида аниқланган кўчмас мулк объектлари инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда - 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда сотилиши белгиланди.
Шунингдек, бошқа кўчмас мулк объектлари бўйича – қайта баҳоланмасдан, уларни ўтказиш кунидаги савдоларда шаклланган нархда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасига ўтказилади ва савдога чиқарилади. 
Инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун аукцион ўтказмасдан, инвестор билан тўғридан-тўғри музокаралар орқали инвестициявий ҳамда ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда ер участкаларини бериш ва бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини белгилаган ҳолда сотиб олиш имконияти ҳам туғилди. 
Унга кўра, тегишли давлат идоралари томонидан давлат мулки объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотиш тартибини соддалаштириш бўйича эксперимент тартиби белгиланди.
Эксперимент тартиби билан давлат мулки объектлари ва ер участкалари “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида танлов иштирокчисининг инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлари инобатга олинган ҳолда сотилади. 
“Электрон онлайн-аукцион савдоларни ташкил этиш маркази” ДУК томонидан ташкиллаштирилаётган электрон онлайн-аукцион савдоларига Республиканинг туман ва шаҳар хокимликлари томонидан 3228 та бўш ер участкалари, 810 млрд. 155 млн. 404 минг сўм инвестиция киритиш, 12199 та янги иш ўринларини яратиш шарти билан 21 млрд. 241 млн. 900 минг сўм миқдордаги мол-мулклар аукцион савдоларига чиқарилди.
 Бугунги кунга қадар "E-IJRO AUKSION" электрон онлайн-аукцион савдоларида 1252 та бўш ер участкалари 354 млрд. 528 млн. сўм инвестиция киритиш, 5436 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш шарти билан 10 млрд. 547 млн 32 минг сўмга сотилди.
Ҳозирда "E-IJRO AUKSION" электрон онлайн-аукцион савдоларида 1976 та бўш ер участкалари 19 млрд. 110 млн. сўм миқдордаги аукцион савдоларига чиқарилди.
Мисол учун, электрон онлайн-аукцион савдоларига бугунги кунда биргина, Наманган вилоятининг Давлат рақобат бошқармаси томонидан 15 та бўш турган давлат мулки объектлари бошланғич баҳоси 1 сўм миқдорида, 154 янги иш ўринларини яратиш ҳамда 4 млрд. 850 млн. сўм инвестиция киритиш шарти билан аукцион савдоларига чиқарилганлиги маълум бўлди.
Бугунги кунга қадар "E-IJRO AUKSION" электрон онлайн-аукцион савдоларида 85 та бўш турган давлат мулки объектлари 910 та янги иш ўринларини яратиш ҳамда 32 млрд. 40 млн. сўм инвестиция киритиш шарти билан 10 млрд. 473 млн. 85 сўм миқдорга сотилди.
Шундай экан, тадбиркор ва инвесторлар ўзларига маъқул бўлган ер участкаларини ҳамда бўш турган давлат мулки объектларини онлайн-аукцион савдоларида қатнашиб сотиб олиш имкониятлари мавжуд!
Сизнинг аукциондаги иштирокингиз юрт равнақи ҳамда бизнесингиз тараққиётига улкан ҳисса қўшади.
 
Соҳибжон РАПИҚОВ,
МИБ Наманган вилоят бошқармаси катта инспектори

Биз Twitterда