ДЕНИС ИСТОМИИИИН! Ҳамюртимиз AUSTRALIAN OPENда дунёнинг иккинчи ракеткасини мағлуб этди!

Article
Дунёнинг энг йирик теннис мусобақаларидан бири бўлган “Катта дубулға” сериясига кирувчи Австралия очиқ чемпионати (Australian Open) да йирик сенсация рўй берди. Турнирнинг олти карра ғолиби (2008, 2011-2013, 2015-2016), дунё теннисчилари таснифида иккинчи ўринда турувчи сербиялик Новак Жокович иккинчи турдаёқ енгилиб, мусобақани тарк этди. Энг қувонарлиси, шундай кучли теннисчини енгиб, теннис оламида шов-шув яратган спортчи ўзбекистонлик теннисчимиз, дунёнинг 117-ракеткаси Денис Истомин бўлди! Бу ҳақда турнирнинг расмий сайти хабар беради.
«Мельбурн-парк» теннис мажмуаси кортларида бўлиб ўтган баҳсда Истомин 3:2 (7:6, 5:7, 2:6, 7:6. 6:4) ҳисобида иродали ғалабага эришди.
Биринчи сетдаёқ учрашув ҳаяжонли ўтиши аниқ бўлди. бир соат 25 дақиқа давом этган биринчи сетни ўз фойдасига ҳал этган теннисчимизнинг юқори тезлиги томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди. Ана шу тезкор ҳаракат бутун ўйин давомида Денис томонидан намойиш этилди ва бу умумий ғалабага олиб келди.
Навбатдаги босқичда ҳамюртимиз испаниялик Пабло Каррено-Буста билан куч синашади.
Ўйин сўнггида интервью берган Истомин “бугун жуда ажойиб ўйнадим, Новакка раҳмим ҳам келди” деб ҳазил қилишга ҳам жазм этди. Тўла интервью видеосини қуйида томоша қилинг:


Биз Twitterда