Бухоролик меҳмонхона бизнеси ходимлари учун туркиялик мутахассислар сабоғи

ФОТО: http://uzbektourism.uz/
 
Туркия Ҳамкорлик ва Мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги «Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш республика маркази» ҳамкорликда жорий йилнинг 24-30 апрел кунлари давомида Бухоро шаҳридаги меҳмонхона ва ресторан бизнеси соҳаси ходимларининг малакаларини оширишга қаратилган ўқув тренинглари ташкил этилди. Бу ҳақда Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар қилади.
Бухоро шаҳридаги меҳмонхона бизнесида хорижий ва маҳаллий меҳмонларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишни мақсад қилиб белгиланган ушбу малака ошириш курсларида етти кун мобайнида меҳмонхона ва ресторан бизнеси соҳаси ходимлари назарий ва амалий билимларга эга бўлдилар. Ушбу лойиҳада жами 120 нафар иштирокчи – Бухоро давлат университети Туризм факультетидан ўқитувчи ва магистратура босқичи талабалари, Бухоро туризм коллежидан мураббий ва ўқувчилар, Бухородаги 20 дан зиёд меҳмонхоналар ва Навоий шаҳридаги “Зарафшон Гранд” ходимлари иштирок этдилар.
Туркия меҳмонхона бизнеси етакчи мутахассисларидан тузилган ўқитувчилар гуруҳи вакиллари, Саффет Муфит Узман – меҳмонхона менежменти ҳамда меҳмонларни қабул қилиш ва жойлаштириш хизмати, Сема Айдин – хона хизмати, Эсма Ўзкўк – ошпазлик, Решат Йилдиримкая – официант ва бармен вазифалари ҳақида тингловчиларга сабоқ бердилар.
30 апрел куни Бухоро шаҳрида ташкил этилган тантанали ёпилиш маросимида ўқув семинари иштирокчиларига мутахассислик сертификатлари тақдим этилди.

Биз Twitterда