Фарёдим

Сен туғилган кун! Ўшанда икки ёш катта опанг ёнимда пилдираб юрарди. "Ойи, укам бунча ширин! Қўллари ҳам чичина. Урее, мени укам бо-ор!" У сенинг жажжи кўлларингни ушлаб олар, суюнганидан юзларингдан ўпиб қўярди. Сен ҳам жилмайиб кулиб ётардинг. Бирам беғубор, бирам чиройли. Умид, орзу юрагимни тўлқинлантириб юборарди. Ўғил фарзандимиз бор, кексайсак суянчиғимиз, деб...
 
 
Бу орзулар ҳар бир ота-онанинг қалбида, юрагида, борлиғида яшайди. Йиллар давомида фарзандлар камоли учун курашади. Кечгача қаро терга ботиб ишлайди, йиғиб теради. Бироқ фарзанд қорин ғамигагина муҳтожмикан? Унинг маънавий олами, ирода ва кучи ўзи яшаётган замин ва Ватан тақдири учун қайғуришга қодирми? Афсуски, булар кўпинча ота-оналарнинг назаридан четда қолмоқда. Натижада гўдак йиллар ўтиб, қорин ғамини ўйлайдиган, ўша ғам илинжида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, у учун Ватан ёки халқ дарди пуч ғоялар саналиб, уни сотиб юборишга ҳам тайёр, "манқурт"га айланиши ҳеч гап эмас.
Биз мақолани бежиз "Фарёдим" деб номламадик.
... Ҳа биз сени ана шундай гўзал орзулар бағрида ўстирдик, болам! Ёдингдами, эндигина беш ёшга қадам қўйгандинг. Бозор айланиб юрсак, "Онажон, мен ҳам мактабга бораман. Анавундай чиройли кўйлак олиб беринг. Оппоқ бўлсин," дея қўлларинг билан мактаб кийимини кўрсатдинг. Мен эса юр, ҳозир эмас. Мактабга бор кейин олиб бераман, дея сени бир силтадим-да, ўтиб кетдим. Ўша оппоқ кўйлакка ҳавас қилдингу, лекин  қалбингдаги ҳавасни мақсадга айлантиришни хоҳламабман. Нарироққа бориб, бир сих кабоб олиб бериб алдадим.
... Саволларинг бирам кўп эдики, эшитишга вақт тополмасдим.
-Онажон, Сардорнинг дадаси ўғлини музейга олиб борибди. Айтишича, зўр нарсалар бор эмиш. Биз  ҳам борсак бўлмайдими?
Мен эса:
- Музейда нима бор болам? Бор, ундан кўра картошка, пиёз олиб чиқ овқат қилайлик. Ҳали-замон даданг келади.
Яна ҳавас ҳаваслигича қолаверди...
... Бир кун кўчадан ҳовлиқиб келдинг.
- Дада, дадажон, Сардорнинг дадаси кўпгина китоб олиб келди. Қаранг, менга ҳам берди улардан. Қўлингда бир-иккита китоб бор эди. Даданг ва мен ҳайрон бўлиб қолдик. Нимага энди сенга Сардорнинг дадаси китоб беради?  Ўзини боласини эпласин.
Даданг аччиқ билан кўчага чиқиб кетди. Кўп ўтмай маҳаллада шовқин чиқди. Даданг овозини баланд кўтариб гапирарди.
- Сени ўғлинг китоб ўқийверсин. Фаррух ўқигиси келса, ўзим олиб бераман. Ҳозирча ундан бошқа ишлари ҳам кўп.
Опанг ва сен дадангдан қўр-қиб, уй ичига кириб ўтиришларинг ҳамон ёдимда.  Эртасидан Сардор сен билан ўйнамай қўйди.
... Яна бир кун "Онажон, мактабда тадбир бўлар экан. «Ўзбекистон»  шеърини ёдладим. Ўқиб берайми?" дединг кўзларинг чақнаб. Шунда қўшнилар чақириб қолишди. Менга шеърингни айтиб беролмадинг. Мен ҳам сўрамадим.
Шу-шу менга опанг билан ҳеч нарса демай қўйдинглар. Индамай уй юмушларини бажаришларинг, бизларга ортиқча савол бермасликларинг, итоатгўйликларинг  жуда ёқарди. Йиллар шу тарзда ўтди, болам! Сизлар ёнимда бўлсангиз-да, мендан олис эдингиз. Бирор марта юрагингизни очиб гапирмадинглар. Унинг  туб-тубидаги гўзал орзуларни бўй ўстирмадик. Эътибор қилмадик. Устингиз бут, қорнингиз тўқ бўлса бас, дердик. Ҳа, шуни ўйладик, болам...
Бу сатрларни ўқисангиз, сизга ҳам бегона эмас, улар. Кундалик юмушда учрайди. Бола қалби нақадар нозик, гўё оппоқ қоғоз. Унда қандай чизги чизилса, бир умр ҳамроҳ бўлади. Гўдак қалбидаги эзгу орзуларга қулоқ тутилмаса, ўрни бўшлиққа айланади. Йиллар ўтиб, ўша бўшлиқ ёт ғоялар, инсон онгига сиғмайдиган қабоҳат ила тўлади.
... Болажоним, йиллар ўтиб сен катта бўлдинг. Қўлингга китоб тутишга вақтинг бўлмади. Аввал қизиққан бўлсанг, энди у ҳам йўқ. Камгап, камсуқумгинасан. Фақат опанг билангина гаплашасан. Мен ва даданг билан умуман суҳбат қурмайсан. Қўшнимиз Сардор эса сендан анча чапдаст. Қўни-қўшнилар билан салом бериб сўрашади. Сен ҳатто салом беришга ҳам ийманардинг. Бир куни даданг "Сардорга ўхшасанг  бўлмайдими?  Одамга ўхшаб  сўраш" деди. Жавоб бермадинг. Аммо кўзингдан қандайдир ўт чақнади. Қўрқиб кетдим. Кўп ўтмай қандайдир ўртоқларинг билан бирданига: "Россияга ишлагани кетяпман," дединг-да, розилигимизни ҳам олмай жўнаб кетдинг. Озгина вақтдан кейин опангни ҳам чақиртириб олдинг. У ҳатто бизга   айтмади ҳам.
Болажонларим! Йиллар ўтди. Сизлардан на бир хабар, на хат бор. Наҳотки, мен ва дадангни соғинмасангиз? Тушларимда  сизларни кўраману, ортингиздан қувлаб етолмайман. "Фаррух,  Фаррух" деб чақирганча қолавераман. Бўғзимдаги фарёдим сиз. Даданг-ни ҳам сочлари оқариб кетди, болам! Кечагинда қўшнимиз Сардор сендан хабар борми, деб кирди. У ҳозир каттагина ишда ишлайди. Ниманидир айтолмади, назаримда. Болажонларим, қанийди ёнимда бўлсангиз. Фақат сизларни кўрсам бўлди...
Она фарёди! Ҳар қандай юракни ларзага солади. Сардор  ниманидир айтишга қийналди. Қўшнисининг фарзандлари Россияда эмас, террордай бало чангалида эканлигини айтолмади. Афсус, икки гўдак қалби оппоқ эди. Опаси Фаррухнинг жажжи қўлларини эркалатган, Фаррух оппоқ кўйлак кийишни орзулаган эди. Китоб ўқишга ҳавас қилганди. Ҳатто Ватан ҳақида шеър ёд олганди. Аммо эътиборсизлик, фарзанд тарбиясидаги масъулиятсизлик икки қалбни сўқирга айлантирди. Бўшгина юраклар ёвуз қўлларга осонгина таслим бўлиб, ўзга юртларда сарсон Ватанга хиёнат йўлини тутдилар. 
Шундай экан, ҳар биримиз огоҳ бўлайлик! Жажжилар юрагидаги сўзларга қулоқ тутиб, Ватанга садоқат руҳида ўстирайлик. Диний экстремизм, террорчилик оқибатлари бот-бот тилга олиниб, барчамизни огоҳ этилиши ҳам бежиз эмас.
Шоира ТЎХТАБОЕВА.

Биз Twitterда